Мен «Турғун савдо шохобчасида чакана савдо» гувоҳномасига асосан якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланганман. Бунда савдони электрон тижорат усулида пул кўчириш йўли билан амалга оширганман. Қатъий белгиланган солиқларни тўловчи сифатида ҳар ойда белгиланган солиқларни тўлаб, ҳар чоракда фойдам бўйича маълумотномани туман давлат солиқ инспекциясига тақдим этиб келганман. Бунда менинг солиққа оид ҳужжатларим фақат фойда тўғрисида маълумотнома ва белгиланган солиқларни тўлаганлигимни тасдиқловчи тўлов топшириқномаларидан иборат бўлган.
Марҳамат қилиб тушунтириб берсангиз, менинг ҳолатимда (а) электрон савдони пул ўтказиш йўли билан амалга ошириш лицензиясиз улгуржи савдо фаолиятини олиб бориш; (б) электрон дўкон орқали сотилган товарлар кирим қилинмаганлиги учун товарларни сотишдан келиб тушган нақд пуллар назорат-касса машинасига кирим қилинмаган деб баҳоланиши ва Солиқ кодексининг 114, 117, 119-моддаларига асосан, менга нисбатан молиявий санкция қўлланилиши мумкинми?
Якка тартибдаги тадбиркор.
– Мамлакатимизда электрон тижорат соҳасидаги муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг «Электрон тижорат тўғрисида»ги Қонуни (29.04.2004 йилдаги 613-II-сон, кейинги ўринларда – 613-II-сон Қонун) ва Электрон шаклдаги контрактлар ва электрон тижоратда қўлланиладиган ҳужжатларнинг бошқа намунавий шаклларини тайёрлаш тартиби тўғрисидаги низом (ТИАИСВ, ДБҚ, ДСҚнинг АВ томонидан 21.11.2007 йилда 1740-сон билан рўйхатдан ўтказилган, кейинги ўринларда – 1740-сон Низом) билан тартибга солинади.
613-II-сон Қонуннинг 3-моддасида белгиланишича, ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган, товарларни сотиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишга доир тадбиркорлик фаолияти электрон тижоратдир.
1740-сон Низомда электрон шаклдаги контрактлар ва электрон тижоратни амалга оширишда ҳужжатларнинг бошқа намунавий шаклларига қўйиладиган умумий талаблар, электрон контрактдаги томонлар тўғрисида келтирилиши мажбурий бўлган маълумотлар, электрон тижорат доирасида амалга ошириладиган электрон операциялар ва тадбирлар, электрон тижорат тўлов тизими субъектлари белгиланган.
Саволдан келиб чиқадики, сиз чакана савдо фаолиятини турғун савдо шохобчаси орқали амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиб, амалда бундай фаолият билан шуғулланмасдан, савдо фаолиятини электрон тижорат усулида амалга оширгансиз.
Биринчидан, фаолият 613-II-сон Қонун ва 1740-сон Низом талабларига мувофиқ амалга оширилгандагина у электрон тижорат деб баҳоланиши мумкин. Иккинчидан, чакана савдо фаолияти билан шуғулланадиган якка тартибдаги тадбиркорнинг амалда ушбу фаолият билан шуғулланмаслигини савдо қоидаларини бузиш деб баҳолаш учун қонуний асослар мавжуд эмас. Агар шундай деб баҳоланган тақдирда ҳам бундай қилмиш фақат маъмурий жавобгарликка тортилишга сабаб бўлиши мумкин.
Солиқ кодекси 374-моддасига мувофиқ савдо фаолиятини амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркорлар даромадларни ва товар операцияларини ҳисобга олиш регистрларида даромадларнинг ҳамда амалга оширилган товар операцияларининг ҳисобини юритишлари шарт. Даромадлар ва товар операцияларини ҳисобга олиш регистрларига (1) чакана савдо фаолияти билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорнинг даромадлар ва товар операцияларини ҳисобга олиш дафтари (бундан кейин – ҳисоб дафтари) ва (2) товар чеклари дафтарчаси киради.
Даромадларни ва товар операцияларини ҳисобга олиш регистрларининг шакллари Савдо фаолиятини амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан товар операциялари ва даромадларни ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низом (МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 8.01.2003 йилда 1197-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган, кейинги ўринларда – 1197-сон Низом) билан белгиланган.
Солиқ кодексининг 374-моддасига асосан якка тартибдаги тадбиркор фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлар давлат солиқ хизмати органларига савдо фаолиятини амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан йилнинг ҳар бир чораги якунлари бўйича ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 10-кунидан кечиктирмай тақдим этилади.
Юқоридаги меъёрий ҳужжатларга таянадиган бўлсак, сиз савдо фаолиятини амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат солиқ хизмати органига якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни тақдим этишингиз керак. Аммо, ҳисоб дафтари умумий маънода тадбиркорнинг даромадлар ва товар операцияларини ҳисобга олиши учун эмас, балки тор маънода, ўз номи билан айнан чакана савдо фаолияти билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорнинг даромадларни ва товар операцияларини ҳисобга олиш дафтари деб номланган. Якка тартибдаги тадбиркорнинг электрон тижорати эса чакана савдо фаолияти ҳисобланмайди.
Шу ўринда Улгуржи ва чакана савдо фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомнинг (ВМнинг 26.11.2002 йилдаги 407-сон қарори билан тасдиқланган, кейинги ўринларда – 407-сон Низом) 1-банди мазмунига эътибор қаратиш лозим. 407-сон Низом савдо фаолияти билан шуғулланувчи хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан ягона ёндашувлар ва талабларни таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган ҳамда юридик шахслар томонидан улгуржи ва чакана савдони амалга ошириш, шунингдек жисмоний шахслар томонидан чакана савдони амалга ошириш тартибини белгилайди. Билъакс, унинг қоидалари ўзлари маҳсулот ишлаб чиқарувчи ва сотувчи юридик шахсларга, шунингдек электрон тижоратга нисбатан татбиқ этилмайди. Яъни улгуржи ва чакана савдо фаолиятини тартибга солувчи асосий меъёрий ҳужжат электрон тижоратга татбиқ этилмаслиги аниқ белгилаб қўйилган.
Шундан келиб чиқиб, сиз савдо фаолиятини амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат солиқ хизмати органига якка тартибдаги тадбиркор фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни тақдим этаётганингизда электрон савдо чакана савдо эмаслиги инобатга олиниши зарур.
Солиқ кодексининг 375-моддасига кўра якка тартибдаги тадбиркорлар календарь ойида ишлаган кунлари сонидан қатъи назар, тадбиркорлик фаолиятининг тури ва солиқ тўловчининг фаолиятни амалга ошириш жойига қараб белгиланган ставкалар бўйича қатъий белгиланган солиқни тўлайдилар.
Бундан келиб чиқадики, якка тартибдаги тадбиркорнинг ҳужжатлари етарли бўлмаслиги (йўқолганлиги, сақлаб қолинмаганлиги) ёки товарларининг ҳисоби юритилмаслиги умуман у томонидан тўланадиган қатъий белгиланган солиқнинг камайишига ёки солиқ тўлашдан бўйин товлашга олиб келмайди.
Электрон тижорат фаолияти юзасидан тақдим этилиши лозим бўлган ҳисобот турлари ва шакллари ҳамда якка тартибдаги тадбиркор учун электрон тижорат орқали сотилган товарлар ҳисобини юритиш тартиби қонун ҳужжатларида аниқ белгиланмаганлиги ва электрон тижорат асосида реализация қилинган товарларни кирим қилиш ҳужжатларининг тасдиқланган шакли мавжуд эмаслиги сабабли уларни кирим қила олмаслик Солиқ кодекси 114-моддасининг (Кирим қилинмаган товарларни сақлаш ёхуд товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушумни яшириш (камайтириб кўрсатиш)) амал қилиш доирасига кирмайди, деб ҳисоблаймиз. Шу билан бирга, Солиқ кодексида кирим қилинмаган товарларнинг қонуний келиб чиқиши тасдиқланган ҳолларга 114-модда қоидаси татбиқ этилмаслиги белгиланган. Яъни, агар хўжалик юритувчи субъект (шу жумладан якка тартибдаги тадбиркор) ўзи сотган товарларни кирим қилмаган бўлса, аммо уларнинг қонуний келиб чиқишини асослаб берса, унга нисбатан Солиқ кодексининг 114-моддаси қўлланилмайди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, 1740-сон Низомда ҳам якка тартибдаги тадбиркор учун электрон тижорат орқали сотилган товарлар ҳисобини юритиш, товарларни кирим қилиш бўйича аниқ ҳужжат келтирилмаган.
Шунингдек Солиқ кодексининг 18-моддасига кўра якка тартибдаги тадбиркор ўзига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулк негизида, шунингдек мол-мулкка эгалик қилиш ва (ёки) ундан фойдаланишга йўл қўядиган ўзга ашёвий ҳуқуқ асосида фаолиятини амалга ошириши мумкин. Бунда тадбиркорнинг фаолиятда ўз мулки билан иштирок этиши реализация қилаётган товарлар (хизматлар)нинг тегишли сертификати (қонун ҳужжатларига мувофиқ товар ёки хизматлар лицензияланиши керак бўлган ҳолларда) мавжуд бўлиши шартлигини инкор қилмайди. 1740-сон Низомнинг 11-бандида электрон тижоратда иштирок этувчи томон тўғрисидаги ахборот ўз ичига олиши мажбурий бўлган маълумотлар келтирилган бўлиб, унда Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ва савдо қоидаларида назарда тутилган ҳолатларда – маҳсулотлар, иш ва хизматларнинг сертификатланганлиги тўғрисида гувоҳномалар мавжуд бўлиши шарти ҳам белгиланган.
Солиқ кодексининг 117-моддаси (Фаолият турлари билан лицензиясиз ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатларсиз шуғулланиш) қоидаларини қўллаш хатингизда баён этилган ҳолатда асосли эмас деб ҳисоблаймиз, чунки юқорида қайд этилганидек, 407-сон Низомнинг қоидалари электрон тижорат соҳасига татбиқ этилмайди. Яъни товарларни электрон тижорат усулида сотиш лицензияланадиган фаолият – улгуржи савдо фаолияти деб баҳоланиши мумкин эмас.
Шунингдек, электрон тижорат усулида товарлар нақд пулга сотилмаганлиги, яъни маблағлар пул ўтказиш йўли билан ҳисобрақамингизга келиб тушганлиги сабабли фаолиятингиз Солиқ кодексининг 119-моддасида (Фискал хотирали назорат-касса машиналаридан ва тўловларни пластик карточкалар асосида қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминалларидан фойдаланиш тартибини бузиш) белгиланган жарималар қўлланилиши мумкин бўлган ҳолатлар сирасига кирмайди, деб ҳисоблаймиз.
Кичик тадбиркорлик (бизнес) субъектларига тегишли бўлган корхоналар ва ташкилотлар классификациясида (ВМнинг 11.10.2003 йилдаги 439-сон қарори билан тасдиқланган) ҳам, «Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорда (ВМнинг 7.01.2011 йилдаги 6-сон) ҳам электрон тижорат алоҳида фаолият тури сифатида қайд этилмаган. Бундан келиб чиқадики, электрон тижорат бу фаолият тури эмас, балки тижорат фаолиятини амалга ошириш усулидир.
Электрон тижоратни юритишда юзага келиши мумкин бўлган низоли ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида қонун ҳужжатларида электрон тижорат билан шуғулланувчи юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан ҳисоб-китобларни амалга ошириш, ҳисоб юритиш ҳамда ҳисоботларни тақдим қилиш бўйича аниқ механизмни ташкил этувчи қоидаларни белгилаш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.
P.S. |
Чоп этилаётган жавоблар меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ўрганган экспертларнинг саволларда баён этилган вазиятларни тушунишларидан келиб чиқиб билдирган фикрларини ифодалайди.
Жавобни экспертимиз
Мурод МУҲАММАДЖОНОВ тайёрлади.