Ходим ишлаб чиқариш цехига 2013 йил 1 майда ишга қабул қилинди. Унга 2014 йил 13 февралдан 18 иш куни муддатига биринчи таътил берилди.
Ходимнинг таътилдан олдинги иш ҳақи тариф бўйича 400 000 сўмни ташкил этди. 2014 йил 1 мартдан унинг маоши 20%га ошди ва 480 000 сўмни ташкил этди.
Ходимга ишланган давр учун қуйидаги қўшимча тўловлар ҳисобланди:
мукофот – 80 000 сўм;
моддий ёрдам – 250 000 сўм;
ишбай ишга қўшимчалар – 170 000 сўм.
Ходимнинг таътили 13 февралдан 10 мартгача давом этди (12 иш куни февраль ойида ва 6 иш куни март ойида). Асосий таътил – 15 иш кунини, қўшимча таътил – 3 иш кунини ташкил этади.
Ходим таътилда бўлган вақтда тариф ставкаси ошса, таътил вақтига ҳақ суммаси қандай ҳисобланади?
– Таътил вақтига ҳақ тўлаш учун ўртача ойлик иш ҳақи ҳисоб-китоб кунидаги лавозим маошидан келиб чиққан ҳолда, уни ҳисобга олинаётган даврда белгиланган лавозим маошидан ортиқча суммаларнинг 1/9 (ходим биринчи йил ишлаётганлиги ва тўлиқ 9 ой ишлаб берганлиги туфайли) қисмига оширилиб аниқланади.
Ҳисоб-китобларга кўра, у 427 777,78 сўмни (400 000 + (80 000 + 170 000) / 9) ташкил этади.
Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоб-китоб қилишда моддий ёрдам суммалари ҳисобга олинмайди, чунки ушбу тўловларга ижтимоий суғурта ажратмалари ҳисобланмайди.
Таътил вақтига ҳақ суммаси 303 149,61 сўмни (427 777,78 / 25,4 х 18) ташкил этади.
1 мартдан ходимнинг маоши ўзгарганлиги сабабли меҳнатга ҳақ тўлашнинг янги шартларидаги корхонанинг ишлаган кунларига тўғри келган иш кунларининг амалдаги сони учун тўловлар қайта ҳисобланиши керак (Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш тартибининг 6-банди, ВМнинг 11.03.1997 йилдаги 133-сон қарорига 6-илова).
Март ойининг 6 иш куни учун янги маош бўйича ҳисобланган таътил вақтига ҳақ 119 947,51 сўмни (507 777,78 / 25,4 х 6) ташкил этади.
Бу ерда 507 777,78 сўм – ўртача ойлик иш ҳақи (480 000 + (80 000 + 170 000) / 9) маош ошишидан илгариги таътил вақтига ҳақ 101 049,87 сўм (427 777,78 / 25,4 х 6) ҳисобланган. Демак, ходимга қўшимча 18 897,64 сўм (119 947,51 – 101 049,87) тўлаш лозим.
Жавоблар «Кичик корхона электрон бухгалтери» қўлланмасидан олинди.