Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 19 / Почта қутиси

Хориждан ускуна ижарага олинганда

Фирмамиз қозоғистонлик ҳамкордан техник ускунани ижарага олишни мўлжаллаяпти. 18 ой мобайнида ундан фойдаланишга контракт расмийлаштирмоқчимиз. Уни республикага олиб кираётганда қандай божхона расмиятчиликларига риоя этилади?

Т.Зинатулин.

 

– Сиз хорижда ижарага олган ускунани Божхона кодексининг (БК) 22-моддасига мувофиқ «Вақтинча олиб кириш» божхона режимида расмийлаштириш керак. Унда товарларни вақтинча олиб киришга уларни қайта олиб чиқиш мажбурияти тақдим этилган тақдирда йўл қўйилади. Моддада белгиланишича, товарлар вақтинча мамлакатимиз ҳудудида жойлаштирилади ва белгиланган муддат мобайнида уларнинг ҳолатини тубдан ўзгартирмаган тарзда фойдаланилади. Бироқ ушбу шарт­ни айнан қабул қилмаслик керак. Табиийки, вақтинча олиб кирилган, айтайлик, техника ёки ускуна фойдаланиш чоғида эскиради. Бунга йўл қўйилади, ҳатто уларни таъмирлаш мумкин, бироқ мукаммал таъмирланмайди. Энг муҳими – Ўзбекистондан олиб чиқиш чоғида божхона органлари уларни идентификациялаш имкониятига эга бўлсинлар.

Вақтинча олиб кириш божхона режими шуниси билан фойдалики, унга жойлаштирилган товарлар бождан, солиқлардан тўла ёки қисман озод этилади. Ушбу режимга мақомига кўра хорижий бўлган товарларгина жойлаштирилиши мумкинлигини билиш муҳим.

Вақтинча олиб кирилган товарларга иқтисодий тусдаги тақиқ ва чеклашлар қўлланилмайди, бироқ ташқи савдо фаолиятини тартибга солишга доир қонун ҳужжатларида назарда тутилган қолган барча тақиқ ва чеклашлар муайян чеклаш ёки тақиқ белгиланган ­меъёрий ҳужжатда назарда тутилган тартибда албатта қўлланади.

Режимни қўллаш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида товарлар ва транспорт воситаларини вақтинчалик четдан олиб келиш (четга олиб чиқиш) шартлари тўғрисида»ги Қарори (13.04.2013 йилдаги 106-сон) ва у тасдиқлаган Товарлар ва транспорт воситаларини вақтинчалик четдан олиб келиш (четга олиб чиқиш) божхона режимига қўйиш қоидалари (бундан ке­йин – Қоидалар) билан белгиланган.

 

Маълумот учун! Қуйидагилар вақ­тин­чалик четдан олиб келиш (олиб чи­қиш) божхона режимига қўйишнинг шартлари ҳисобланади: уларга дек­ларация тўлдириш; идентификация­лаш имкониятини таъминлаш; зарур ҳолларда божхона тўловларини тўлаш ва агар товар ваколатли органлар томонидан назорат қилиниши керак бўлса, уларнинг рухсатномаларини тақдим этиш.

 

Қоидаларнинг IV бўлимида вақтинча олиб кириладиган товарлар ва транспорт воситаларини божхона божлари ҳамда солиқлардан тўлиқ озод этиш шартлари белгиланган. Чунончи, Қоидаларнинг 32-банди «г»–»х» кичик бандларида кўрсатилган товарларни вақтинчалик четдан олиб келишга бир йилгача бўлган муддатда божхона божлари ва солиқлардан тўлиқ озод этилган ҳолда рухсат берилади. Ушбу муддат тугагандан кейин уларга вақтинчалик четдан олиб келишнинг бундан кейинги муддатига даврий божхона тўловлари қўлланилади.

 

Бизнинг маълумотнома

Товарларни бирор-бир давлатнинг ҳудудига вақтинча олиб кириш халқаро амалиётда анча кенг қўлланади. Унга доир қоидалар кўпгина халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда, хусусан, янгиланган Божхона таомилларини уйғунлаштириш ва соддалаштириш Киото конвенциясида (1999 йил) келтирилган. Истанбулда имзоланган Вақтинча олиб кириш тўғрисида конвенция (1990 йил) бутунлай шу мавзуга бағишланган. Товарларнинг муайян тоифалари учун вақтинча олиб кириш қоидаларини белгилайдиган кўплаб бошқа халқаро битимлар, масалан, контейнерлар ва кўргазмалар бўйича конвенциялар мавжуд.

 

Шуни қайд этиш лозимки, БКнинг 23-моддасига кўра, товарларнинг айрим тоифалари учун қонун ҳужжатларига мувофиқ вақтинча олиб кириш (олиб чиқиш)нинг анча узоқроқ муддатлари белгиланиши мумкин. Қоидаларга 4-иловада бундай товарларнинг Рўйхати белгиланган. Эҳтимол, сиз олиб киришни мўлжаллаётган ускуна ҳам унга киритилгандир.

 

Маълумот учун! Товарларни вақ­тинчалик четдан олиб келиш режимига қўйишнинг белгиланган муддати БЮДда кўрсатилади.

 

Товарлар ва транспорт воситаларини вақтинча олиб киришга (олиб чиқишга) рухсатнома олиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддати 5 кунни ташкил қилади.

Агар божхона органи томонидан белгиланган муддатда товар Ўзбекистондан олиб чиқиб кетилса ёки бошқа божхона режимида жойлаштирилса, вақтинча олиб кириш режимининг амал қилиши тугаган деб ҳисобланади.

  

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз

Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 991 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика