Муассисимизга дивидендлар ҳисобланди. Уларнинг бир қисмини олди. Бир қисми эса МЧЖдаги молиявий қийинчиликлар туфайли олинмай қолди. Май ойида у қолган дивидендни олмаслик, балки МЧЖнинг устав фондини кўпайтириш учун бериш тўғрисида қарор қабул қилди.
Мазкур ҳолда проводкалар қандай бўлади, IV чорак учун тўланган дивидендлар ва фоизлар ҳамда киритилган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммаларининг расшифровкаси қандай тўлдирилади?
– Уставга киритилган ўзгартиришлар рўйхатдан ўтказилишига қадар устав капиталини кўпайтиришга йўналтириладиган дивидендлар суммаси муассис олдидаги қарз сифатида акс эттирилади. Уни ҳисобга олиш учун, масалан, 6630-«Қўшимча ҳиссалар бўйича муассислардан қарз» ҳисобварағини жорий этиш мумкин. Бухгалтерия проводкалари қуйидагича бўлади:
● дивидендларни устав капиталини кўпайтиришга йўналтириш (баённома/қарор асосида) тўғрисида қарор қабул қилинган санада -
6610-«Тўланадиган дивидендлар» ҳисобварағи дебети
6630-«Қўшимча ҳиссалар бўйича муассислардан қарз» ҳисобварағи кредити;
● уставга ўзгартиришлар рўйхатдан ўтказилганидан кейин –
6630-«Қўшимча ҳиссалар бўйича муассислардан қарз» ҳисобварағи дебети
8330-«Пай ва улушлар» ҳисобварағи кредити.
Тўланган дивидендлар ва фоизлар ҳамда киритилган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммаларининг расшифровкасида, бизнингча, мазкур дивидендлар уларни устав капиталини кўпайтиришга йўналтириш тўғрисида қарор қабул қилинган санада тўланган дивидендлар таркибида акс эттирилади, чунки ушбу санада уларни тўлаш бўйича мажбуриятлар тугатилади (6610-ҳисобварақ ёпилади).
Жавобни «Norma Ekspert» мутахассислари тайёрладилар.