Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 22 / Почта қутиси

Иммиграцияни рўйхатдан ўтказишдаги тўсқинликлар «рўйхатдан ўтказиш» операцияси

Қозоғистон билан Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтдим, Қозоғистон паспорт назоратида менга ўзим кутган саволни беришди: сизнинг рўйхатдан ўтганингизни тасдиқловчи штамп қани? Бу саволга тайёр эдим, чунки менга доимо шундай савол беришади, мен эса йилда бир неча маротаба Чимкент вилоятига боришимга тўғри келади. Фақат тўрт кун бўлдим деб жавоб бердим. Чегарачи бунинг исбот-далилини сўрайди. Мамлакатга кириш тўғрисидаги муҳрни кўрсатдим. У менинг ҳужжатимга ким муҳр босганлиги билан қизиқди. Қўшни будкадаги ҳамкасби тўрт кун аввал қўйганлигини айтдим. Шундан сўнг у паспортни қайтарди.

Газетангизни ўқиб, ундан ишим учун кўп фойдали маълумотлар оламан. Бошқалар бундай вазиятга тушиб қолмаслиги ва чегарада ўзларини қандай тутишни билишлари учун Қозоғистонда рўйхатдан ўтказиш қоидалари ҳақида ёзсангиз.

Евгений С.

 

Менинг ватаним – Қарағанда, шу боис қозоқларнинг меҳмондўстлигини болалигимдан яхши биламан. Қозоқлар орасида ўсдим, Алмати шаҳридаги политехника институтининг  АБТ факультетида ўқидим. Ҳозиргача дўстларим билан учрашиб тураман. Яқинда курсдош дугонамнинг юбилейига бордим. Дўстлар билан учрашиб, кўнглим яйради. Бироқ мамлакатдан чиқишда мени ИИВ хизматларида рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги қонунни ашаддий бузувчи сифатида рейсдан туширишди. Учиш пайтида Қозоғистоннинг шимолий пойтахтида бўлишимнинг олтинчи куни эди. Тошкентдан Алматига учиб кетиб, миграция варақасини тўлдиргандим, унда 5 кунга келганимни кўрсатгандим. Ҳақиқатан ҳам шундай бўлди, тунда олтинчи сутка бошида учдим. Жарима тўлашга имкониятим йўқ эди, дўстларни безовта қилиб, уларга кўп ташвиш келтиришга мажбур бўлдим. Бир кундан кейин учдим, қарзларимни уздим, бироқ қайтганимдан кейин узоқ вақт тушкун ҳолатда юрдим. Сафар олдидан газетангиз тахламларини варақладим, пул, озиқ-овқат маҳсулоти ва совғалар олиб ўтиш борасидаги ҳамма маълумотларни ўқиб чиқдим, рўйхатдан ўтказиш тўғрисида эса ҳеч нарса дейилмаган.

В.Бондаренко.

 

Қозоғистон Республикасида (ҚР) рўйхатдан ўтказиш нималигини ўз тажрибамдан биламан. Ўтган йили Алматида бўлишимга тўғри келган. Уч кун Ўзбекистон ва Қозоғистон бизнес ҳамжамиятлари вакилларининг учрашувида иштирок этдим, сўнгра беш кун у ерда меҳмон бўлдим.

ҚР қонун ҳужжатларига кўра Қо­зо­ғистон ҳудудида 5 кундан зиёд бўл­ганда иммиграция хизмати органларида рўйхатдан ўтиш лозимлигини билганим учун ўзим яшаб турган «Almaty Resort» санаторийсининг тегишли хизматига мурожаат қилдим. 3 минг танга (20 АҚШ доллари) тў­лаб, рўйхатдан ўтказиш тўғрисида гу­воҳнома олдим.

Алмати аэропортида чегара назоратидан ўтаётганда менинг иммиграция варақамда (келиш чоғида тўлдирилади, унинг асосида гувоҳнома ёзилади) муҳр қўйилмаганлиги ва ҚРда бўлишнинг охирги санаси кўрсатилмаганлиги маълум бўлди.

 

Диққат! Рўйхатдан ўтказиш гу­воҳномаси, иммиграция варақасини олаётганда албатта жойнинг ўзида муҳрнинг борлиги, уларнинг тўғри ва тўлиқ тўлдирилганлигини текширинг.

 

Менга нисбатан ҚР Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 395-моддаси бўйича маъмурий иш қўзғатилди, 17 310 танга (қарийб 118 АҚШ доллари) жарима ундирилди. Агар совға сифатида менга 100 доллар берган жияним бўлмаганда рейсдан ҳам тушиб қолардим, чунки бошқа нақд пулим йўқ эди. Миллий хавфсизлик қўмитаси суриштирувчиси айбига кўра ушбу ҳодиса юз берган санаторий маъмуриятига даъво билан мурожаат этишни тавсия қилди.

Жарима тўлаб, ариза ва ушлаш баён­номаси расмийлаштирилганидан кейин рейсга аранг улгурдим. Уйга қайтарканман, иммиграция ҳужжатини расмийлаштириш пайтида қилинган хато ёқимли таассуротларни йўққа чиқаргани ҳақида ўйлардим. Маълум бўлишича, бу шунчаки хато эмас экан...

Уйга қайтгач, «Almaty Resort» санаторийсининг Facebookдаги саҳифасида унинг раҳбарига очиқ хат жойлаштириб, чегарадаги барча кўргуликларимни баён этдим. У юртдошларим ва ҚР аҳолиси ўртасида акс садо уйғотишини билмаган эдим.

Табиийки, мен мурожаат қилган санаторий жавоб бермай қолмади. Эртасигаёқ мурожаатим раҳбариятга берилганлиги ва яқин вақт ичида жавоб ёзилган расмий хат юборилиши тўғрисида хабар олдим. Уч кундан кейин жавоб олмагач, Интернетда рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси ва жарима тўланганлиги тўғрисида квитанциянинг нусхаларини жойлаштирдим. Айни шунда сканердан ўтказиш чоғида гувоҳноманинг қалбакилигини аниқладим! Бу лупасиз қараганда кў­ринарди.

Бир оз муддат ўтгач менга санаторий менежери қўнғироқ қилди ва юз берган ҳодиса эътиборсиз қолмаганлиги, хизмат тергови ўтказилганлиги ва айбдорга нисбатан чоралар кўрилганлиги тўғрисида хабардор қилди. У раҳбарият номидан узр сўраб, менга тўланган жарима суммаси компенсацияланишини айтди. 3 кундан кейин менежердан пул ҳисобварағимга ўтказилганини тасдиқловчи ҳужжат олдим.

Биринчи ва кейинги мурожаатларимда чегара назорати органлари билан нохушликлар бўлмаслиги учун ҚР чегара хизматига тегишли хат юборишни илтимос қилдим. Бироқ илтимосим эътиборсиз қолди. FBдаги «Almaty Resort» клиник санаторийси» аккаунти ўчириб ташланди.

Бу мисол бошқаларга сабоқ бўл­син.

 

ҚОИДАЛАР БЎЙИЧА РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ

Дарвоқе, мен билан юз берган ҳодиса ўзим учун ҳам яхши сабоқ бўлди. У туфайли амалдаги Иммигрантларнинг Қозоғистон Республикасига кириши ва унда бўлиши, шунингдек уларнинг Қозоғистон Республикасидан чиқиши қоидаларини (бундан кейин – Кириш ва бўлиш қоидалари) пухта ўрганиб чиқдим.

Унинг 9-бандига кўра Қозоғистон Республикасида вақтинча бўладиган чет элликлар ҚР Давлат чегарасини кесиб ўтган кундан бошлаб 5 календарь кун мобайнида рўйхатдан ўтишлари шарт. Агар бўлиш муддати 5 кундан ошмаса, рўйхатдан ўтиш шарт эмас.

Рўйхатдан ўтказишни чет эллик доимий ёки вақтинча яшаш жойи бўйича ИИВ миграция полицияси органлари амалга оширади. Миграция полицияси бўлинмаларининг рўйхати «Қозоғистон Республикасида вақтинча бўладиган чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни рўйхатдан ўтказиш» давлат хизмати стандартига (бундан кейин – Стандарт) 1-иловада келтирилган.

Дипломатик ва консуллик ходимлари, уларнинг оила аъзолари, халқаро ташкилотларнинг ходимлари, ТИВ так­лифига кўра келган шахсларни ана шу вазирлик рўйхатдан ўтказади.

Рўйхатдан ўтиш учун миграция полицияси органига чет элликни қабул қилаётган жисмоний ёки юридик шахс­лар мурожаат қилишлари керак.

Чет элликни қабул қиладиган тараф ёки рўйхатдан ўтиш учун шахсан мурожаат қиладиган чет элликларнинг ўзлари Стандартнинг 11-бандига мувофиқ қуйидагиларни тақдим этишлари керак:

чет элликнинг шахсини тасдиқлай­диган амал қилувчи ҳужжат (ҚР билан биз визасиз кириш тартибини йўлга қўйганлигимиз сабабли виза талаб қилинмайди);

чегарани кесиб ўтганлик тўғрисида белги қўйилган миграция варақаси, уни давлат чегарасидан ўтказиш пунктларидаги чегара хизмати ходимлари беради;

рўйхатдан ўтказиш тўғрисида ариза:

жисмоний шахслар учун бланкани миграция полицияси бўлинмаларининг ходимлари беради;

юридик шахслар учун мазкур юридик шахснинг расмий бланкасида расмийлаштирилади.

Вақтинча бўлиш муддати 6 ойдан ошадиган чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни рўйхатдан ўтказиш учун қўшимча равишда келиш ҳақида тўлдирилган иккита манзил варақчаси; келиш варақчасига статистик ҳисоб талони; 35 х 45 мм ўлчамдаги 1 та фотосурат тақдим этилади.

Барча ҳужжатлар қабул қилингани­дан кейин миграция полицияси ходими уларнинг олинганлиги тўғрисида талон бериши шарт. Стандартнинг 8-бандига кўра чет элликларни рўй­хатдан ўтказиш бепул.

Охир-оқибат чет элликка шахс­ни тасдиқлайдиган ҳужжат ва рўй­хатдан ўтказилганлик белгиси қў­йилган миграция варақаси бери­лади. Расмийлаштириш муддати – зарур ҳужжатлар топширилган пайтдан бошлаб 1 иш куни (Стандартнинг 7-бан­ди 1-кичик банди).

Дарвоқе, миграция варақаларини давлат чегарасидан ўтказиш пунктларида расмийлаштирмаган чет эллик фуқароларга (виза тартибида кирувчилар учун у мажбурий эмас) варақалар рўйхатдан ўтказиш чоғида берилади. Бунда «Кириш» устунига миграция полицияси бўлинмасининг виза (паспорт) муҳри қўйилади (Миграция варақасини бериш қоидаларининг 3, 14-бандлари).

Чет эллик Қозоғистон ҳудуди ор­қали бошқа давлатга бораётган ва Қозоғистон ҳудудида бўлиши 5 календарь кундан кам вақтни эгаллайдиган ҳолатда рўйхатдан ўтказиш талаб қилинмайди. Бироқ бўлишнинг умумий муддати 5 календарь кундан ошса, рўйхатдан ўтиш лозим. Буни Қозоғистонда вақтинча бўлиш ёки тўхташ биринчи жойида (қозоғистонлик фуқаролар уйида, меҳ­монхонада) қи­лиш мумкин. Бошқа бў­лиш пунктларида ҳужжатларни текшириш чо­ғида чет эллик чегарага мамлакатдан чиқиш мақсадида бораётганлигини тушунтириб, рўйхатдан ўтиш керак бўлмайди.

 

Маълумот учун! «Чет элликларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида»ги ҚР Қонунининг 16-моддасига муво­фиқ чет элликлар уларнинг бориши учун очиқ ҚР ҳудуди бўйлаб эркин ҳаракатланишлари ва ҚР қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибга мувофиқ яшаш жойини танлашлари мумкин. Бунинг маъноси шуки, муайян яшаш жойида рўйхатдан ўтган чет эллик чекловларсиз ҚР ҳудудида ҳаракатланиши (рўйхатдан ўтка­зиш муддати доирасида), шу жумладан бошқа минтақалар ва аҳоли пунктларига бориши мумкин, чет элликларнинг бориши учун чекланган ҳудудлар бундан мустасно.

 

ҚР Фуқаролик кодекси 16-моддаси­нинг 1-бандига кўра фуқаро доимий равишда ёки кўп вақт яшайдиган аҳоли пункти яшаш жойи ҳисобланади. Агар ушбу жой ўзгарса, қабул қилувчи юридик ёки жисмоний шахс 3 кун ичида бу ҳақда ички ишлар органларини ёзма равишда хабардор қилиши керак.

Яшаш жойи ўзгарган тақдирда чет элликлар 5 кун ичида янги яшаш жойида қайта рўйхатдан ўтишлари керак (Кириш ва бўлиш қоидаларининг 10-банди).

 

Маълумот учун! Чет элликларнинг рўйхатдан ўтиш қоидаларини бузганликлари учун жавобгарлик ҚРнинг Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекси 394-моддаси билан белгиланган. Унга кўра рўйхатдан ўтиш муддатларига риоя этмаслик 10 ойлик ҳисоб-китоб кўрсаткичлари миқдорида жарима солишга, у йил мобайнида такрорланган тақдирда 10 суткага қадар маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Белгиланган муддатларда чи­қиш­дан бўйин товлаш, рўйхат­дан ўтказиш чоғида кўрсатилган чиқиш мақсадларига, рўйхатдан ўт­казиш чоғида кўрсатилган ҳа­қи­қатдаги яшаш жойига ному­вофиқлик 10 суткага қадар маъмурий қамоққа олишга, йил мобайнида такроран содир этилган тақдирда 40 ойлик ҳисоб-китоб кўрсаткичлари миқдорида жарима солишга ёки ҚР ҳудудидан чиқарган ҳолда 15 суткага қадар маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

 

Гулнора АБДУНАЗАРОВА,
махсус мухбиримиз.

Прочитано: 2726 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика