Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 47 / Қонун чиқарувчи эътиборига

Бу шундай энергетикаки...

Мана бир неча йилдирки, муқобил энергия манбалари тўғрисидаги қонун лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда. Бу қонунни, афтидан, янги чақириқ Парламенти қабул қилса керак. Бу ҳужжат аслида кимга ва нима учун керак? Мамлакатимиз энергия балансида на қонунга, на унга асосланган ҳолда таркиб топадиган муқобил энергетикани ривожлантиришнинг узоқ муддатли миллий концепциясига эга бўлмаган муқобил энергетиканинг салмоқлироқ улуши таъмин этилиши мумкинми?

Бугунги кунда мазкур соҳа 2016 йилга қадар муфассал тавсиф этилган Президент дастури1 бўйича ривожланмоқда. Мўлжал қилинаётган лойиҳаларнинг кўлами сармоя талаб этиши жиҳатидан анъанавий энергетикадаги капитал қурилишлар билан бўйлашиб қолади ва стратегик назарни камида 15–20 йилдан кейинги истиқболга қаратади. Мухтасар қилиб айтганда, нимадир режа асосида бориши учун аслида шу режанинг ўзи керак.

 

Ёқилғи ва энергиянинг муқобил турлари корхоналари уюшмаси 2013 йилда миллий концепциянинг вариантини, янада аниқроқ қилиб айтганда тимсолини ишлаб чиқди. Унда ҳозирнинг ўзидаёқ қуёш энергетикасига инвестиция киритилаётган ўттиздан ортиқ хўжалик юритувчи субъект қамраб олинган. Тўғри улар, дастурга бор инвестицияни киритганимдан сўнг ҳаракатнинг йўналиши ўзгариб қолмасмикан қабилидаги ўзларини қизиқтираётган барча саволларга ойдинлик киритилишини хоҳлайдилар.

Нима сабабдан тимсол деб юритилаётгани боиси шуки, бу вариант Иқтисодиёт вазирлигининг иштирокисиз, таъбир жоиз бўлса, рақамли кўрсаткичларисиз дунё юзини кўрди. Ана шу «тармоқ манифести»ни олиб унга кўриб чиқилаётган даврдаги иқтисодиёт ўсиши бўйича имкон қадар кўпроқ ҳисоб-китобларни қўшамиз. Шу зайилда муқобил энергетика бўйича узоқ муддатли ягона миллий дастур ва бир қанча кичик тармоқ дастурлари ҳосил бўлади. Концепция ва дастурларга мувофиқ қонун ҳужжати устидаги ишларни давом эттириб, уни маромига етказишга ҳаракат қиламиз. Кейинроқ эса муқобил энергия манбалари тўғрисидаги қонунни қабул қилишга, муқобил ва қайта тикланадиган манбалардан кенг фойдаланиш ва уларни ривожлантиришга йўл бермаётган «Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида»ги (1997 йил) ҳамда «Электр энергетикаси тўғрисида»ги (2009 йил) қонунлар нормаларига ўзгартишлар киритишга навбат келади. Қонуности норматив база шакллантирилади. Муқобил энергия манбаларини ривожлантириш ва улардан фойдаланишни давлат йўли билан қўллаб-қувватлаш бўйича махсус жамғарма ҳамда энергетиканинг мазкур секторига инвестициялар киритишни аниқ мақсадга йўналтирилган ҳолда рағбатлантириш бўйича давлат тизими барпо этилади. Ҳозирча ҳамма иш концепцияга қараб қолди, концепция эса йўқ.

 

БОЗОР ВА «ЎЗБЕКЭНЕРГО»НИНГ УНДАГИ ЎРНИ

Концепциянинг тимсоли бир неча муҳим жиҳатларга асосланади. Биринчиси – бу Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида муқобил энергетикани мувофиқлаштириб бориш ва ривожлантириш учун масъул махсус ваколатли орган тузишдир. Шуниси ҳам борки, ҳозирги вақтга қадар анъанавий энергетиканинг байроқдори – «Ўзбекэнерго» давлатимиз раҳбарининг фармонларига биноан соҳа идораси тизгинини қўлда тутиб келди ва ҳозир ҳам қўлда тутиб турибди.

Уюшма аъзоларининг фикрига қараладиган бўлса, хусусий капиталга бу йўсин иш тутиш маъқул келмайди. Негаки, «Ўзбекэнерго» ДАК монополиячи, қолаверса бизнесга рақобатчидир. Унинг анъанавий усулда ҳосил этиладиган қувватлари эса, энергетикадаги муқобил йўналишлар билан рақобатлашиши турган гап.

Умуман олганда, бу мавзу доирасида хаёлларга истаганча эрк бериш мумкин. Муқобил энергетика кўриниб турган турфа хил сабабларга кўра, анъанавий энергетикани осонгина, бемалол тўлдириб боради. Лекин шуниси ҳам аёнки, анъанавий манбаларга бағоят катта сармоя тикилган, демак бу борада муайян қаршиликлар бўлиши табиийлигини назардан қочирмаслик керак.

Россиянинг «Газпромнефть»дек нуфузли компанияси раҳбарининг нутқидан олинган иқтибос2 бевосита бўлмаса ҳам, ҳар қалай бу позицияни тасдиқлайди: «Муқобил энергетика борасидаги ғазабнок гап-сўзлар энергетика тармоғининг умумий самарадорлигига зарар келтиради». Шундан кейин, айтилишича, қуёш технологияларига бўлган жадал амалий қизиқиш бирмунча илғор йўналишдаги, фойдаланишга тайёр технологияларнинг бозорга чиқиб боришига халақит беради. Бу ўринда илғор йўналишдаги технологиялар деганда, фақат анъанавий технологиялар назарда тутилмоқда, холос. Юқорида айтилганлардан манфаатларнинг тармоқ ичидаги низо-можароси яққол кўзга ташланиб, аввал-бошданоқ ўртадаги муносабатларга номатлуб ёндашуви шундоққина сезилиб турибди.

Нима сабабдан бошқарувчилик Вазирлар Маҳкамаси теграсидан чиқиши ҳам тушунарлидир. Бу давлат органи электр энергетикасини ривожлантириш дастурини ишлаб чиқишга мутасаддидир3. Унинг ортида «Ўздавэнергоназорат»нинг шакли-шамойили қалқиб кўринаётир. Мазкур идорани ҳозирча эгасизлик рутбасидаги муқобил энергетика талаб-эҳтиёжларига мослаштиришни эса Уюшма мақсадга мувофиқ деб ҳисобламайди, зотан бу идоранинг олдида турган вазифалар бутунлай бошқа, унда ҳал этилмаган муаммолар ҳам етарлидир.

Концепциянинг яна бир муҳим жиҳати нима эканлигини энди англаш қийин эмас, зотан кейинги йилларда ҳар хил муносабатлар билан бу ҳақда кўп гапирилган. Муқобил энергетика ривожланиш йўлида озми-кўпми имкониятга эга бўлиши учун энг аввало, электр энергияси бозорини барпо этиш ва ривожлантириш зарур. Бу бозор монополиялардан бутунлай холи бўлиши, муқобил энергетика операторлари магистрал электр тармоқларига уланишда устуворликка эришишлари, ана шу ишларни амалга оширишда эса чиқимни кам қилишлари жоиз.

Ҳозирги вақтда магистрал ва тақсимлов электр тармоқлари «Ўзбекэнерго» ДАК ихтиёрида. Бу соҳа табиий монополияга айланиб қолган, негаки моҳият эътибори билан унда рақобат муҳитини вужудга келтириш қийин.

Муқобил энергетика бу жабҳага кириб келиши билан, бир тарафдан, рақобатлашув учун технологик асос юзага келади. Бошқа тарафдан олганда, бозор қоидалари билан монанд бўлмаган жиҳатлар бор. Анъа­навий манбалар асосида ҳосил этиладиган электр энергияси баҳоси бунга мисолдир. Унда ёқилғига, энергия ҳосил қилувчи жорий қувватлардан фойдаланиш ва уларга хизмат кўрсатишга кетган харажатлар ҳисобга олинади, холос. Аммо қувватларни модернизация қилишга ва янги қувватларни ишга туширишга кетган харажатлар инобатга олинмайди. Муқобил энергетика бу йўсин ёндашувга тоб бера олмайди.

Умуман олганда, анъанавий энергетика йўли билан ҳосил этиладиган энергиянинг қиймати ва капитал киритмаларнинг улуш борасидаги кўрсаткичлари нисбати билан муқобил энергия манбалари ҳисобидан ҳосил этилган энергиянинг шундай кўрсаткичлари муқобил энергетикани ривожлантириш йўлида асосий ғов-тўсиқлардан бири бўлиб турибди. Аввал-бошданоқ юзага келган оғишни тўғрилаб олиш учун ташкил топишига сабаб бўлган воситани, яъни кўп босқичли давлат кўмагини, қўллаб-қувватлашини вақтида ишга солмоқ даркор.

Айни шу ўринда иккинчи жиҳатдан унинг учинчи жиҳати келиб чиқади. Соҳани ривожлантириш учун ноанъанавий манбаларга инвестициялар киритишни давлат даражасида, бинобарин анъанавий энергетикани рағбатлантиришга монанд бўлган кўламда комплекс рағбатлантириш талаб этилади. Бу иш тегишли объектларни жойлаштириш учун ҳудудлар ажратишдан бошланиши ва қулай ҳамда мақбул солиқ ва конвертация режимлари белгиланиши билан тугалланиши лозим. Бундай режимлар, гапнинг рости, инвестор учун солиқлар бўйича бериладиган имтиёзлардан ҳам муҳимроқдир.

Бундай ҳомийликнинг қанча давом этиши унга бўлган реал заруратга эҳтиёж қолмагунга қадар давом этади. Бошқача қилиб айтганда, имтиёзларнинг бўлмаслиги бизнесни бу соҳада фаолият олиб боришдан маҳрум этиб қўймайдиган пайтларгача давом этади. Бундай қараганда булар жўн гапга ўхшаса-да, бор аҳвол аслида шу.

 

ОРЗИҚИБ КУТИЛАЁТГАН ҚОНУН

Муқобил энергия манбалари тўғрисидаги кутилаётган қонуннинг лойиҳаси ҳозирги чақириқ Қонунчилик палатаси муҳокамасида бўлиб, ишлаб маромига етказиш учун Вазирлар Маҳкамасига юборилди. Ҳозирча фақат бир нарсани айтиш мумкин: қонун у билан тартибга солинадиган соҳанинг умумий принципларини белгиловчи, ҳадли бўлади. Шунингдек бугунги кунда лойиҳада рағбатлантирувчи нормалар мужассам топганлиги ҳам маълум. Бу нормаларга кўра:

жисмоний ва юридик шахслардан, улар энергияни ўз эҳтиёжлари ва фойдаланишлари учун ишлаб чиқарган тақдирда, алоҳида рухсатнома талаб этилмайди, бунда биргина шарти ана шу энергия қурилмаси ягона энергетика тармоқларига уланмаса бас;

энергия таъминоти ташкилотларига муқобил энергия манбалари асосида ҳосил этилган энергияни сотишдан бош тортиш тақиқланади;

тармоқ учун ускуналар ишлаб чиқарувчилар бир қанча солиқлардан (мол-мулк солиғидан ўз технология ва синов ускуналари қиймати қисми бўйича, фойда солиғи ва ер солиғидан), шунингдек божхона божи ва бошқа баъзи мажбурий тўловлардан нақ 15 йилга озод этилади;

энергиядан фойдаланувчилар (юридик шахслар) ҳам мол-мулк солиғидан тегишли ускуна қиймати қисми бўйича 15 йилга озод этилади, зарарли моддаларни чиқариб ташлаганлик учун эса тўловнинг ярмисини тўлайди;

банклар ва суғурталовчилар ишлаб чиқарувчиларни имтиёзли кредитлашдан ва технологик ҳамда синов ускуналарини имтиёзли суғурталашдан бебаҳра қолмайдилар;

энергиядан фойдаланувчи жисмоний шахслар ҳам даромад солиғи тўлашдан озод этиладилар ҳисоб, бинобарин, бу сумма муқобил энергия манбалари ускуналарини (қурилмаларини) харид этиш учун кредитларни қайтаришга йўналтирилади.

Бу нормалар қонун қабул қилинадиган пайтга қадар сақланиб қолиш-қолмаслигини вақт кўрсатади.

 

УЛАРГА УМУМАН НИМА КЕРАК?

Ўзбекистонда муқобил энергетика турли йўналишларининг бошланғич имкониятлари ва талаб-эҳтиёжлари қандай? Концепция тимсолида бугунги мавжуд кўринишда аниқ йўналишлар бўйича баъзи таклифлар билдирилган.

Фаолият соҳаси

 

Ихтиёримизда нималар бор

 

Нималар керак бўлади

 

1. Қуёш электр станциялари учун фотоэлектрик модуллар ишлаб чиқариш

 

Хом ашё ресурсларининг қудратли қайта тикланадиган базаси; техник кремний ишлаб чиқариш учун завод ишлаб турибди, у эртагаёқ поликристалл ва монокристалл кремнийни муаммосиз тайёрлаб беришга шай

 

Инвестициялар, технологиялар

 

2. Қуёш иситиб берадиган сув таъминоти тизимларини ишлаб чиқариш

 

Қуёш иситиб берадиган сув таъминоти тизимининг таянч компоненти – шиша қувурлар тайёрлаш учун хом ашё базаси етарли. Бу йўналиш экспериментал объектлар барпо этиш даражасида ривожланган, аммо ҳозирча кенг оммалашмаган

 

Мазкур технологияни жорий этиш тартиб-таомилларини соддалаштириш ҳамда операторларга ҳеч бўлмаганда ер солиғи ва фойда солиғи бўйича имтиёзлар бериш зарур

 

3. Биогаз асосида электр энергияси ва иссиқлик энергияси ҳосил қилиш

 

Хом ашё базаси (чорвачилик чиқиндилари, оқава коммунал сувлар, галофит ўсимликлар) етарли

 

Инвестициялар жалб этиш учун қулай ва мақбул шароитлар яратиб бериш зарур

 

4. Шамол энергетикаси қурилмаларини ишлаб чиқариш

 

Соҳанинг ялпи ва техник салоҳияти унча зўр эмас, географияси эса чеклангандир

 

Ишлаб чиқариш соҳасига хусусий ва хорижий инвестицияларни жалб этиш, шунингдек истеъмолчилар учун преференциялар белгилаш

 

5. Кичик гидроэлектр станциялар барпо этиш

 

Кичик электростанцияларга талаб бор. Шу билан бирга идоравий бўйсунувдаги станцияларнинг анчагина миқдори, тўхтаб ётибди, хусусий бизнеснинг уларни ишлатиш имконияти йўқ

 

Кичик ГЭСлар базасида энергия ҳосил қилувчиларни ҳам, бундай энергия истеъмолчиларини ҳам давлат йўли билан қўллаб-қувватлаш. Ишлатилмаётган объектларни ишга солиш

 

6. Ёруғлик ва нур таратувчи диодлар ишлаб чиқариш

 

Истиқболда бу устувор йўналиш бўлиб қолади. Хом ашё базаси умуман олганда етарли, аммо уни ишга сола билиш талаб этилади. Маҳаллий мутахассисларнинг илмий-техник салоҳияти жуда юқори

 

Бу йўналишни давлат кафолати остида ривожлантириш мақсадга мувофиқдир

 

7. 20 йил ва ундан ҳам узоқ муддат ишлайдиган тез қайта зарядкаланадиган хизмат кўрсатилмайдиган батареяларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш

 

Жиззах аккумулятор заводи қишлоқ хўжалиги техникаси учун кислотали аккумуляторлар ишлаб чиқаришга ихтисослашиб бораётган бўлиб, бундай аккумуляторлар ВИЭ-қурилмаларда фойдаланишга ярамайди

 

1. Хусусий инвесторларни, шу жумладан чет эл инвесторларини жалб этиш. Жиззах аккумулятор заводида тайёрланаётган маҳсулотлар турини кенгайтириш.

2. Ишқорли ва кислотали аккумулятор батареялари асосида қуёш электро­станциялари учун гелийли аккумулятор батареяларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш

 

8. Муқобил энергия манбалари учун контроллерлар, инверторлар ва ахборот-ўлчов тизимлари ишлаб чиқаришни ривожлантириш

 

Ўзбекистонда бу йўналишда бир қанча илмий-тадқиқот институтлари ва корхоналар ишлаб турибди, энг муҳим бутловчи нарсаларнинг бир қисми чет элдан олиб келинмоқда

 

Бу ташкилотларнинг валютадан эркин фойдаланишини осонлаштириш. Мазкур тоифадаги импорт бўйича божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш

 

 

1Мамлакат Президентининг «2011–2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида»ги Қарори (15.12.2010 йилдаги ПҚ-1442-сон).

2Россия Федерациясининг «Газпромнефть» компанияси раҳбари Александр Дюков нутқидан парча. Манба – РИА Новости.

3«Электр энергетикаси тўғрисида»ги Қонуннинг (30.09.2009 йилдаги ЎРҚ-225-сон) 6-моддаси.

 

Давоми бор.

 

Юлия ЯШИНА.

Прочитано: 3174 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика