Тошкент солиқ коллежида «Солиқ билимлари – болаларга» кўрик-танловининг мамлакат босқичи бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ҳамкорлигида ташкил этилган танловда умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари иштирок этди.
Тадбир иштирокчилари мамлакатимизда юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, илм-фан ютуқларини пухта ўзлаштирган йигит-қизларни вояга етказиш, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Танловда Ўзбекистон Республикасида солиқ сиёсати мавзусидаги иншо, солиқлар нимага сарфланиши ҳақида электрон тақдимот, солиқ соҳасига оид суратлар шарҳи, соҳанинг ҳикояларда акс эттирилиши каби йўналишлардаги энг яхши асарлар танлаб олинди.
Бухоро шаҳридаги 34 ва 21-умумтаълим мактаблари ўқувчилари Миржаҳон Исломов ва Севил Ҳикматова, Тошкент солиқ коллежи ўқувчилари Миркарим Фозилов ва Кристина Честних турли йўналишлар бўйича биринчи ўрин ғолиби, деб топилди.
ЎзА материали асосида.