Norma.uz

Қарзлар қандай бўлинади?

Оила тарқаб кетди. Бундай ҳол ҳаётда, афсус, учраб туради. Бироқ ҳар бир ажрашиш икки кишининг шунчаки ажралиши эмас. Икковлон бўлишиб оладиган нарсалар бор. Ажрашишнинг муҳим масалаларидан бири – мол-мулкни бўлиб олиш.

 

ҲАММАСИ ЎРТАСИДАНМИ?

Ажрашиш чоғида нафақат барча орттирилган ашёлар, балки эр-хотиннинг умумий қарзлари ҳам бўлиниши мумкинлиги баъзи кишилар учун кутилмаган янгилик бўлиши мумкин.

Қарзлар амалда ҳар қандай ҳуқуқий муносабатлар чоғида вужудга келиши мумкин. Банкка ипотека тўловлари бўйича кредит мажбуриятлари умумий қарзлар ҳисобланади. Эр ёки хотин бошқа фуқародан қарзга пул олиши, банкда истеъмол кредитини расмийлаштириши, учинчи шахсга зарар етказиши (масалан, квартирага сув тошириб юбориш) мумкин, бунинг натижасида ҳам умумий қарзлар вужудга келади. Қарз коммунал хизматлар, фуқаролик-ҳуқуқий шартнома бўйича ҳақ (масалан, уй, дала ҳовли қурувчиларга тўланадиган ҳақ) тўламаслик, даволаш ҳақини тўламаслик сингари ҳолатлар бўйича вужудга келиши мумкин.

Шу боис Оила кодексининг (ОК) 34-моддасида эр-хотиннинг умумий қарзларини бўлиш имконияти назарда тутилган.

Аввало қуйидагиларни белгилаб олиш лозим: қандай қарзлар эр-хотиннинг умумий қарзларига киради, тегишинча, улар ўртасида бўлиниши мумкин, қандайлари бўлиш предмети бўла олмайдиган шахсий қарзларга киради.

 

УМУМИЙ ҚАРЗЛАР

ОКнинг 34-моддасидан келиб чиқилса, эр-хотиннинг умумий қарзларига қуйидагилар киритилади:

бир вақтнинг ўзида эр-хотиннинг иккови қарздор ҳисобланган мажбуриятлар бўйича қарзлар. Бошқача айтганда, агар эр-хотин кредит шартномаси бўйича шерик қарз олувчилар ёки олди-сотди шартномаси бўйича шерик харидорлар бўлишса, уларнинг пулни қайтариш ёки харид нархини тўлаш мажбурияти эр-хотиннинг умумий қарзи ҳисобланади;

агар ушбу мажбуриятлар бўйича олинган барча нарсадан оила эҳтиёжлари учун фойдаланилган бўлса, эр-хотиндан бирининг мажбуриятлари бўйича қарзлар. Яъни расман эр-хотиндан биригина кредит шартномаси бўйича қарздор бўлиб ҳисобланса, бироқ кредит маблағлари уларнинг умумий мол-мулкини, масалан, квартира ёки машинани харид қилишга сарфланса, кредитни қайтариш мажбурияти умумий қарз деб эътироф этилади.

Асосий мушкулликлар қарзларнинг иккинчи тоифасида вужудга келади, шу сабабли энди айни у ҳақда сўз юритамиз.

Ажрашиш чоғида фақат эр-хотиннинг биргаликда орттирган қарзларини бўлиш мумкин, яъни:

никоҳ даврида оила эҳтиёжлари учун харид қилинган мол-мулкка (мебель, автомобиль, маиший техника) ҳақ тўлаш бўйича;

оила манфаатларини кўзлаб бажарилган ишлар, хизматлар бўйича (умумий квартирадаги таъмирлаш, биргаликдаги саёҳатлар) учинчи шахслар олдидаги;

биргаликдаги мол-мулк ҳисобланган квартира, уй учун ипотека бўйича қарзларни.

 

ШАХСИЙ ҚАРЗЛАР

Бироқ эр-хотиннинг ҳар бирида шахсий қарзлар, масалан, эр-хотиндан бирининг мерос бўйича мулки ҳисобланган турар жойни таъмирлаш, шахсий буюмларни харид қилиш, учинчи шахсга етказилган зарар учун тўловлар муносабати билан юзага келган қарзлар бўлади.

Иш ажрашиш пайтида қарзларни бўлишгача борганда эр-хотиннинг бири иккинчисига маълум бўлмаган қарзлар борлиги тўғрисида айтиб қолади. Баъзан уларнинг иккинчиси ҳақиқатан ҳам уларнинг борлигини билмаслиги мумкин, гоҳида эса бундай қарзни ҳисобга олган ҳолда бўлиш чоғида биринчисига тегишли мол-мулк миқдорини кўпайтириш мақсадидаги сохта қарзлар тўғрисида сўз боради.

 

УЙ ВА ОИЛА УЧУН

Бўлинадиган умумий қарзлар қаердаю, бўлинмайдигани қаерда эканлиги, улар ҳақиқатан борлигини аниқлаш баъзан қийин бўлади.

Эр-хотиннинг бирига расмийлаштирилган қарзни бўлинадиган мол-мулк таркибига киритиш учун у ушбу қарзнинг асоси сифатида олган барча маблағ оиланинг умумий эҳтиёжига ишлатилганлигини исботлаши лозим. Агар эр-хотиннинг бири мақсадли кредит олган бўлса, қарзни умумий деб эътироф этиш учун ушбу кредит ҳисобига сотиб олинган ва умумий мулкка келиб тушган мол-мулкни кўрсатиш кифоядир.

Агар ишлатишдан мақсадни аниқ белгилаш мумкин бўлмаса, бошқа далил-исботларга мурожаат қилиш лозим. Биринчидан, берган қарзи эр-хотин ўртасида бўлинадиган кредиторнинг ўзи судда гувоҳ бўлиб қатнашиши ва тегишли мол-мулк қандай мақсадларда ишлатилганлигини кўрсатиши мумкин. Иккинчидан, оилавий эҳтиёжларга ишлатилганлиги қарзнинг вужудга келиши билан оилада қандайдир қимматбаҳо ашё пайдо бўлиши ўртасидаги қисқа вақт оралиғи билан тасдиқланиши мумкин. Учинчидан, кичик миқдордаги оила даромадлари қимматбаҳо мол-мулк фақат қарз маблағларига харид қилинганлиги, бинобарин, қарзни қайтариш мажбурияти эр-хотиннинг умумий қарзларига тегишли эканлиги тўғрисида гувоҳлик бериши мумкин.

 

ИККАЛА ТАРАФ РОЗИЛИГИ БИЛАН...

Мол-мулкни бўлиш тартибининг бир нечта тури мавжуд:

ихтиёрий тартиб (никоҳ даврида тузилган шартнома ёки мол-мулкни бўлиш тўғрисидаги келишув асосида);

мажбурий (суд) тартиб.

Шу тариқа, ажрашиш пайтида қарзларни иккала тарафнинг розилиги билан бўлиб, ушбу масалаларни никоҳ давридаёқ шартнома ёки тегишли келишув билан тартибга солиш мумкин.

Агар тарафларнинг манфаатлари ўртасида ихтилофлар, зиддиятлар вужудга келса, биргина йўл бор – судга мурожаат қилиш. Ажрашиш чоғида қарзларни бўлиш масаласининг судда кўрилиши одатда мол-мулкни бўлиш масаласини кўриш билан бирга амалга оширилади.

Мол-мулк ва қарзларни бўлиш чоғида тарафлар турли вариантларни қўллашлари: мол-мулкни ҳам, қарзларни ҳам ҳар бир тарафга тенг ҳажмда беришлари; бир тарафга кўпроқ мол-мулкни, бироқ кўпроқ қарзларни ҳам беришлари; мол-мулкка доир ҳуқуқдаги улушни ва унга мутаносиб равишда қарз суммасини ҳам белгилашлари мумкин ва ҳоказо.

Бироқ бунда эр-хотин уларнинг кредиторлари билан келишишлари зарур бўлиб қолиши ҳам мумкин. Гап шундаки, умумий асослар белгиланган Оила кодексида қарзларни бўлишнинг адекват ва тушунарли тартиби белгиланмаган. Одатда қарзни вужудга келтирадиган шартнома фақат эр-хотиннинг бирига расмийлаштирилади. Шу боис кредитор шундай дейиши мумкин: мен шартнома тузган аниқ фуқаро бор экан, қарзни тўлиқ ҳажмда айни ундан ундираман, унинг никоҳдалиги ёки никоҳи бузилганлиги мени қизиқтирмайди.

Одатда ипотека ва эр-хотиннинг ажрашиши чоғида мазкур вазият учрайди. Айниқса банк эр-хотиннинг бирида етарли иш ҳақи, шахсий мол-мулк етарли эмаслигини кўрса, у ўзининг хатарларини имкони борича камайтиришга интилади. Тижорат ташкилотининг мақсади фойда олиш бўлганлиги туфайли у бундай эр (хотин) зиммасига қарзнинг бир қисмини юклаб қўйишга бор кучи билан қаршилик қилади.

 

ГУВОҲЛАР БОР БЎЛСА

Оила тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг баъзи ҳолларда кредитни эр-хотиннинг бирига тўламаслик имконини берадиган жуда муҳим қоидасини унутмаслик керак. Агар эр-хотиннинг бири кредит ёки бошқа қарз мажбуриятини оилавий муносабатлар амалда тугаган даврда олган бўлса, шундай қилиш мумкин.

Эътибор қилинг! Агар эр-хотин бирга яшамаса, биргаликда рўзғор қилмаса, уларнинг бири эса шу даврда кредит олган бўлса, кредитни фақат у тўлайди (ОКнинг 27-моддаси бешинчи қисми).

Бироқ фақат суд бундай қарзни бўлинган деб топиши мумкин. Яъни кредит олмаган эр (хотин) мажбурият вужудга келган санада оила муносабатлари амалда тугатилганлигини судда исботлашига тўғри келади. Бунда турли далил-исботлардан фойдаланиш мумкин, бироқ улардан энг кўп учрайдиганлари гувоҳлик кўрсатувларидир.

 

Елена ЕРМОХИНА,
эксперт-юристимиз.

Прочитано: 3039 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика