Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 28 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

БЎЛҒУСИ ГРОССМЕЙСТЕРЛАР УЧУН МАКТАБ

Вазирлар Маҳкамасининг 20.06.2014 йилдаги 163-сон Қарори Шахмат бўйича Республика ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар олимпия захиралари спорт мактаби фаолиятини ташкил этиш мақсадида қабул қилинди.

Мактаб биноси ўқувчилар яшаш жойи ва ошхона билан биргаликда Анҳор бўйи кўчасида қурилади.

Лойиҳалаш-қидирув ва қурилиш-монтаж ишлари Тошкент шаҳрининг маҳаллий бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан бажарилади. Ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқларини ўрнатиш, тегишли туташ ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ихтисослаштирилган ва фойдаланувчи ташкилотларнинг тегишли маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Объект учун мамлакатимизда ишлаб чиқариладиган ҳамда импорт қилинадиган қурилиш материаллари, асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, мебеллар, инвентарлар ва моддий-техника ресурсларини, ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчиларнинг энг яхши таклифларини танлаб олиш асосида, тендер савдолари ўтказмасдан харид қилинади.

«Ўзбекэнерго» ДАК, «Ўзтрансгаз» АК ва «Ўзтелеком» АК зиммасига объектнинг электр таъминоти, газ таъминоти ва алоқа ташқи тармоқларини ўз маблағлари ҳисобидан қуриш юкланди.

 

НЕФТНИ ҚАЙТА ИШЛАШ МАҲСУЛОТЛАРИ УЧУН ҚОИДАЛАР

Вазирлар Маҳкамасининг 23.06.2014 йилдаги 164-сон Қарори билан Нефтни қайта ишлаш маҳсулотларидан фойдаланиш қоидалари тасдиқланди. Улар ташкилий-ҳуқуқий шакллари ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар, юридик шахсларга татбиқ этилади.

Ҳужжат билан нефть маҳсулотларини бериш ва қабул қилишнинг умумий қоидалари; нефть маҳсулотларини сақлаш, ташиш ва аралаштириш; ҳисобга олиш, сифатини назорат қилиш ва тиклаш; ишлатилган нефть маҳсулотларидан фойдаланиш; хавфсизлик ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш талаблари.

Нефтни қайта ишлаш маҳсулотларининг етказиб берувчилари ва истеъмолчилари ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг босқичли схемаси ишлаб чиқилди.

Эслатиб ўтамизки, нефть маҳсулотларини сотиш фаолияти (автомобиль бензини, авиабензин, экстрабензин, дизель ёқилғиси, авиакеросин, мазут, печ ёқилғиси, нефть битуми, шунингдек заводда ўраб, идишга солиб қадоқлангандан ташқари техник мойлар ва мойлаш материаллари), жумладан автомобилларга ёнилғи қуйиш станциялари ва мой алмаштириш шохобчаларининг фаолияти Вазирлар Маҳкамасининг 28.06.2003 йилдаги 289-сон қарорига мувофиқ лицензияланиши керак.

 

ГАЗ: ҲИСОБГА ОЛИШ ВА НАЗОРАТ

Вазирлар Маҳкамасининг 24.06.2014 йилдаги 169-сон Қарори билан тасдиқланган Иқтисодиёт тармоқларида газдан фойдаланиш қоидалари газ етказиб берувчилар ва ундан фойдаланувчилар ўртасидаги ўзаро муносабатларни белгилайди ва газни етказиб берувчилар ва уни истеъмол қилувчилар, қурилиш-монтаж, лойиҳалаш, ишга тушириш-созлаш ташкилотлари томонидан бажариш учун мажбурий ҳисобланади.

Етказиб берувчи ва истеъмолчи ўртасидаги шартномага асосан газ етказиб берилади. Истеъмолчи эса қабул қилинган табиий газ учун тўловни етказиб бериш шартномасига кўра амалга оширади.

Етказиб берувчи газни ўртача суткалик норма доирасида ой мобайнида бир хил миқдорда етказиб бериши, истеъмолчи эса уни олиши, истеъмол қилишнинг суткалик нормасидан чекиниш зарурати бўлган ҳолатларда эса — томонлар ўртасида келишилган диспетчерлик графиклари бўйича етказиб бериши шарт.

Истеъмолчи жорий йилнинг 15 июлигача бўлган муддатда газ таъминоти ташкилотига чораклар бўйича (қиш даври учун — ойлар бўйича) тақсимлаган ҳолда келгуси йилда газ истеъмолининг прогноз қилинаётган ҳажми учун буюртманома беради.

Келгуси йилда газга бўлган эҳтиёж, ишлаб чиқариладиган маҳсулот (ишлар, хизматлар) бирлиги ҳисобига техник ва илмий асосланган нормалар асосида маҳсулот ишлаб чиқаришнинг прогноз қилинаётган ҳажмларини ҳисобга олган ҳолда, икки йиллик (ҳар чораклик) амалдаги газ сарфи ва маҳсулот ишлаб чиқарилиши асосида тегишли ҳисоб-китоблар билан асосланган бўлиши керак.

Етказиб берилаётган газ миқдори газ тармоқларининг бўлиниш чегарасида ўрнатилган газни ҳисобга олиш приборларининг кўрсаткичлари бўйича, етказиб берувчининг газни ҳисобга олиш приборлари бўйича, у мавжуд бўлмаган тақдирда эса — истеъмолчининг газни ҳисобга олиш приборлари бўйича аниқланади ва иккала тараф имзолайдиган газни етказиб бериш — қабул қилиш далолатномаси билан расмийлаштирилади.

Газни ҳисобга олиш приборларининг техник ҳолати ва текширишнинг ўз вақтида ўтказиши юзасидан масъулият газни ҳисобга олиш прибори ўзининг балансида бўлган ташкилотга юкланади.

Унинг ҳисобисиз газ етказиб беришга йўл қўйилмайди.

Истеъмолчи томонидан газ таъминоти ташкилотидан тартибга солинадиган нархлар бўйича олинган газдан фақат ишлаб чиқариш мақсадларида фойдаланилади ва у қайта сотилмайди.

Газдан фойдаланишда истеъмолчининг айби билан газ етказиб беришга шартномада кўрсатилганидан кам ҳажмларда фойдаланилган тақдирда аванс тарзида тўланган маблағлар қайтарилмайди, ушбу маблағлар келгусида газдан фойдаланишда ҳисобга олинади.

Истеъмолчи томонидан газ етказиб беришга тузилган шартномада белгиланганидан кўп ҳажмда ва газ таъминоти ташкилоти билан олдиндан келишилмасдан газ олинган тақдирда истеъмолчидан шартномадаги ҳажмлардан ортиқча олинган газ қийматига нисбатан 2 коэффициент билан оширилган тўлов ундирилади.

Газ учун истеъмолчида тўлов муддати ўтган қарз мавжуд бўлган тақдирда унинг аванс тўлови ҳисобига ўтказилган
маблағлари, истеъмолчини хабардор қилган ҳолда, тўлов муддати ўтган қарзни тўлашга йўналтирилади ва аванс тўлови сифатида ҳисобга олинмайди.

Ушбу Қоидалар, газдан фойдаланувчи ускуналарнинг (қурилмаларнинг) ҳисобланган жами қуввати 100 кВт гача бўлган тақдирда, газдан автоном ҳолда иситиш, иссиқ сув таъминоти ҳамда овқат тайёрлаш учун турар жойларда ва жамоат биноларида маиший эҳтиёжлар учун фойдаланувчи истеъмолчиларга татбиқ этилмайди.

 

ФАРҒОНАДАГИ ЯНГИ ДЕПАРТАМЕНТ

Вазирлар Маҳкамасининг 26.06.2014 йилдаги 171-сон Қарори билан Фарғона вилояти ҳокимлигининг Фарғона шаҳри ҳокимлиги ҳузурида Марказий майдонларни кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ва сақлаш департаментини ташкил этиш тўғрисидаги қарор қабул қилинди.

Ҳужжат билан Департаментнинг асосий вазифалари белгиланди ва унинг тузилмаси тасдиқланди.

Департамент фаолиятини молиялаштириш Фарғона вилоятининг вилоят бюджети параметрларида ҳар йили ободонлаштириш учун назарда тутиладиган маблағлар доирасида амалга оширилади.

Фарғона вилояти ҳокимлигига игнабаргли ва манзарали ўсимликларнинг қимматли навлари, кўчаларни ёритиш объектлари, фавворалар ва бошқа ободонлаштириш объектлари хатловдан ўтказилишини, шунингдек хатловдан ўтказиш натижалари бўйича ободонлаштириш объектларининг келгусида фойдаланиш учун Департаментга белгиланган тартибда берилишини таъминлаш топширилди.

Белгиланишича, Департамент ходимларига Шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 1.04.2009 йилдаги «Ободонлаштириш ходимларини моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 91-сон Қарори билан тасдиқланган) мувофиқ назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш тартиби татбиқ этилади.

Қарор билан Фарғона шаҳрининг марказий майдонларини кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ва сақлаш департаменти тўғрисида низом тасдиқланди, унда Департаментнинг мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари белгиланди.

 

АЖ ВЕБ-САЙТИГА ТАЛАБЛАР БЕЛГИЛАНДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 2.07.2014 йилдаги 176-сон Қарори билан Акциядорлик жамиятларининг корпоратив веб-сайтларига қўйиладиган талаблар тўғрисидаги низом тасдиқланди ва у 2015 йил 1 январдан бошлаб амалга киритилади.

Қарор билан жамиятнинг корпоратив веб-сайтида мажбурий жойлаштирилиши керак бўлган ахборот белгиланди. Шундай қилиб, жамиятнинг корпоратив веб-сайтида бошқа манбалардан маълумотларни жойлаштиришга фақат ахборот манбаи кўрсатилган тақдирда йўл қўйилади.

Жамиятнинг корпоратив веб-сайтидаги ахборот давлат тилида тақдим этилиши керак. Жамият корпоратив веб-сайтининг бошқа тиллардаги версиялари бўлиши мумкин.  Жамиятнинг корпоратив веб-сайтида жойлаштирилган ахборот ишончли бўлиши ва жамият фаолиятини холисона ёритиши керак. Жамиятнинг корпоратив веб-сайтида давлат сирига ва хизматда фойдаланиш учун тегишли бўлган ахборот, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ эълон қилиш ва тарқатиш тақиқланган бошқа ахборот бўлмаслиги керак.

Жамият ижроия органининг раҳбари ахборотнинг тўлиқлиги ва тўғрилиги учун жавоб беради.

Жамиятнинг корпоратив веб-сайтида жойлаштирилган ахборотдан унинг томонидан базавий ахборот хизматлари кўрсатилиши доирасида фойдаланиш эркин ва бепул бўлиши керак.

Жамият базавий ахборот хизматларидан ташқари, жамиятнинг корпоратив веб-сайти орқали, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда пулли асосда қўшимча хизматлар кўрсатиши мумкин.

Қарор билан шунингдек Ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қийматли қоғозлар билан битишувлар тузиш ва уларни рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 8.06.1994 йилдаги 285-сон Қарори билан тасдиқланган) қимматли қоғозлар олди-сотдиси битимларини тузиш тартибига тузатишлар киритилди.

Биржа бозорида ва уюшган биржадан ташқари бозорда қимматли қоғозларга доир битимлар тузиш ва уларни рўйхатдан ўтказиш уларни ёзма (қоғозда) расмийлаштириш заруриятисиз электрон шаклда амалга оширилади. Қимматли қоғозлар билан бошқа битимлар ёзма шаклда тузилади ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилади.

Инвестор умумий қиймати мазкур акциядорлик жамияти устав капиталининг 20 ва ундан кўп фоизини ташкил қиладиган акциядорлик жамияти акциялари пакетининг бир ёки бир нечта битимлар тузиш натижасида мустақил равишда ва (ёки) аффилланган шахслар билан биргаликда сотиб олганлиги ҳақидаги ахборотни қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан белгиланган тартибда ошкор қилиши шарт.

Киритилган қўшимчаларга мувофиқ қимматли қоғозлар савдосининг ташкилотчиси инвесторлардан сотишга қўйиладиган қимматли қоғозларни олдиндан баҳолашнинг ўтказилишини талаб қилишга, агар бундай талаб қонунчиликда белгиланмаган бўлса, шунингдек қимматли қоғозларни уларнинг номинал қийматидан паст нархда сотишни тақиқлашга ҳақли эмас.

Қарор билан бошқа бир қатор ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилди.

 

СОЛИҚЛАРСИЗ БАДАЛЛАР

Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Ўзбекистон «Ўзкоммунхизмат» агентлигининг қарори (АВ томонидан 27.06.2014 йилдаги 1672-1-сон) билан Умумий мол-мулкни, ер участкасини ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатининг мол-мулкини сақлаш бўйича жой мулкдорларининг мажбурий бадалларини шакллантиришда харажатлар таркибини аниқлаш ҳамда уй-жой фондига хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш бўйича пудрат ташкилотларининг хизматлари учун рентабелликнинг чекланган даражасини жорий этиш бўйича низомга ўзгартиришлар киритилди.

Хусусан, мазкур Низомнинг 11-бандига тузатиш киритилди. Унинг янги таҳририга мувофиқ ХУМШ нотижорат ташкилот бўлганлиги сабабли асосий фаолияти доирасида Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мувофиқ барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод қилинган. Даромадлар ва харажатлар сметасини тузиш, шунингдек мажбурий бадалларни аниқлаш чоғида юқоридаги тўловлар ҳисобга олинмайди.

Шуни эслатиб ўтамизки, илгари ХУМШ, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг ихтисослаштирилган бошқарувчилари – хизмат кўрсатиш ташкилотлари сифатида уй-жой фондига хизмат қилиш ва таъмирлаш бўйича хизмат кўрсатганда, 2007 йилнинг 1 январидан 2014 йилнинг 1 январигача бўлган муддатда барча турдаги солиқлар, йиғимлар ва бюджетга, давлат мақсадли фондлари ҳамда Таълим ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига, ягона ижтимоий тўловдан ташқари, мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилган эди (Президентнинг 25.07.2006 йилдаги «1991 йилгача қурилган кўп хонадонли тураржой биноларининг умумфойдаланадиган жойлари ва муҳандислик коммуникациялари капитал таъмирланишини якунлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-425-сон қарори). Шу муносабат билан даромадлар ва харажатлар сметасини тузишда ҳамда мажбурий бадалларни аниқлашда солиқлар, йиғимлар ва мажбурий ажратмаларга доир харажатлар ҳисобга олинмаган. Кейинчалик ХУМШ хизмат кўрсатиш ташкилотларига мазкур имтиёзларни 2014 йил 1 январга қадар узайтириб берилди (Президентнинг 24.12.2010 йилдаги ПҚ-1449-сон Қарори).

Шунингдек белгиланишича, турар жой хонаси умумий майдонининг 1 кв.метри учун мажбурий бадалларни ҳисоб-китоб қилишда 1991 йилгача қурилган тураржой биноларининг умумфойдаланадиган жойлари ва муҳандислик коммуникацияларини капитал таъмирлашни ўтказишга маҳаллий бюджетдан олинган маблағлар ҳисобга олинмайди.

Қарор «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 30.06.2014 йилдаги 26 (630)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.

 

Ҳужжатларга қисқача шарҳларни эксперт-юристимиз

Елена ЕРМОХИНА тайёрлади.

Прочитано: 2950 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика