Микрофирмамизнинг асосий фаолияти чакана савдо ҳисобланади. Ўртача ойлик товар обороти 100 млн сўмни ташкил қилади. Шундан: нақд пулли ҳисоб-китобдан 35 млн, пластик карточкалар бўйича 65 млн сўм келиб тушади. Бизга пул ўтказиш йўли билан олдинги ой учун олинган тушумнинг 10%и ҳажмида товарларни реализация қилишга рухсат берилади. Буни қандай тушумдан ҳисоблаш керак: нақд пулли ҳисоб-китобнинг 35 млн сўмиданми ёки пластик карточкалар бўйича савдони қўшган ҳолда бутун сотиш суммасиданми (100 млн сўм)? Пул ўтказиш бўйича товар оборотига қандай ставкада ЯСТ солинади: чакана савдо учун белгиланган – 2% ёки улгуржи савдо учун белгиланган – 5%лик ставкадами? Пул ўтказиш бўйича реализация қандай фаолиятга киритилади: чакана савдогами ёки улгуржи савдога?
Я.Солиҳов,
«Қоракўл Сайл» МЧЖ бухгалтери.
– Чакана савдо корхоналари нақд пулга ва пластик карточкалар бўйича сотишни амалга оширадилар. Бироқ уларга ўтган ой учун ойлик товар обороти умумий ҳажмининг 10%и доирасида пул ўтказиш йўли билан ҳақ тўлаган ҳолда товарларни реализация қилишга ҳам рухсат берилган (Улгуржи ва чакана савдо фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида низомнинг 19-банди, ВМнинг 26.11.2002 йилдаги 407-сон Қарори билан тасдиқланган). Реализациянинг ҳажми ҳар бир ой учун алоҳида ҳисобланади. Олдинги ойлар ҳисобига, улар мобайнида 10 фоизлик лимитдан фойдаланилмаган бўлса, юридик шахснинг ҳисобварағидан ўтказилган товарлар учун ҳисоб-китобни қилишга йўл қўйилмайди.
Чакана савдо корхоналари сотиш ҳажмида чеклашсиз товарларни қуйидагича реализация қилишга ҳақлилар:
ижтимоий соҳадаги бюджет ташкилотлари ва муассасаларига (болалар, даволаш муассасалари, қариялар ва ногиронларнинг «Саховат», «Мурувват» уйлари, ўқув ва маърифат муассасаларига) нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича;
юридик шахсларнинг корпоратив пластик карточкалари бўйича.
Сизнинг чакана савдо корхонангиз учун ойлик товар обороти 100 млн сўм ҳисобланади. Унда пластик карточкалар бўйича реализация ҳам ҳисобга олинади.
Нақд пулсиз реализациядан олинган товар оборотига (бюджет ҳамда ижтимоий ташкилотлар ва муассасаларга, юридик шахсларнинг корпоратив пластик карточкалари бўйича қилинган 10% доирасида) чакана савдо корхоналари учун белгиланган ЯСТ ставкаси бўйича солиқ солинади. Эътибор беринг, 2014 йилда пластик карталар қўлланган ҳолда ҳақи тўланган товар обороти бўйича ЯСТ ҳисоб-китоби чоғида солиқ ставкаси 5%га пасайтирилади.
Мария САБИРОВА,
экспертимиз.