Жорий йилда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида шошилинч ва махсус хизматларнинг телефон рақамлари, шаҳарлараро ва халқаро алоқага чиқиш префикслари ўзгаради.
Ўзбекистон Алоқа тарихи музейида Халқаро электр алоқа иттифоқи тавсияларига мувофиқ мамлакатимиз телекоммуникация тармоқларини рақамлаштиришни такомиллаштиришга бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида шу ҳақида сўз юритилди.
Пойтахтимизда шошилинч ва махсус хизматларнинг уч ва тўрт рақамли телефон рақамлари ишлаб турибди. Вилоятларда эса ушбу ташкилотларга ҳозирча эски рақамлар орқали қўнғироқ қилинмоқда. Май ойида уларни тўлиқ ягона рақамга ўтказиш режалаштирилган.
Янги рақамларга ўтишни ташкил этаётган соҳа корхоналари ва телекоммуникация операторлари шошилинч хизматлар аҳамияти ва муҳимлигини инобатга олиб, аҳолини кутилаётган ўзгаришлардан хабардор қилмоқда. Бундан ташқари, ноқулайликлар юзага келмаслиги учун дастлабки уч ой давомида янгилари билан бирга ҳозирда амалда бўлиб турган рақамларга ҳам қўнғироқ қилиш мумкин.
Шаҳарлараро ва халқаро алоқа префикслари «8» дан «0» га ва «8-10» дан «00» га алмаштирилади. Бу аҳолига қўшимча қулайликлар яратади.
Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси томонидан ташкил этилган тадбирда «Ўзбектелеком» АК, «Unicon.uz» ДУК, мобил алоқа операторлари вакиллари, алоқа ва телекоммуникация соҳаси ҳамда бошқа манфаатдор ташкилот ва корхоналар мутахассислари иштирок этди.
ЎзА материали асосида.