Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 19 / Бизнинг маслаҳатлар

Хорижий фуқаро даромадидан қандай солиқлар олинади?

Хорижий фуқарога тўланадиган даромадларга қандай солиқ ва тўловлар солинади?

Хорижий фуқаролардан ҳам Ўзбекистон Республикаси фуқаролари сингари ШЖБПҲ (1%), ижтимоий бадаллар (6,5%), ЯИТ (25%) ушланадими?

«Норма» электрон дастури фойдаланувчиси.

Тошкент шаҳри.

 

– Меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида Ўзбекистонга келувчи хорижий фуқаро иш берувчи томонидан олинган рухсатнома асосида унинг номига берилган меҳнат фаолияти ҳуқуқи тасдиқномаси бўлгандагина республика ҳудудида ишлаши мумкин (ВМнинг 19.10.1995 йилдаги 408-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида хорижий ишчи кучларини жалб қилиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида низом). Хорижий фуқароларни ишга жойлаштириш ва улар меҳнатига ҳақ тўлаш Меҳнат кодексида барча жисмоний шахслар учун назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

Ўзбекистон ҳудудида хорижий жисмоний шахсларга солиқ солиш Солиқ кодексига му­вофиқ ва уларда Ўзбекистон резидентлигининг бор-йўқлигига қараб амалга оширилади. Солиқ кодексининг 19-моддасига кўра, республикамиз резиденти деб Ўзбекистон Республикасида доимий яшаб турган ёки жорий солиқ даврида якунланаётган ҳар қандай кетма-кетликдаги 12 ойлик давр ичида жами 183 кун ва ундан ортиқ муддат Ўзбекистон Республикасида турган жисмоний шахс ­эътироф этилади.

Агар хорижий ходим Ўзбекистонда 183 кундан кам яшаган бўлса ва шу боис норезидент деб ҳисобланса, меҳнат шартномалари (контрактлари) ва фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича олинган даромадларга, яъни унинг ишларнинг бажарилиши, хизматлар кўрсатилиши билан боғлиқ даромадларига 20%лик ставкада солиқ солинади (Солиқ кодексининг 182-моддаси). 183 кун ўтганидан кейин ишлашда давом этганда у резидентга айланади, шунда унинг жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи белгиланган шкала бўйича қайта ҳисоб-китоб қилиниши керак.

Тўлов манбаида солиқ солиш тўлов Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ёки унинг ҳудудидан ташқарида содир этилганлигидан қатъи назар амалга оширилади.

Мажбурий ажратмалар ва уларнинг қандай ставкаларда ушланиши масаласига келсак, Солиқ кодексининг 305-моддасида белгиланишича, ягона ижтимоий тўловни тўловчилар қуйидагилардир:

юридик шахслар – Ўзбекистон Республикаси резидентлари;

Ўзбекистон Республикасида фаолиятни дои­мий муассаса, чет эллик юридик шахсларнинг ваколатхоналари ва филиаллари орқали амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси норезидентлари.

Жисмоний шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек Ўзбекистон Рес­публикасида доимий равишда яшаб турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахс­лар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўловчилардир. Суғурта бадалларини ҳисоблаш ва ушлаб қолиш мажбурияти, шунингдек уларнинг тўғри ҳисоблаб чиқарилиши учун жавобгарлик иш берувчи зиммасига юклатилади.

Хорижий фуқароларнинг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Респуб­ликасида бўлишлари қоидалари (ВМнинг 21.11.1996 йилдаги 408-сон қарори билан тасдиқланган) ҳамда Хорижий шахсларга Ўзбекистон Республикасида яшаш учун гувоҳнома, фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон Республикасида яшаш учун гувоҳнома ва фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси тўғрисидаги низомга (Президентимизнинг 26.02.1999 йилдаги ПФ-2240-сон Фармонига 2-илова) кўра республика ҳудудида доимий пропискага ва белгиланган тартибда Ўзбекистон ички ишлари органлари томонидан берилган яшаш учун гувоҳномага эга бўлган чет эллик фуқаролар Ўзбекистонда доимий яшовчилар деб ҳисобланади.

Хорижий ва фуқаролиги бўлмаган шахс­ларга Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси уларнинг республикамизда дои­мий яшаш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳисобланади.

«Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунга (2.12.2004 йилдаги 702-II-сон), Вазирлар Маҳкамасининг 21.12.2004 йилдаги уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги 595-сон қарорига ҳамда Иш берувчилар томонидан фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига мажбурий бадалларни қўшиш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга (АВ томонидан 6.10.2005 йилда 1515-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ иш берувчилар, шунингдек меҳнат фаолиятини меҳнат шартномаси бўйича амалга ошираётган фуқаролар учун жамғариб бориладиган пенсия тизимида иштирок этиш мажбурийдир. Мажбурий жамғариб бориладиган пенсия бадаллари – мажбурий тартибда шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига киритиладиган пул маблағларидир.

Меҳнат фаолиятини меҳнат шартномалари бўйича амалга ошираётган фуқаролар (улар жумласига ишловчи пенсионерлар, ўриндошлар ҳам киради), шунингдек фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар бўйича ишларни бажарадиган фуқаролар, агар ушбу ходимлардан қонунга мувофиқ жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ушланса, жамғариб бориладиган пенсия тўловларини олувчилар сифатида жамғариб бориладиган пенсия тизимининг мажбурий иштирокчилари ҳисобланадилар.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ жисмоний шахс­лардан олинадиган даромад солиғини тўлашдан тўлиқ озод этилган бошқа фуқа­ролар, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар, юридик шахсни ташкил этмаган деҳқон хўжаликларининг аъзолари, чет эллик фуқаролар жамғариб бориладиган пенсия тизимида ихтиёрий асосда иштирок этадилар, яъни пул маблағлари шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига ихтиёрий асосда ўтказилади.

Юқорида баён этилганлардан келиб чиқил­ганда, чет эллик ходимнинг меҳнат ҳақи тарзидаги даромадларидан ягона ижтимоий тўлов (25%) тўлаши керак.

Фуқароларнинг суғурта бадаллари (6,5%) чет эллик ходимлар доимий прописка ва яшаш гувоҳномасига эга бўлганларидагина ушланади. Агар улар вақтинчалик пропискада бўлсалар, улардан суғурта бадаллари ушланмайди.

Мажбурий жамғариб бориладиган пенсия бадаллари (1%) чет эллик ходимларга татбиқ этилмайди. Улар жамғариб бориладиган пенсия тизимида ихтиёрий асосда иштирок этадилар.

 

Жавобларни «Soliq Kalkulyatori» солиқ маслаҳати ташкилоти эксперти

Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ тайёрлади.

Прочитано: 2460 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика