Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 21 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИЛАДИГАН ШАРТНОМАЛАР

Вазирлар Маҳкамасининг 8.05.2014 йилдаги 117-сон Қарори билан Ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларни етказиб беришга шартномаларни Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси Дирекциясида рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Вазирликлар, идоралар, корхоналар ва ташкилотлар шартномалар, экспорт контрактлари ва қўшимча битимларни тузишда ҳамда кейинчалик рўйхатдан ўтказишда мазкур Низомга амал қилишлари лозим.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ саноат ярмаркалари доирасида асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, қайта ишланган хом ашё ва материалларни, шу жумладан маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган истеъмол товарларини харид қилиш, шунингдек маҳаллийлаштириладиган маҳсулотларни сотиб олиш барча маҳаллий истеъмолчилар учун қўшимча тендерлар ўтказмасдан тўғридан-тўғри шартномалар асосида амалга оширилади.

Дирекцияда қуйидагилар рўйхатдан ўтказилиши лозим:

саноат ярмаркалари доирасида ярмарка қатнашчилари билан тузилган ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларни етказиб беришга (ишларни бажаришга, хизматлар кўрсатишга) шартномалар;

олдин Дирекциядан рўйхатдан ўтказилган шартномаларга уларнинг ажралмас қисми ҳисобланадиган қўшимча битимлар.

Шунингдек томонларнинг хоҳишига кўра Маҳаллийлаштириш дас­тури доирасида ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни етказиб беришга (ишларни бажаришга, хизматлар кўрсатишга) шартномалар, экспорт контрактлари ва уларга қўшимча битимлар ҳам рўйхатдан ўтказилиши мумкин.

Саноат ярмаркалари доирасида ярмарка қатнашчилари билан тузилган мақсад шартномаси Дирекцияда ҳисобга олинади (ре­естрга киритилади). Унинг асосида тузилган шартнома ҳам рўйхатдан ўтказилиши керак.

Ҳудудий саноат ярмаркалари доирасида шартномалар тузган хўжалик юритувчи субъектлар ҳужжатларни рўйхатдан ўтказиш учун тегишли ярмаркаларни ўтказиш даврида уларнинг ташкилотчиларига берадилар. Бунда ҳужжатларни хатлов бўйича қабул қилинади, унинг нусхасини ҳужжатлар қабул қилинган сана тўғрисида белги қўйилган ҳолда ариза берувчига топширадилар. 2 иш куни мобайнида уларни рўйхатдан ўтказиш учун Дирекцияга берадилар. Низом билан ҳужжатларни топшириш муддатлари ҳам белгиланган.

Шартнома, экспорт контракти ёки қўшимча битимни рўйхатдан ўтказишда тўлов кунида белгиланган ЭКИҲнинг 2 баравари миқ­дорида воситачилик ҳақи ундирилади. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун ЭКИҲнинг 1 баравари миқдорида воситачилик ҳақи ундирилади.

Воситачилик ҳақи шартнома (экспорт контракти) томонларидан бири ёки бўйсуниш тартибида унинг юқори органи томонидан тўланади.

Низомда шартномани рўйхатдан ўтказишда риоя этилиши лозим бўлган тартиб белгиланган.

Шартнома ёки олдин рўйхатдан ўтказилган шартномага қўшимча битимнинг рўйхатдан ўтказилган асл нусхаси ариза берувчининг вакилига у шахсни ва шахснинг ваколатларини тас­диқлайдиган ҳужжатларни (ишончнома) тақдим этгач берилади.

Шартнома томонларидан бирининг мурожаати бўйича Дирекция томонидан 2 иш куни мобайнида шартномалар реестридан кўчирма берилади.

 

ҚАРЗНИ ВАҚТИДА ҚАЙТАРГАН МАЪҚУЛ

Вазирлар Маҳкамасининг 13.05.2014 йилдаги 120-сон Қарори билан Ижро ҳужжатлари бўйича ундирувни Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағларига ва бюджет ташкилотларининг молиявий мажбуриятларига қаратиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ижро ҳужжатлари бўйича Давлат бюджети маблағ­ларига ва бюджет ташкилотларининг молиявий мажбуриятлари бўйича ундирувни қаратиш, ушбу Низомда белгиланган хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда, «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонунига (29.08.2001 йилдаги 258-II-сон) мувофиқ, ижро ҳужжатида маблағларни Давлат бюджетидан тўлаш тўғрисидаги талаб мавжуд бўлган ёхуд ижро ҳужжатида бюджет ташкилоти қарздор сифатида кўрсатилган ҳолларда амалга оширилади.

Бюджет ташкилотининг — қарздорнинг молиявий мажбуриятлари бўйича ундирув, ижро ҳаракатларини амалга ошириш харажатларини ҳисобга олган ҳолда, ижро ҳужжатларини ижро этиш учун зарур бўлган миқдорда ва ҳажмда қаратилади. Бунда ижро йиғимини ундиришга йўл қўйилмайди.

Суд қарорларини ижро этиш доирасидаги муайян мажбуриятлар ва ҳаракатларни бажариш юкланган давлат органлари ва мансабдор шахсларга суд тартибидан ёхуд шикоят қилиш ёки протест келтириш тартибидан ўзгача тарзда суд ҳужжатини ижро этмаслик, ижро этишни тўхтатиб туриш ёхуд ижро этишга бошқача тарзда тўсқинлик қилиш тақиқланади.

Ундирувни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағларига қаратишни назарда тутадиган ижро ҳуж­жатларини ижро этиш молия органлари томонидан тегишли бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетида назарда тутиладиган режали бюджет маблағлари мулкий ва маънавий зарарни қоплаш бўйича тўловларни амалга оширишнинг манбалари ҳисобланади (давлат даромадига ўтказилган пул маблағлари ва мол-мулк қиймати суммалари бундан мустасно).

Ижро ҳужжатлари бўйича республика Давлат бюджетидан маблағлар олиш учун ижро ҳужжатида кимнинг фойдасига бюджет маблағлари ўтказилиши назарда тутилган бўлса, ўша шахслар ёхуд унинг вакиллари (кейинги ўринларда ундирувчилар деб аталади) ундирувчининг банкдаги ҳисобрақами реквизитлари кўрсатилган ҳолда аризани тақдим этадилар. Аризага суднинг ёхуд ижро ҳужжатини берган бошқа органнинг муҳри билан тасдиқланган ижро ҳужжатининг асл нусхаси илова қилинади.

Низомда молия органи ижро ҳужжатини ундирувчига ижро этмасдан қайтаришга ҳақли бўлган асослар санаб ўтилган. Ижро ҳужжатини бошқа асослар бўйича ижро этмасдан қайтаришга йўл қўйилмайди.

Ижро ҳужжатини аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун қайтариш ундирувчи томонидан ушбу бузилишлар бартараф этилгандан кейин ижро ҳужжатини тегишли молия органига такроран тақдим этишга тўсқинлик қилмайди.

Ижро ҳужжатини ижро этмасдан қайтариш учун асослар мавжуд бўлмаган тақдирда, тегишли молия органи ариза тушган кундан бошлаб 30 кун мобайнида молиялаштириш манбаларини аниқлаш ва тегишли бюджет маблағларини ариза берувчининг банкдаги ҳисобрақамига тўлаш чора-тадбирларини кўради. Айни бир вақтда, ариза берувчи ва суд ёки ижро ҳужжатини берган бошқа орган ижро ҳужжатини ижро этиш натижалари тўғрисида ёзма равишда хабардор қилинади.

Бюджет ташкилотларининг молиявий мажбуриятлари бўйича ундирувни назарда тутувчи ижро ҳужжатларини мажбурий ижро этиш суд ижрочилари томонидан амалга оширилади, шу боис улар суд ижрочисининг қарорини ғазначилик бўлинмаларига тақдим этадилар.

Ижро ҳужжатларини ижро этиш, биринчи навбатда, бюджет ташкилотининг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Тўланиши лозим бўлган қарз бюджет ташкилотининг харажатлар сметаси бўйича харажатлар моддасига мувофиқ бўлганда — бюджетдан ажратилган маблағлар ҳажми доирасида амалга оширилади.

Низом билан ғазначилик бўлинмаси томонидан суд ижрочисининг қарорини ижро этиш тартиби белгиланган.

 

ЯНГИ ТАРТИБ БЎЙИЧА ПЕНСИЯ

Вазирлар Маҳкамасининг 13.05.2014 йилдаги 121-сон қарори билан Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартибини янада такомиллаштиришга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қаро­рига (8.09.2011 йилдаги 252-сон) ўзгартириш ва қў­шимчалар киритилди.

Қабул қилинган ҳужжат билан Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомга (252-сон Қарорга 1-илова) ўзгартиришлар киритилди. Белгиланишича, ногиронни 8 ёшгача тарбия қилган болаликдан ногироннинг онасига пенсия тайинлашда талаб қилинадиган 20 йиллик иш стажига қуйидаги даврлар қўшиб ҳисобланмайди:

олий таълим муассасаларида, аспирантурада (стажёр­лар-тадқиқотчилар-изланувчилар институтида), док­то­ран­турада (катта илмий ходимлар-изланувчилар инс­титутида) ва клиник ординатурада кундузги ўқиш, шу жумладан, чет элда ўқиш;

бола 3 ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш таътилларида бўлиш вақти;

офицерлар таркибидан бўлган шахсларнинг, прапоршчикларнинг, мичманларнинг ва муддатдан ташқари хизмат ҳарбий хизматчиларининг хотинлари, уларни ишга жойлаштириш имконияти бўлмаган жойларда эрлари билан яшаган вақт.

Шуни эслатиб ўтамизки, илгари мазкур даврлар иш стажига камида 5 йил иш стажи мавжуд бўлганда киритилар эди.

Қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда болани парваришлаш таътили бошланган сана сифатида ҳоми­ладорлик ва туғиш таътили тугаган сана қабул қилинади (илгари бола туғилган сана қабул қилинар эди).

Меҳнат шартномаси бўйича ишловчи шахсларнинг иш стажига Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаш шарти билан уларнинг иш даври қўшиб ҳисобланади.

Энди чет элда ишлаш даврлари умумий иш стажига Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига белгиланган суғурта бадаллари тўланган бўлса ҳам қўшиб ҳи­собланади, қоидадан «агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида ўзгача ҳоп назарда тутилмаган бўлса» деган шарт чиқариб ташланди.

Киритилган ўзгартиришларга мувофиқ I гуруҳ ногиронига ёки 80 ёшга тўлган кексаларга қараб туришнинг ҳақиқий ҳолатларини текшириш далолатномаларини расмийлаштиришнинг даврийлиги ҳар 12 ойга белгиланади. Далолатномалар I гуруҳ ногирони ёки кексаларнинг пенсия ишига тикиб қўйилади ва қараб турган шахс­га пенсия тайинлашда иш стажига киритиш учун асос ҳисобланади.

Пенсия тайинлаш учун мурожаат қилган шахс томонидан пенсия тайинлаш учун тақдим этилган аризада у танлаган 5 йиллик давр кўрсатилади.

Бошқа туман (шаҳар)да яшовчи оила аъзоси унга боқувчисини йўқотганлик пенсиясидан улуш ажратиб бериш ёки тайинлаш тўғрисида ариза билан мурожаат қилган тақдирда, пенсия мурожаат қилинган ойдан ке­йинги ойнинг биринчи кунидан бошлаб тайинланади.

Низомга 2014 йил 1 январдан бошлаб фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома бўйича ишлайдиган ва қонун ҳужжатлари билан белгиланган ёшга доир пенсияларнинг минимал миқдоридан (15.12.2013 йилдан – 187 970 сўм) паст даромад (гонорар, тақдирлаш пули ва бошқалар) оладиган пенсионерларга пенсияни тўлиқ миқдорда тўлаш ҳуқуқини берувчи амалдаги меъёр ҳам киритилди.

Белгиланишича, бошқа давлатдан келган шахснинг, шу жумладан, илгари Ўзбекистон Республикасидан кетган шахснинг пенсия ҳужжатлари йиғмажилдини ҳисобга қабул қилиб олишда, Пенсия жамғармаси бўлимига мурожаат қилинган кундан бошлаб пенсия ҳисоблаб ёзилади ва тўланади.

Ўзбекистон Республикаси ташқарисида расмийлаштирилган ишончномага ушбу ҳужжат расмийлаштирилган давлатнинг ваколатли давлат органи томонидан апостиль қўйилиши лозим, Фуқаролик, оилавий ва жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар конвенциясининг (Минск шаҳри, 1993 йил 22 январь) иштирокчи давлатлари — Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар бундан мустасно.

Пенсияни тўлаш пенсионер ёки унинг васийси Пенсия жамғармаси бўлимига келгандан сўнг ва у ариза тақдим этгандан, шунингдек шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўр­сатгандан сўнг тикланади.

Ўзбекистон Республикаси ташқарисига доимий яшаш учун кетаётган фуқароларга пенсияни тўлаш унинг аризаси ва «Доимий яшаш жойидан рўйхатдан чиқарилди» деган белги бўлган шахсини тасдиқловчи ҳужжат асосида тўхтатилиши мумкин.

Агар пенсионернинг давлат олдида у томонидан содир этилган суиистеъмолликлар (атайлаб нотўғри маълумотлар мавжуд бўлган ҳужжатлар тақдим этилиши, бо­қувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланган оила ­аъзолари таркибидаги ўзгаришлар тўғрисида маълумотлар тақдим этилмаслиги) натижасида пенсиялар суммасининг ортиқча тўланиши бўйича қарздорлиги мавжуд бўлса, пенсияга оид ҳужжатлар йиғмажилди етказилган зарар тўлиқ қоплангандан сўнг берилади.

Ҳужжат билан бошқа қатор ўзгартиришлар киритилди.

 

Ҳужжатларга қисқача шарҳларни
эксперт-юристимиз Елена ЕРМОХИНА тайёрлади.

Прочитано: 4385 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика