Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 3 / Акс-садо

Орзиқиб кутилаётган сертификатлаштириш

Бир неча йилдирки, газетангизга обуна бўлиб, «Norma» компаниясининг бошқа маҳсулотларидан фойдаланиб келаман. Меҳнатингиз, бухгалтерлар учун фойдали маслаҳатларингиз учун миннатдорчилик билдираман.

«Солиқ ва божхона хабарлари»да (17.12.2013 йилдаги 50 (1010)-сон) чоп этилган «Бухгалтерлар учун сертификатли бўлиш фурсати келди» мақоласини ўқиб, ҳафсалам пир бўлди.

Мен CAP/CIPA сертификацияси бўйича курсларни тамомлаганман, барча фанлардан имтиҳонларни муваффақият билан топширганман, аъзолик бадалларини 2013 йил апрелидаёқ тўлаганман. Бироқ ҳали ҳам сертификат олганим йўқ. Мазкур сертификатлаштиришдан ўтган, ўз ҳужжатини ўтган йилнинг мартидан кутаётган бошқа ҳамкасбларим ҳам ана шундай аҳволдалар. Имтиҳонлар топширилгани, билим даражасини ошириш ва нуфузли «Сертификатланган мутахассис» унвонини олишга кўп пул сарфланганлигига қарамай (ўқиш ва барча имтиҳонларни топшириш билан биргаликда битта сертификат олиш, вақт сарфини ҳисобламаганда, тахминан 2,5 млн сўмга тушади), шундай бўляпти.

Сертификатларни бериш но­муайян муддатга тўхтатиб қўй­илган. Унинг қачон тикланиши ва умуман тикланиш-тикланмаслиги ҳам ҳеч кимга маълум эмас. Бироқ Ўзбекистон Бухгалтерлар, аудиторлар ва маслаҳатчилар федерацияси ўқитишни, CIPAEN UZ компанияси эса имтиҳонларни ўтказишни давом эттиряпти, ҳатто март ойидан буён ҳеч ким сертификатларни олмаётганлиги, бу муаммо қачон ҳал этилишидан бехабарликлари тўғрисида маълум қилмаяптилар. Сертификатлаштириш зарурати тўғрисида суҳбат юритишда эса давом этяптилар.

Гап шундаки, ЕСБАК иши юзасидан низо, судлашув бошланиб кетган. Шу туфайли МДҲнинг бутун ҳудудида ўтган йил ҳеч ким сертификат олмади. Кимга шикоят қилишни билмаймиз, кутиш ва умид қилишдан ўзга иложимиз йўқ. Шу сабабли сизнинг мақолангиз сертификатланган бухгалтер бўлишга ҳаракат қилаётган кўпгина бухгалтерларга акс таъсир қилди.

Балки газетангиз мазкур масала юзасидан бухгалтерлар нимага умид қила олишлари, ЕСБАКда аҳвол қандайлиги тўғрисида расмий тушунтиришлар чоп эта олар? Узоқ кутилган сертификатлар қачон берилади? Уларнинг соҳиблари халқаро сертификатланган бухгалтер мақомига эга бўладиларми? Барча ҳаракатларимиз беҳуда кетмадими?

Елена, бухгалтер.

 

Ҳурматли Елена!

Сўровингизни биз Аудиторлар палатаси, Бухгалтерлар ва аудиторлар миллий уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Бухгалтерлар, аудиторлар ва маслаҳатчилар федерациясига юбордик. Бугун биз ушбу жамоат ташкилотларидан олинган жавобларни чоп этяпмиз. Таҳририят бундан кейин ҳам ушбу мавзуни назорат остида тутмоқчи.

 

– Салом, ҳурматли Елена!

Сизнинг ҳаяжон билан ёзилган хатингизни олиб, нафақат унга жавоб беришга, балки ҳозирги пайтда шунга ўхшаш вазиятга тушиб қолганларга илк бор мурожаат қилишга қарор қилдик.

Евросиё Сертификатланган бухгалтерлар ва аудиторлар кенгаши (ЕСБАК) аъзоси бўлган Ўзбекистон профессионал ташкилотлари 2002 йилдан бери имтиҳонларни муваффақиятли топширган мутахассисларга CAP/CIPA сертификатларини мунтазам бериб келмоқдалар.

Ўзбекистон профессионал ташкилотларидан ташқари ЕСБАК таркибига Озарбайжон, Белоруссия, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия, Тожикистон, Туркманистон, Украина профессионал ташкилотлари киради. ЕСБАК Бошқарувига 2001–2012 йилларда, яъни 11 йил мобайнида С.Х.Кошкимбоев раислик қилиб келди, у сертификатлаштириш тизимини собитқадамлик ва аниқлик билан юритди. Имтиҳонларни ўтказишда ҳам, сертификатларни тайёрлаш ва беришда ҳам ҳеч қачон узилишлар бўлмаган эди. 2012 йил сентябрида ЕСБАК Бошқаруви раиси этиб Н.О.Алимбетов сайланди, у на ЕСБАК Бошқаруви, на аъзолари билан келишилмаган, шу жумладан CAP/CIPA сертификатлари юзасидан ўз сиёсатини юрита бошлади. Ушбу сиёсатга қўшилмаган ЕСБАК аъзоларининг кўпчилиги муаммоларни мунозара юритиш йўли билан ҳал этишга ҳаракат қилдилар, бироқ мақсадларига эришмагач, суд органларига даъво аризаси билан мурожаат қилишга мажбур бўлдилар. Суд жараёни муносабати билан 2013 йил мартидан бошлаб сертификатлар берилиши тўхтатиб қўйилди.

Алмати шаҳар судининг (ЕСБАК офиси ушбу шаҳарда жойлашган) 2013 йил 18 декабрдаги ҳал қилув қарори билан ЕСБАК умумий йиғилишининг 2012 йил 12 сентябрдаги қарорининг Бошқарув раиси этиб Н.О.Алимбетовни сайлаш бобидаги қисми ноқонуний деб топилди ва бекор қилинди. Бу ижобий силжиш юз бериши, тез орада тўхтатиб қўйилган сертификатларни бериш жараёни тикланишини англатади.

Биз CAP/CIPA сертификатларини бериш жуда қиммат туришини, кўп мутахассислар ўзларининг профессионал фаолиятлари ҳамда бундан кейин касб поғонаси бўйича ўсишларини айни шу билан боғлашларини тушунамиз. Айни шу сабабли Ўзбекистон профессионал ташкилотлари CAP/CIPA сертификатларини бериш ишида ўз мажбуриятларини бажариш учун масъулиятлари жуда катталигини ҳис этадилар ва уни қонуний асосда тезроқ тиклаш учун имкони бўлган барча ишни қиладилар. Бунда САР ва CIPA сертификатларини илгари амал қилган тарзда бериш давом эттирилади.

Айни пайтда Ўзбекистон Бухгалтерлар ва аудиторлар миллий уюшмаси сертификат олишни кутаётган барча даъвогарларнинг ҳисобини юритаётганини, заруратга кўра даъвогарнинг САР ёки CIPA сертификатини олишга ҳуқуқини тасдиқловчи хат бера олишини маълум қилади.

Миновар ТЎЛАХЎЖАЕВА,

Ўзбекистон Бухгалтерлар ва аудиторлар

миллий уюшмаси Кенгашининг раиси,

и.ф.д., CAP.

 

– ЕСБАКда суд муҳокамалари билан боғлиқ вазият юзага келганлиги муносабати билан CAP/CIPA сертификатларини бериш вақтинча тўхтатилган. Сертификатларни ЕСБАК беришини ҳисобга олсак, суд жараёни якунланишига қадар ушбу масала ҳал этилиши мумкин эмас.

Ўз томонидан Ўзбекистон Аудиторлар палатаси муайян даъвогар тегишли барча имтиҳонларни муваффақиятли топширганлиги тўғрисида ёзма гувоҳлик беришга, сертификат олиниши билан у берилган санани қайд этган ҳолда соҳибига топширишга тайёр.

Равшан ҲАЙДАРОВ,

Ўзбекистон Аудиторлар ­палатаси раиси.

 

– Ҳурматли Елена!

Ҳозирги вақтда ЕСБАК даъвогар бўлиб чиқаётган, асосан ЕСБАКнинг собиқ раҳбарларидан иборат бўлган Кенгаш аъзоларининг бир қисми томонидан жавобгар сифатида суд жараёнига тортилган. Суд ЕСБАК рўйхатдан ўтказилган жойда – Қозоғистон Республикасининг Алмати шаҳрида ўтяпти.

Сўнгги сессиялар натижалари бўйича CIPA сертификатларини бериш масалаларини ҳал этиш учун ҳақиқий ­аъзоларнинг 2/3 қисмини ташкил этувчи ЕСБАК аъзоларининг конструктив қисми CIPA сертификатларини бериш тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ва сертификатларни беришни бошлаш учун ЕСБАК умумий йиғилишини ўтказиш масаласини икки марта кўтариб чиқди. Бироқ ўзгартиришларнинг мухолифлари икки маротаба таъминлаш чораси сифатида мазкур йиғилишларни ўтказишни тақиқлаш тўғрисида суд ажримининг қабул қилинишига эришдилар.

Суд муҳокамалари муносабати билан ЕСБАК «Сертификатланган амалиётчи бухгалтер» ва «Сертификатланган халқаро профессионал бухгалтер» сертификатлари берилишини тўхтатишга мажбур бўлди. Бу имтиҳонларни муваффақиятли топширган ва сертификатлар олиш учун зарур бошқа талаб­ларни бажарган иштирокчилар уларни олмаслигини англатмайди. Сертификатлар кейинроқ – вазият ҳал бўлганидан сўнг берилади.

Эҳтимол, «Сертификатланган амалиётчи бухгалтер» биринчи даражали сертификатининг номи ўзгарар, зеро кейинги йилларда қабул қилинган ЕСБАК умумий йиғилишининг қарорига кўра сертификатлаштиришнинг асосий даражаси «Сертификатланган халқаро профессионал бухгалтер»– ­CIPA ҳисобланади.

Биз мазкур вазият CIPA дастурининг барча иштирокчилари – сертификат эгаларини ҳам, ҳали уни олмаганларни ҳам ташвишлантираётганини тушунамиз.

Агар сиз сертификатга эга бўлсангиз, ўз вақтида малака ошириш курсларидан ўтишингиз ва ўзингиз аъзо бўлган ташкилотда аъзолик тўғрисидаги низомнинг бошқа талабларини бузмаслигингиз керак.

Агар сиз сертификат олишни кутаётган ёки эндигина таълим олаётган бўлсангиз, сертификатни суд муҳокамаси тугаганидан кейин оласиз.

Нозир ИБРОҲИМОВ,

Ўзбекистон Бухгалтерлар,

аудиторлар ва маслаҳатчилар федерацияси

Бошқаруви раиси.

Прочитано: 2408 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика