Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 38 / Мавзуга қайтиб

Бозор баҳслари давом этмоқда

Бизнинг савдо дўконларимиз «Олой деҳқон бозори» ОАЖ ҳудудига чегарадош бўлган кўчада жойлашган. Дўконларимиз учун белгиланган тартибда ер ва мол-мулк солиқларини тўлаб келамиз.

Дўконларимизнинг қонуний манзили «Олой бозор берк кўчаси» (собиқ Каблукова кўчаси) ҳисобланади. Бизга туташ бўлган «Олой деҳқон бозори» ОАЖ эса А.Темур кўчаси, 40-уй манзилида жойлашган.

Манзилларимиз бошқа-бошқа бўлишига, яъни дўконларимиз «Олой деҳқон бозори» ОАЖ ҳудудида жойлашмаганлигига қарамай, ҳозирги кунда мазкур ОАЖ маъмурияти биздан мажбурий тартибда шартнома тузиб, бозор инфратузилмасидан фойдаланганлик учун ижара тўловини тўлашимизни талаб қилмоқда. Бунда агар биз шартномани тузишни рад этсак ҳам бозор маъмурияти уни суд орқали ундириб олишини қайд этмоқда.

Бозор билан дўконимиз манзили бошқа-бошқа бўлишига қарамай, бозор инфратузилмасидан фойдаланганлик учун ижара тўлови мажбурий тартибда ундирилиши мумкинми?

Ушбу хатимизга ҳокимият қарорлари ва кадастр ҳужжатлари илова қилинмоқда.


Тошкент шаҳар «Олой бозор берк кўчаси»да

фаолият кўрсатаётган бир гуруҳ тадбиркорлар.

 

– Сиз хатингизда илова қилган ҳужжатлар қуйидагиларни тасдиқлайди:

1. Тошкент шаҳар ҳокимининг 2005 йил 28 апрелдаги 214-сонли қарорига мувофиқ эски Каблукова кўчасининг номи «Олой бозори берк кўчаси» деб ўзгартирилган. Шунга асосан Тошкент шаҳар Юнусобод тумани ҳокимининг қарори билан эски Каблукова кўчасидаги тадбиркорларга тегишли савдо объектларининг манзили кадастр ҳужжатларида «Олой бозори берк кўчаси» деб белгиланган.

2. «Олой деҳқон бозори» ОАЖ А.Темур кўчаси, 40-уйда жойлашган.

3. «Олой бозори берк кўчаси»да жойлашган савдо объектларининг ва «Олой деҳқон бозори» ОАЖнинг географик жойлашуви ва ҳужжатларида қайд этилган манзиллар ҳар хил бўлиши сабабли кадастр хизматининг гувоҳномаларида муайян юридик ёки жисмоний шахсларга тегишлилиги бўлган мулк «Олой деҳқон бозори» ҳудудида ёки «Олой бозори берк кўчаси»да жойлашганлиги тасдиқланган бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 20-моддасида ер участкалари юридик ва жисмоний шахсларга доимий ва муддатли (вақтинча) эгалик қилишга ҳамда улардан доимий ва муддатли (вақтинча) фойдаланишга берилиши мумкинлиги белгиланган.

Шунингдек, ушбу Кодекснинг 22-моддасига кўра корхона, бино, иншоот ёки бошқа кўчмас мол-мулкка нисбатан мулк ҳуқуқи, хўжалик юритиш ҳуқуқи ёки уларни оператив бошқариш ҳуқуқи бошқа шахсга ўтган тақдирда, ана шу объектлар билан биргаликда мазкур объектлар жойлашган ҳамда улардан фойдаланиш учун зарур бўлган ер участкасига эгалик қилиш ва ундан доимий фойдаланиш ҳуқуқи ҳам ушбу шахсга ўтади.

«Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида»ги Қонуннинг 7-моддасига биноан хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор ўз мулкидан фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина маҳрум этилиши мумкин. Ўз навбатида, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқлари давлат рўйхатига олиниб, тегишли гувоҳнома берилади.

Айнан шу асосларга кўра «Олой бозори берк кўчаси»да жойлашган савдо дўконларига алоҳида ердан фойдаланиш ва мулкка эгалик ҳуқуқларини тасдиқловчи гувоҳномалар берилган. Бу эса ушбу дўконлар эгалари эгаллаган ҳудуд бозорга эмас, уларнинг ўзларига тегишли эканлигини билдиради.

Ушбу далиллардан келиб чиқадики, «Олой бозори берк кўчаси» манзилидаги савдо объектлари А.Темур кўчаси, 40-уй манзилидаги «Олой деҳқон бозори» ОАЖнинг ҳудудида жойлашган деб ҳисобланмайди. Шу сабабли Бозорлар, савдо комплекслари ва уларнинг филиалларида бир марталик йиғимлар, ижара тўловлари ҳамда кўрсатилган хизматлар учун тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини ташкил этиш ва назорат қилиш тартиби тўғрисида низом (АВ томонидан 27.01.2011 йилда 2185-сон билан рўйхатдан ўтказилган, кейинги ўринларда – 2185-сон Низом) талаблари «Олой бозори берк кўчаси»да жойлашган савдо объектларига татбиқ этилмайди, чунки 2185-сон Низомнинг 1-бандида белгиланишича «ушбу Низом бозорлар, савдо комплекслари ва уларнинг филиаллари ҳамда уларнинг ҳудудида савдо фаолиятини амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахсларга татбиқ этилади» ва ушбу савдо объектлари бўйича бозор инфратузилмасидан фойдаланганлик учун ижара тўловини тўлаш талаб қилинишига асос мавжуд эмас.

Маълумот сифатида айтиш жоизки, солиқ маслаҳатчилари ташкилоти амалиётида, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди томонидан юқоридаги асосларга кўра бозор маъмуриятининг «бозор инфратузилмасидан фойдаланганлик учун ижара тўлови» талаби қўйилган даъво аризаси рад этилган ҳолат ҳам мавжуд (бу ҳақда «СБХ»нинг кейинги сонларида батафсил сўз юритилиши режалаштирилган).

 

«Чорсу деҳқон бозори» ОАЖ маъмурияти бизга мажбурий тартибда шартнома тузиб, бозор инфратузилмасидан фойдаланганлик учун ижара тўлови тўлашимизни талаб қилмоқда. Бунда биз имзолашимиз талаб этилаётган шартномада биз АВ томонидан 08.01.2014 йилда 2551-сон билан рўйхатдан ўтказилган Қарорда ўрнатилган Минимал миқдорлар бўйича бозор инфратузилмасидан фойдаланганлик учун ижара тўлови тўлашимиз белгиланган.

Бозор маъмурияти, агар биз шартномани имзоламасак ҳам суд орқали бозор инфратузилмасидан фойдаланганлик учун ижара тўлови ундирилади деб қайд этмоқда.

Ҳеч қандай хўжалик шартномасисиз, ҳеч қандай хизмат ҳам кўрсатмасдан бозор маъмурияти биздан бундай тўловни талаб қилиши қонунийми?

«Чорсу деҳқон бозори» ҳудудида
фаолият кўрсатаётган бир гуруҳ тадбиркорлар.
 

 

– Маълумки, Президентнинг 26.04.2010 йилдаги «Деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-1326-сон Қарорида (кейинги ўринлардаПҚ-1326-сон қарор) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳудудий молия ва солиқ органлари билан келишган ҳолда бозорлар ва савдо комплексларининг маъмурияти томонидан ундириб олинадиган бир марталик йиғимлар, ижара тўлови ва кўрсатиладиган хизматлар қиймати миқдорларини Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси томонидан ҳар йили белгиланадиган минимал миқдорлардан паст бўлмаган миқдорда тасдиқлаши белгиланган.

Шундан келиб чиқиб, ушбу минимал миқдорларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини ташкил этиш ва назорат қилишни тартибга солувчи 2185-сон Низом тасдиқланган.

Президентнинг ПҚ-1326-сон қарори ҳамда 2185-сон Низом меъёрларини бажара бориб, сўнгги 3 йил (2012–2014 йиллар) давомида Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси томонидан бозорлар, савдо комплекслари ва уларнинг филиалларида бир марталик йиғимлар, ижара тўловлари ҳамда кўрсатилган хизматлар учун тўловларнинг минимал миқдорлари (кейинги ўринларда – Минимал миқдорлар) белгилаб келинмоқда. Хусусан, 2012 йил учун Минимал миқдорлар ушбу давлат органларининг Адлия вазирлигида 6.03.2012 йилда 2336-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори (кейинги ўринларда – 2336-сон қарор,) 2013 йил учун Адлия вазирлигида 16.01.2013 йилда 2412-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори (кейинги ўринларда – 2412-сон қарор), 2014 йил учун эса Адлия вазирлигида 30.12.2013 йилда 2551-сон билан рўйхатда ўтказилган қарори (кейинги ўринларда – 2551-сон қарор) билан тасдиқланган.

2336-сон, 2412-сон ва 2551-сон қарорлар билан тасдиқланган Минимал миқдорлар жадвали учта бўлимга ажратилган:

I бўлим – бир марталик йиғимларнинг минимал миқдорлари (мева, сабзавот, полиз, гўшт маҳсулотлари, қурилиш материаллари, автомашиналардан ва ҳ.к. сотиш учун савдо ўрни тақдим этганлик учун);

II бўлим – инвентарларни (тош-тарозилар, савдо жиҳозлари, аравачалар ва ҳ.к.) ижарага бериш ва кўрсатиладиган хизматлар (маҳсулотларни сақлаш, меҳмонхона хизматидан фойдаланиш, радиоузел орқали эълон бериш ва ҳ.к.) учун ундириладиган тўловларнинг минимал миқдорлари;

III бўлим – бозорлар ва савдо комплекслари ҳудудидаги бино, иншоот ва бошқа мол-мулкдан ҳамда бозор инфратузилмасидан фойдаланганлик учун ижара тўловларининг минимал миқдорлари.

Бунда III бўлим 2 та бандга ажратилган:

1-банд – бозорлар ва савдо комплекслари балансидаги бино ва иншоотлардан фойдаланганлик учун ижара тўлови;

2-банд – бозорлар ва савдо комплекслари ҳудудидаги бино, иншоот ва қурилмалар мулкдорларидан бозорлар ва савдо комплекслари инфратузилмасидан фойдаланганлик учун ундириладиган ижара тўлови.

Таъкидлаш керакки, Минимал миқдорларнинг I, II-бўлимлари ва III-бўлимнинг 1-банди билан белгиланган минимал миқдорлар ва тўловлар ҳеч қандай баҳс-мунозара келтириб чиқармайди, чунки бу ерда хўжалик юритувчи субъект ва юридик шахс сифатидаги бозор ёки савдо комплексига тегишли, унинг балансида қайд этилган, унинг мулки бўлган объектлардан фойдаланганлик учун ижара ҳақининг ва кўрсатилган хизматларнинг энг кам миқдорлари белгиланган.

Минимал миқдорларнинг III бўлими 2-банди билан белгиланган «бозор инфратузилмасидан фойдаланганлик учун ижара тўлови» эса Минимал миқдорлар тасдиқланган идоравий меъёрий ҳужжатнинг ўзи билан жорий этилган ва амалиётда кўплаб низоларни келтириб чиқараётган «янгилик»дир.

Олдинги материалимизда (СБХ»нинг 2014 йил 25 февралдаги 9-сонида) «бозор инфратузилмасидан фойдаланганлик учун ижара тўлови» Ўзбекистон Республикасининг «Ижара тўғрисида»ги Қонуни талабларига мувофиқ келмаслиги ҳақида фикр юритган эдик.

Таъкидлаш лозимки, 2185-сон Низомнинг 10-бандида ҳам ижара тўловлари ундирилиши маъмурият ва ижарачи ўртасида қонун ҳужжатларига мувофиқ тузиладиган ижара шартномасига асосан амалга оширилиши аниқ белгиланган. Шунингдек, 2185-сон Низомнинг 15-бандида маъмурият шартнома асосида қўшимча хизматлар кўрсатиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган. Шундан келиб чиқиб, Минимал миқдорлар фақат бозорлар ёки савдо комплекслари билан шартнома тузилган тақдирда ундирилиши кўзда тутилган. Ижара шартномаси тузилмаган тақдирда тўловнинг талаб қилиниши ноқонуний ҳаракатдир.

Бундан ташқари, бозор инфратузилмасидан фойдаланганлик учун ижара тўлови Президентнинг ПҚ-1326-сон Қарорида ҳам, 2185-сон Низомда ҳам ижара шартномаси асосида ундирилиши лозим бўлган тўлов сифатида келтирилмаган.

Идоравий-меъёрий ҳужжат билан янги тўлов – «бозор инфратузилмасидан фойдаланганлик учун ижара тўлови» жорий этилиши сабаблари юзасидан эса тахмин ва фаразлар қилиш мумкин холос.

Хусусан, бозорлар ва савдо комплекслари савдо-сотиқ фаол олиб бориладиган, катта ҳажмда товар-пул, айниқса нақд пул оборотлари амалга ошириладиган қулай жой ҳисобланиши боис, улар ҳудудида жойлашган тадбиркорлик субъектлари бошқаларга қараганда кўпроқ даромад оладилар ва ўзларининг қулай жойлашганликлари, яъни, бозор ёки савдо комплекси тадбиркорлик фаолияти учун қулай инфратузилма бўлганлиги учун ушбу юқори даражадаги даромадларнинг бир қисмини «бозор инфратузилмасидан фойдаланганлик учун ижара тўлови» шаклида тўлашлари керак деган фикр асосида бундай тўлов жорий этилган деб тахмин қилиш мумкин.

Шу ўринда «бозор инфратузилмаси» тушунчасига аниқлик киритишни лозим топдик. Фикримизча, бозорнинг ўзи шаҳар инфратузилмаси объекти бўлганлиги сабабли ундаги қулай шарт-шароит, объектлар, коммуникациялар, таъминот тизимини алоҳида яхлит олди-сотди ва ижара объекти бўла оладиган бозор инфратузилмаси объекти сифатида таърифлаш мумкин эмас. Бунинг тасдиғи сифатида таъкидлаш мумкинки, бозорлар ҳудудида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари коммунал хизматлар (иссиқлик энергияси, сув таъминоти, электр энергияси таъминоти, телефон хизмати ва бошқа инфратузилма соҳаси хизмати) сифатида баҳоланиши мумкин бўлган хизматлар учун уларни тақдим этаётган тегишли ташкилотларга шартнома асосида белгиланган тўловларни тўлаб келадилар.

Президентнинг 26.04.2010 йилдаги ПҚ-1326-сон Қарори муқаддимасида ушбу қарор қабул қилинишидан мақсадлар кўрсатилган бўлиб, хусусан, бозорлар ва савдо комплексларида пул оқимлари тўлиқроқ ҳисобга олинишини таъминлаш мақсади ҳам кўзда тутилган. Шубҳасиз, ПҚ-1326-сон Қарорга биноан Минимал миқдорларнинг жорий этилиши ушбу мақсадга эришишга замин яратади, яъни айрим бозор маъмурияти ходимлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар ва ижарага бериладиган мол-мулк учун тўловларни паст даражада белгилаб, қўшимча норасмий тўловларни ўрнатиш каби қонунбузилиш ҳолатлари содир этилишининг олдини олишга қаратилган. Минимал миқдорларнинг бозорлар худудида сотиладиган маҳсулотлар, ижарага бериладиган мол-мулк, кўрсатиладиган хизматлар турлари батафсил кўрсатилган ҳолда белгиланиши (масалан, 2551-қарор билан тасдиқланган Минимал миқдорлар 85 та банддан иборат) ушбу мақсадга эришишга хизмат қилади. Минимал миқдорларнинг охирги банди – «бозор инфратузилмасидан фойдаланганлик учун ижара тўлови»ни бу мақсадга хизмат қилади дейиш қийин.

Минимал миқдорлар III бўлимининг «бозор инфратузилмасидан фойдаланганлик учун ижара тўлови»ни белгиловчи 2-банди фаолият турлари бўйича 2012 йил учун 11 та, 2013 йил учун 10 та кичик бандга бўлинган эди. Бунда тўлов миқдори Тошкент шаҳрида 1 кв. метр учун 2012 йилда 1200 сўмдан (ер ва мулк мулк ҳуқуқи асосида ўзига тегишли бўлганда маиший хизмат кўрсатиш фаолияти бўйича) 9 000 сўмгача (мулк мулк ҳуқуқи асосида ўзига тегишли бўлганда ноозиқ-овқат маҳсулотлари сотиш фаолияти бўйича); 2013 йилда эса тегишинча 1 300 сўмдан 9 650 сўмгача қилиб белгиланган эди. Жорий йилда эса Минимал миқдорлар III бўлимининг 2-банди барча фаолият турларини бирлаштириб, биргина қатордан иборат бўлди, яъни Тошкент шаҳри учун 4 800 сўм, вилоятлар марказлари ва вилоятга бўйсунувчи шаҳарларда 4 000 сўм, туманларда 2 800 сўм. «Бозор инфратузилмасидан фойдаланганлик учун ижара тўлови» миқдори 2014 йилда 2013 йилга нисбатан айрим фаолият турлари учун 2 баравардан кўпроққа пасайтирилган (озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари сотиш, умумий овқатланиш бўйича 9 650 сўмдан 4 800 сўмгача) бўлса, бошқа фаолият турлари бўйича 3,7 баравар оширилган (масалан, маиший хизмат кўрсатиш бўйича ер ва мулк мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлганда 1 300 сўмдан 4 800 сўмгача).

Фикримизча, «бозор инфратузилмасидан фойдаланганлик учун ижара тўлови» минимал миқдорларининг бир йил давомида бундай тарзда фаолият турлари бўйича ҳар хил томонга «сакраши» ҳам ушбу тўловнинг иқтисодий жиҳатдан мантиққа эга эмаслигидан далолат беради.

Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, фикримизча, «бозор инфратузилмасидан фойдаланганлик учун ижара тўлови» мамлакатимизнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаганлиги сабабли бозорлар ва савдо комплекслари ҳудудида фаолият олиб борувчи хўжалик субъектлари учун мажбурий тўлов бўлиб ҳисобланмайди.

 

 

Мурод МУҲАММАДЖОНОВ, "Soliq Kalkulyatori" солиқ маслаҳатчилари ташкилоти эксперти.

Прочитано: 4023 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика