Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 38 / Солиқ тўловчининг ён дафтарига

Жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиқлари

КИМЛАР ТЎЛАЙДИ?

Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни фуқаролар, шу жумладан чет эл фуқаролари, шунингдек эгалигида турар жойлар, квартиралар, дала ҳовли, гаражлар ва бошқа қурилмалар, бинолар, иншоотлар бўлган деҳқон хўжаликлари тўлайдилар. Агар муайян сабабларга кўра кўчмас мулк мулкдорининг жойлашган ерини аниқлаш имкони бўлмаса, бу мол-мулк қайси шахснинг фойдаланишида бўлса, ўша шахс солиқ тўлайди (Солиқ кодексининг 272-моддаси, бундан кейин – СК).

Ер солиғини мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш ҳуқуқи, фойдаланиш (доимий ва вақтинчалик) ҳуқуқи ёки ижара ҳуқуқи асосида ер участкаларига эга фуқаролар ва деҳқон хўжаликлари тўлайдилар (СКнинг 287-моддаси).

Сиз ер солиғи тўловчисига айланадиган баъзи бир вазиятларни кўриб чиқамиз. Хуллас, сиз қуйидаги ҳолларда ер солиғини тўлайсиз:

турар жой, дала ҳовли, гаражни (бу дўкон, кафе, автоустахона ва бошқа қурилмалар бўлиши ҳам мумкин) ва тегишинча ушбу қурилмалар жойлашган ер участкасини сотиб олган, мерос бўйича ёки совға сифатида олган бўлсангиз;

жамоа бўлиб сабзавот ва мевалар етиштириш учун боғдорчилик-узумчилик ширкати аъзосига айлансангиз ва муайян майдондаги ер участкасини эгалик қилишга олсангиз;

фойдаланишга ёки ижарага берилган ер участкасидан тадбиркор сифатида фойдалансангиз;

оилангиз қишлоқ жойда яшаса ва хўжалик юритиш учун томорқа ер участкасини эгалик қилишга олган бўлса;

якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкасини харид қилган бўлсангиз.

Шуни қайд этиб ўтиш лозимки, солиқ тўловчиларнинг охирги икки тоифаси ер участкаси олингандан кейинги ойдан бошлаб 2 йил мобайнида ер солиғини тўламасликлари мумкин (СКнинг 290-моддаси).

Шу ўринда кўп квартирали уйлар эгаллаган ер участкалари солиқ солиш объекти бўлмаслиги, бундан тадбиркорлик фаолияти юритиш учун фойдаланишга ёки ижарага берилган ер участкалари мустаснолигини эслатиб ўтмоқчимиз (СКнинг 288-моддаси).

 

СОЛИҚ ИМТИЁЗЛАРИ ВА УЛАРНИ ҚЎЛЛАШ ХУСУСИЯТЛАРИ ҲАҚИДА

2014 йил 1 апрелдан бошлаб Солиқ кодексига имтиёзлиларга тааллуқли баъзи ўзгартиришлар киритилди. Энди, 10 нафар ва ундан ортиқ болалари бор аёллар, шунингдек I ва II гуруҳ ногиронлари ўзларининг кўчмас мулклари учун 60 кв.м майдон ўлчами доирасида солиқ тўламайдилар. Ушбу имтиёз пенсионерлар учун ҳам сақлаб қолинди (СКнинг 275-моддаси).

 

МИСОЛ. Кўп болали онага ёки пенсионерга тегишли бўлган квартиранинг умумий майдони 70 кв.метрга тенг, кадастр ҳужжатлари бўйича квартиранинг инвентаризация қиймати – 10 000 минг сўм бўлса, солиқ суммаси 17,14 минг сўмни (10 000 / 70 х (70 – 60)) х 1,2%) ташкил этади. 1,2% – 2014 йилги жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ставкаси (Президентнинг 25.12.2013 йилдаги ПҚ-2099-сон Қарорига 18-илова).

Илгаригидек ер солиғи бўйича имтиёзлилар сирасига уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек уларга тенглаштирилган шахслар; I ва II гуруҳ ногиронлари; ёлғиз пенсионерлар, яъни ёлғиз ёки вояга етмаган болалари билан ёхуд ногирон боласи билан алоҳида уйда бирга яшовчи пенсионерлар киради (СКнинг 290-моддаси).

Солиқ тўловчиларнинг «шахсий» пенсионерлар, чорвачилик соҳасининг баъзи ходимлари сингари тоифалари учун ер солиғи бўйича имтиёз 2014 йил 1 апрелдан бекор қилинди.

Бироқ имтиёзни қуйидаги шартларга риоя этилгандагина қўллаш мумкин: мол-мулк ёки ер участкасидан бевосита мақсадига кўра (квартира (уй)дан – яшаш учун, ер участкаси билан бирга дала ҳовлидан – доимо ёки мавсумий яшаш, дам олиш, шахсий истеъмоли учун сабзавот ва мевалар етиштириш учун), агар имтиёз эгасига мол-мулк ёки ер участкаларининг бир нечта объекти тегишли бўлган тақдирда – фақат танлаб олиб битта объектдан фойдаланилганда. Масалан, мулкида квартира, дала ҳовли, гараж бўлса, имтиёзни ушбу объектларнинг фақат биттасига нисбатан қўллаш мумкин.

Агар квартира, дала ҳовли, турар жой, бошқа жой (ер участкаси)дан мулкдор тадбиркорлик мақсадларида (мисол учун, савдо шохобчаси сифатида) фойдаланса ёки бирор-бир ташкилотга ижарага берса (масалан, квартира офис учун ёки ер участкаси билан бирга дала ҳовлидаги иморат ишлаб чиқариш омбори учун ижарага берилса), бу ерда юридик шахслар учун қўлланадиган солиқлар ставкалари (мол-мулк солиғи бўйича 2014 йилда ставка – 4%) амал қилади (СКнинг 291-моддаси).

 

СОЛИҚЛАРНИ ҲИСОБЛАБ ЧИҚАРИШ ВА ТЎЛАШ ТАРТИБИ

Мол-мулк объекти (ер участкаси) жойлашган тумандаги солиқ инспекцияси ходимлари солиқлар суммаларини мустақил равишда ҳисоблайдилар ва солиқ тўловчига тўлов хабарномасини 1 майга қадар топширадилар. Агар бирор-бир сабабга кўра хабарнома тўловчига етказилмаган бўлса, унинг ўзи солиқ инспекциясига келиши ҳамда солиқларни ҳисоб-китоб қилиш ва тўлашнинг барча тафсилотларини аниқлаши керак. Агар имтиёз мавжуд бўлса, сиз уни олиш ҳуқуқига доир ҳужжатларни (пенсия гувоҳномаси, уруш ногирони (қатнашчиси) гувоҳномаси, болаларнинг борлиги ёки пенсионернинг ёлғиз яшаши ҳолати бўйича маҳалла қўмитаси маълумотномаси ва ҳоказо) тақдим этишингиз керак (СКнинг 277, 293-моддалари). Ахборотни Давлат солиқ қўмитасининг soliq.uz сайтидан ва Интерфаол давлат хизматлари ягона порталининг my.gov.uz сайтидан ҳам олиш мумкин. Бироқ бунинг учун электрон рақамли имзо калитига эга бўлиш лозим (уни ўз паспорт маълумотларингиз ва СТИРни кўрсатган ҳолда ариза ёзиб, ўз туман солиқ инспекциянгиздан олишингиз мумкин). «Шахсий кабинет»ингизга кириб, солиқларнинг қанча суммасини қайси муддатларда тўлаш кераклигини билиб оласиз.

Квартира ёки уй йил мобайнида, масалан, олди-сотди шартномаси бўйича 20 августда сотилганда кўчмас мулк бошқа эгасига сотилади, унинг аввалги эгаси жорий йилнинг январидан июлига қадар мол-мулк солиғини тўлайди, августдан эса солиқни унинг янги эгаси тўлай бошлайди. Агар сиз квартира (уй, дала ҳовли, гараж)ни мерос қилиб олган бўлсангиз, солиқни қонун бўйича мулк ҳуқуқи сизга ўтган ойдан бошлаб тўлай бошлайсиз (СКнинг 277-моддаси).

Агар сиз жорий йилда уй ёки бирор-бир иморат, дала ҳовлида қурилма қурсангиз, мол-мулк солиғини фақат кейинги йилдан бошлаб тўлайсиз. Бирор-бир иморат бузиб ташланганда солиқ тўлаш иморат бузиб ташланган ойдан бошлаб тўхтатилади, солиқ инспекцияси эса маҳалла қўмитасининг бузиб ташлаш далилини тасдиқлайдиган маълумотномаси асосида сизнинг солиқ суммангизни қайта ҳисоблайди.

Йил мобайнида ажратилган ер участкалари учун ер солиғи ер участкаси ажратилганидан кейинги ойдан эътиборан тўланади. Агар жорий йилда бирор сабабга кўра сизга тегишли бўлган ер участкаси майдони камайтирилган тақдирда (масалан, сиз бутун ер участкасини ёки унинг бир қисмини сотишга қарор қилсангиз), ер солиғини тўлаш ер участкаси камайтирилган ойдан эътиборан тўхтатилади ёки унинг суммаси камайтирилади (СКнинг 294-моддаси).

 

СОЛИҚ ТЎЛАМАГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК

Муайян ҳолатлар туфайли солиқ ўз вақтида тўланмаган бўлса, солиқ инспектори муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун 0,033% миқдорида пеня ҳисоблаб ёзади (СКнинг 120-моддаси).

 

МИСОЛ. Мол-мулк солиғи суммаси 17 143 сўмни ташкил қилади, сиз 21 октябрь куни, яъни 7 кунга кечиккан ҳолда (15 октябрдан бошлаб 21 октябрь ҳам ҳисобга киритилади) солиқ суммасини аниқлаштириш ва уни тўлаш учун солиқ инспекциясига келдингиз, бу ҳолда асосий қарзни – 17 143 сўмни ва пеня суммаси – 39,6 сўмни (17 143 сўм х 0,033% х 7 кун) тўлашингизга тўғри келади. Бунда бошқа солиқлар бўйича ортиқча тўловни амалга оширган бўлсангиз (дейлик, ҳеч бўлмаганда 17 143 сўм миқдорида бўлса ҳам), пеня ҳисоблаб ёзилмайди.

 

Айтайлик, солиқларни тўлаш учун белгиланган муддатдан кейин 30 кун мобайнида ҳам тўламадингиз, энди қарзни узиш тўғрисидаги талабномани оласиз. Ҳатто талабнома олинган кундан бошлаб 10 кун ичида қарзни узмасангиз, солиқ органлари сиздан қарзни ундириш учун, башарти қарзингиз муайян суммадан (2014 йилда ушбу сумма 480 525 сўмни* ташкил этади) ошиб кетса, судга мурожаат қилишга ҳақли.

Солиқлар бирор-бир сабабга кўра ҳисоблаб ёзилмаган ёки нотўғри ҳисоблаб ёзилган ҳоллар учрайди. Бунда солиқ инспекцияси солиқларни ҳисоблаб ёзиш зарур бўлган даврдан кейин фақат 5 йил мобайнида солиқларни ҳисоблаб ёзиши ёки ҳисоблаб ёзилган суммани қайта кўриши мумкин. Ўз навбатида солиқ тўловчи ҳам солиқ давридан кейин 5 йил мобайнида ортиқча тўланган солиқлар суммаларини қайтариш ёки бошқа солиқлар ҳисобига қайд этишни талаб қилишга ҳақлидир (СКнинг 38-моддаси).

 

ҚУЙИДАГИ ҲОЛЛАРДА МУРОЖААТ ҚИЛИНГ

«Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунга (6.05.1994 йилдаги 1064-XII-сон, 13.12.2002 йилдаги 446-II-сон Қонун таҳририда) мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаролари давлат органларига аризалар, таклифлар ва шикоятлар билан мурожаат этиш ҳуқуқига эга. Шу сабабли зарурат бўлганда давлат органлари билан боғлиқ бирор-бир масалани ҳал этишда ёрдам ва мадад сўраш керак ёки бирор-бир давлат органларининг (шу жумладан солиқ органларининг) ходимларини ҳуқуқ ва манфаатларингизни бузишда айбдор деб ҳисобласангиз, my.gov.uz сайтида тегишли органнинг раҳбариятига мурожаат қилишингиз ёки унинг қабулига ёзилишингиз ёхуд куну тун ишлайдиган 1060 ва (8 800) 200-18-18 телефонлари орқали қўнғироқ қилишингиз, soliq.uz сайтида эса «Бевосита мулоқот» рукнида мурожаат қилишингиз ёки (8 371) 244-98-98 рақамли ишонч телефони орқали қўнғироқ қилишингиз мумкин.

 

Жисмоний шахсларга солинадиган мол-мулк ва ер солиқларини тўлашнинг охирги куни 14 октябрь эканлигини яна бир маротаба эслатиб ўтамиз!

 

*Ундирувни солиқ тўловчи жисмоний шахсларнинг мол-мулкига қаратиш учун солиқ қарзининг энг кам миқдори энг кам иш ҳақининг 5 баравари миқдорида этиб белгиланган (йил боши – 2014 йил 1 январидаги ЭКИҲ 96 105 сўмни ташкил этади) ва энг кам иш ҳақи миқдори йил давомида ўзгарганда қайта кўриб чиқилмайди (Президентнинг 25.12.2013 йилдаги ПҚ-2099-сон Қарорига 26-илова).


Ирина АХМЕТОВА,

экспертимиз. 

Прочитано: 16834 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика