Корхонамиз (ЯСТ тўловчиси) 6 йилдан буён аҳолига хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланиб келади. 2014 йилдан бошлаб белгиланган тартибда савдо фаолияти билан шуғулланишни бошладик.
Савдо фаолиятимиз доирасида товар айланмасидан 2014 йил учун ўрнатилган ставкада ЯСТ тўлаб келмоқдамиз, лекин фаолиятимиз давомида маҳсулотларни харидорга шартнома асосида юклаб жўнатиб, уларнинг пулларини маълум муддатгача тўлиқ ололмай қолган ҳолатларимиз ҳам учрамоқда.
Харидорларга юклаб жўнатилган, аммо улар бўйича пуллари тўлиқ бизнинг ҳисобрақамимизга келиб тушмаган маҳсулотлар бўйича ҳам ЯСТ ҳисобланиши шартми ёки шарт эмасми?
Лобархон Йўлдошева,
МЧЖ таъсисчиси.
Бухоро вилояти.
– Солиқ кодексининг 355-моддасига асосан ЯСТ бўйича ялпи тушум солиқ солиш объекти ҳисобланиб, солиқ солиш мақсадида ялпи тушум таркибига товарларни (ишларни, хизматларни) қўшилган қиймат солиғини чегирган ҳолда (қўшилган қиймат солиғи тўлашга ўтган солиқ тўловчилар учун) реализация қилишдан тушган тушум киритилади.
Товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушум деганда савдо ва умумий овқатланиш корхоналари учун – товар обороти тушунилади.
Товар обороти бу муайян давр ичида савдо фаолиятини амалга ошириш чоғида товарларни сотишдан олинган (олиниши лозим бўлган), пулда ифодаланган маблағлардир (Солиқ кодексининг 22-моддаси).
Юқоридагилардан келиб чиқиб, сизнинг ҳолатингизда товарлар харидорларга юклаб жўнатилган, аммо уларга тегишли пул маблағлари тўлиқ олинмаган ҳолларда ҳам ушбу юклаб жўнатилган товарлар суммаси товар обороти сифатида қаралади ва улар бўйича белгиланган тартибда ягона солиқ тўлови ҳисобланади ҳамда тўлаб борилади.
Жавобларни «Soliq Kalkulyatori» солиқ маслаҳати ташкилоти
солиқ маслаҳатчиси
Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ тайёрлади.