Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 22 / Бизнинг маслаҳатлар

Маҳсулот биргаликда ишлаб чиқарилганда...

МЧЖ шаклидаги хорижий корхонамиз умумбелгиланган солиқларни тўловчиси ҳисоб­ланади ва пахта толасидан калава ип ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғул­ланади.

Корхона оддий ширкат шартномаси тузишни режалаштирган.

Шартномага асосан буюртмачи ёки иккинчи тараф пахта толаси билан таъминлайди. Келган пахта толаси ҳисобварақ-фактурага асосан нархсиз кирим қилинади.

Калава ип ишлаб чиқариш жами харажатлари (электр энергия, ходимлар иш ҳақи, амортизация ва бошқа харажатлар) корхонамиз томонидан қопланади. Пахта толаси қиймати қўшилмаганда 1 кг ип калава ишлаб чиқариш таннархи 2 100 сўмга айланади (ҚҚСсиз).

Келган пахта толасидан ишлаб чиқарилган ип калаванинг 57%и буюртмачига топширилади, қолган қисми корхонамизда қолдирилади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб қуйидаги саволларга аниқлик киритишда ёрдам беришингизни сўраймиз:

1. Бизнинг ҳолда тузиладиган оддий ширкат шартномаси амалдаги қонунларга зид ёки зид эмаслиги тўғрисида тушунтириш берсангиз.

2. Ушбу шартномага асосан буюртмачи ёки иккинчи томонга маҳсулот қайси ҳужжат билан топширилади (бунда нарх ёзиладими ёки йўқми)?

3. Шартнома шартлари бажарилишида бухгалтерия ҳисобини юритиш тартиби, проводкаси тўғрисида тушунтириш берсангиз.

4. Бизнинг МЧЖга қолдирилган ип калаванинг корхонага кирим қилиниши тартиби қандай ва у қайси нарх билан кирим қилинади?

5. Буюртмачи ягона солиқ тўлови тўловчиси бўлганда қандай солиқлар тўланади-ю, умумбелгиланган солиқларни тўловчи бўлганда қандай солиқлар тўланади? Бундай ҳолда солиқ солиш қандай бўлади?

Икромжон Эргашев.

 

1. Оддий ширкат шартномаси бўйича иш юритилишини тартибга солиш ва ушбу фаолият бўйича солиқ солишнинг ўзига хос хусусиятлари Солиқ кодексининг 60-боби билан тартибга солинади. Шартномада қуйидагиларга эътибор қаратиш керак:

– мол-мулкни биргаликдаги фаолиятга ҳисса сифатида топшириш шериклар (иштирокчилар) ўртасида келишилган қиймат бўйича ёки бухгалтерия ҳисоби ҳужжатларида ҳисобга олинадиган баланс қиймати бўйича назарда тутилиши лозимлиги кўрсатилиши керак (оддий ширкат шартномаси бўйича шерикларнинг (иштирокчиларнинг) бундай шартномага кўра, биргаликда фойдаланадиган мол-мулки биргаликдаги фаолиятга қўшилган ҳисса тарзида ҳар бир шерикнинг (иштирокчининг) балансида ҳисобга олиниши лозим);

– шартномада биргаликдаги фаолият натижасида олинган даромад биргаликдаги фаолият шериклари (иштирокчилари) ўртасида ҳар бир шерикнинг (иштирокчининг) ҳиссаси асосида тақсимланиши ёки шартномада келишиладиган бошқа шартларга мувофиқ тақсимланиши кўрсатилиши керак (бунда ушбу олинган даромад ҳар бир шерикнинг (иштирокчининг) бошқа даромадлари таркибига киритилшини назарда тутиш лозим).

2. Биргаликдаги фаолиятни олиб бориш учун ишонч­ли шахсга маҳсулот юкхат ва қабул қилиш-топшириш далолатномаси орқали берилади, бунда маҳсулот сони ва нархи кўрсатилиши керак.

3. Оддий ширкат шарт­номаси бўйича шерикларнинг (иштирокчиларнинг) бундай шартнома бўйича биргаликда фойдаланадиган мол-мулки биргаликдаги фаолиятга қўшилган ҳисса тарзида ҳар бир шерикнинг (иштирокчининг) балансида ҳисобга олиниши лозим. Бундан ташқари, Солиқ кодексининг 141-моддасида оддий ширкатга ҳисса сифатида берилган мол-мулк, мулкий ҳуқуқлар қиймати солиқ тўловчининг харажати сифатида қаралмаслиги ҳам белгилаб қўйилган.

Ишончли шахс вазифасини бажарувчи юридик шахс солиқ солиш объектлари ва биргаликдаги фаолият бўйича солиқ солиш билан боғлиқ объектлар ҳисобини алоҳида-алоҳида юритади.

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш мажбурияти юклатилаётган ишончли шахс оддий ширкат шартномаси асосида биргаликдаги фаолиятни амалга оширишни бошлаган кундан эътиборан 10 кун ичида ишончли шахс­нинг солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органида биргаликдаги фаолият доирасида солиқ мажбуриятларини бажарувчи солиқ тўловчи сифатида ҳисобга туриши шарт.

Бунда бухгалтерияда тайёр маҳсулотларнинг ҳисоби бўйича алоҳида субсчёт очилади.

4. Маҳсулот таннархи бўйи­ча кирим қилинади. Кирим қи­лиш тартиби эса қабул қи­лиш-топшириш далолатномаси орқали амалга оширилади. Бунда бирламчи ҳужжат бўлиб маҳсулот таннархининг калькуляцияси ҳисобланади.

Ишончли шахс биргаликда ишлаб чиқарилган маҳсулотни шерикларига (иштирокчиларига) топшираётганда эса ҚҚС суммасини кўрсатган ҳолда ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиради. Биргаликда ишлаб чиқарилган маҳсулотни топшириш учун расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактура бюджетга тўланиши лозим бўлган ҚҚС ҳисоб-китобида шерикнинг (иштирокчининг) ушбу солиқ суммасини ҳисобга олиши учун асос бўлади. Ҳисобварақ-фак­турадаги «товар жўнатиш ҳужжатларининг ёки шартномаларнинг рақами ва санаси» сатрига «биргаликда ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг тақсимоти» деган белги қў­йилади.

5. Ишончли шахс биргаликда ишлаб чиқарилган маҳ­сулотни реализация қилиш оборотлари бўйича ҚҚС, акциз солиғи (акциз тўланадиган товар реализация қилинган тақдирда) ва давлат мақсадли жамғармаларига ажратмалар тўлайди. Бунда биргаликда ишлаб чиқарилган маҳсулотни реализация қилиш оборотлари бўйича (реализациядан олинган тушумга) бошқа солиқлар ва мажбурий тўловлар тўланмайди.

Чунончи, агар ягона солиқ тўлови тўловчиси бўлган юридик (ишончли) шахс жорий даврда биргаликда ишлаб чиқарилган маҳсулотни ва мустақил равишда амалга оширган фаолиятидан олган маҳсулотни реализация қилган бўлса, у ҳолда қуйидагиларни тўлаши керак:

– биргаликда ишлаб чиқа­рилган маҳсулотни реализация қилиш оборотлари бўйича – ҚҚС, акциз солиғи (акциз тў­ланадиган товар реализация қилинган тақдирда) ва давлат мақсадли жамғармаларига ажратмалар. Бунда ҚҚСни тўловчи бўлмаган ишончли шахс биргаликдаги фаолиятни амалга ошириш бобига асосан ҚҚС тўловчиси сифатида давлат солиқ хизмати органида ҳисобга туриши шарт;

– мустақил фаолиятдан олинган маҳсулотни реализация қилиш оборотлари бўйича – ягона солиқ тўлови.

Биргаликдаги фаолият натижасида олинган даромадни тақсимлаш Солиқ кодекси 380-моддасининг бешинчи қисмига мувофиқ амалга оширилади. Бунда даромад биргаликда ишлаб чиқарилган маҳсулотни реализация қи­лишдан тушадиган, давлат мақсадли жамғармаларига ажратмалар чегириб ташланган ҳолдаги соф тушум билан оддий ширкат шартномаси барча шериклари (иштирокчилари) томонидан биргаликдаги фаолиятга киритилган маблағлар суммаси ўртасидаги фарқ тарзида аниқланади.

Биргаликдаги фаолиятда иштирок этишдан олинган даромадларга солиқ солиш оддий ширкат шартномаси шеригига (иштирокчисига) солиқ солишнинг амалдаги тартибига мувофиқ оддий ширкат шартномасининг ҳар бир шеригида (иштирокчисида) бошқа даромадлари таркибида амалга оширилади. Ишончли шахс бошқа даромадлар таркибига фақатгина биргаликдаги фаолиятни амалга оширишдан олинган даромаднинг ўзининг биргаликдаги фаолиятга қўшган ҳиссасига мос келувчи қисминигина киритади.

Ишончли шахс вазифасини бажарувчи юридик шахс маҳсулотни шерикларига топшираётганда солиқларни қуйидаги кўринишда тўлай­ди:

– соф тушум давлат мақсад­ли жамғармаларига ажратмалар ҳисоблаш объекти ҳисобланишидан келиб чиқсак, бу ҳолда соф тушум деб Солиқ кодексининг 22-моддасига асосан товарлар (ишлар, хизматлар) нархида ҳисобга олинадиган ҚҚС, акциз солиғи ҳамда транспорт воситаларига бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқ суммаларини киритмаган ҳолда товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушум тушунилади. Товарларни текин бериш товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушум таркибига киритилишини инобатга олсак, ушбу ҳолда ишончли вакил иштирокчиларга берган маҳсулотининг улар киритган ҳиссаси миқдоридан ошадиган қисмигагина давлат мақсадли жамғармаларига ажратмалар ҳисоблаши керак бўлади;

– ушбу ҳолда сиз акцизости товар ишлаб чиқармаган­лигингиз туфайли акциз солиғи тўловчиси бўлмайсиз;

– ҚҚС учун товарларни (иш­ларни, хизматларни) реа­лизация қилиш оборотини белгилайдиган Солиқ кодексининг 199-моддаси иккинчи қисми 5-бан­дида оддий ширкат шартномаси бўйича шерикка (иштирокчига) дастлабки ҳиссаси доирасида қайтариладиган товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш обороти ҳисобланмаслиги белгилаб қўйилган. Демак, бу ерда ишончли вакил иштирокчиларга улушини қайтарганда дастлабки ҳиссасидан ошган қисми учун ҚҚС тўлаши керак бўлади. 

 

Жавобни «Soliq Kalkulyatori» солиқ маслаҳати ташкилоти солиқ маслаҳатчиси

Умидбек САФАРОВ тайёрлади.

Прочитано: 3566 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика