Norma.uz

Ортиқча маълумотнома

Ташкилотимиз ходимни 2014 йил май ойидан ишга қабул қилди. Меҳнат дафтарчасидаги ёзувларга қараганда у жорий йилда ҳеч қаерда ишламаган. Маҳалла қўмитасидан ходим йил бошидан ҳеч қаерда ишламаганлиги тўғрисида маълумотнома керакми? Агар керак бўлса, ушбу талаб қандай меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат билан асосланган?

 

– Ҳақиқатан ҳам, жуда кўп ҳолларда ишга жойлашиш вақтида иш берувчилар маҳалла қўмитасидан ишга кираётган ходим меҳнат стажига эга эмаслиги ёки у муайян даврга узилиб қолганлиги тўғрисида маълумотнома келтиришни талаб қиладилар. Иш берувчилар ўз талабларини солиқ хизматлари, статистика органлари, бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш марказлари ташкилотга ҳужжатни тақдим этмаганлик учун жарима солишлари мумкинлиги билан асослайдилар.

Меҳнат кодексининг 80-моддасига кўра ишга қабул қилиш вақтида ишга кираётган шахс паспорт ёки унинг ўрнини босадиган бошқа ҳужжатни, меҳнат дафтарчасини, биринчи маротаба ишга кираётган шахслар бундан мустасно, ёки асосий иш жойидан олган маълумотномани, ҳарбий билетни ёки ҳарбий ҳисобда турганлик ҳақидаги гувоҳномани, маълумот тўғрисидаги дипломни тақдим этади. Ўша модданинг иккинчи қисмида белгиланишича, ишга кираётган шахсдан қонун ҳужжатларида кўрсатилмаган ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади. Шу тариқа, ҳатто ташкилотларда ходимлардан бундай маълумотномани талаб қилиш кўрсатилган ички ҳужжатлар ёки кўрсатмалар бўлганда ҳам, юқорироқ юридик кучга эга бўлган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат сифатида Меҳнат кодексининг меъёрларига амал қилиш керак.

«Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Қонунда1 фуқаролар йиғини (яъни маҳалла қўмиталари) ва унинг раислари ваколатлари аниқ белгилаб қўйилган. Улардан бири – тегишли ҳудудда яшовчи фуқароларни иш билан таъминлашга кўмаклашиш, бунга касаначилик меҳнатини ташкил этиш ҳам киради, бироқ стажнинг узилганлигини тасдиқлаш ёки ишсизлик далили тўғрисида маълумотномалар бериш фуқаролар йиғини ваколатларига кирмайди. Ишсиз шахсларни рўйхатга олиш ва ишга жойлаштириш, шунингдек тегишли маълумотномалар беришни бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш марказлари амалга оширади («Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонуннинг2 3-моддаси). Бироқ, афсуски, бугунги кунда фуқаролар йиғини вакиллари, тегишли ваколатларга эга бўлмасалар-да, ана шундай маълумотномаларни беришмоқда.

Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида йўриқноманинг3 1.1-бандига кўра меҳнат дафтарчалари мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклидан қатъи назар корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда ходимларнинг меҳнат стажини тасдиқлайдиган асосий ҳужжат ҳисобланади. Ушбу банддан келиб чиқилганда, айни меҳнат дафтарчаси меҳнат стажининг мавжудлиги, йўқлиги ёки узилиб қолганлигининг исбот-далили ҳисобланади. Шу сабабли иш берувчи, аҳолининг бандлигига кўмаклашиш марказлари ва бошқа давлат органларининг маҳалла қўмитасидан маълумотнома тақдим этишни талаб қилишлари қонуний асосга эга эмас.

 

12.09.1993 йилдаги 915-XII-сон. 22.04.2013 йилдаги ЎРҚ-350-сон Қонун таҳририда.

213.01.1992 йилдаги 510-XII-сон. 1.05.1998 йилдаги 616-I-сон қонун таҳририда.

3Меҳнат вазирлиги ва Ижтимоий таъминот вазирлиги томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 29.01.1998 йилда 402-сон билан рўйхатдан ўтказилган.


Темур МЎМИНОВ,
эксперт-юристимиз.
 

Прочитано: 2704 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика