Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 3 / Ташқи иқтисодий фаолият

Экспорт қилиш чоғидаги расмиятчиликлар

2013 йилда мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларининг экспорт салоҳиятини ривожлантириш, кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик ва фермерлик ташқи иқтисодий фаолият юритиши учун қулай шарт-шароит барпо этишга фаол кўмак берилди.

 

Амалдаги қонун ҳужжатларида ТИФнинг барча жиҳатлари, шу жумладан маҳсулот экспортига рухсатнома ва сертификатлар олиш тартиби белгиланган. Чунончи, Вазирлар Маҳкамасининг «Сертификатлаштириш тартиботларини ва сифат менежменти тизимларини жорий этишни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори (28.04.2011 йилдаги 122-сон) билан экспортга йўналтирилган, хусусан қишлоқ хўжалиги маҳсулотини мажбурий сертификатлаштириш бекор қилинди. Бу эса тадбиркорларга вақт ва маблағни тежаш имконини беради.

Ўзбекистон товарлари олиб кириладиган мамлакатнинг қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзларни олиш учун эса уларнинг келиб чиқишини тасдиқлайдиган сертификатлар расмийлаштирилади. Тадбиркорлар билан учрашувларда кўпинча уларни расмийлаштириш қоидаларига оид саволлар берилади. Бундай саволлар газетамизга ҳам келади.

Товарларнинг келиб чиқишини сертификатловчи ваколатли орган Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳисобланади. Товар Ўзбекистондан олиб чиқилаётганда унинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат унинг зарурлиги контрактларда, олиб кириш мамлакатининг миллий қоидаларида қайд этилган ёки мамлакатимизнинг халқаро мажбуриятларида назарда тутилган бўлса, шунингдек экспортчининг хоҳишига кўра берилади. ­ТИАИСВнинг сертификатлаш бўйича эксперт органи бўлиб унинг таркибий бўлинмаси – «Ўз­бекэкспертиза» ОАЖ ҳисобланади. У Тошкент шаҳри, Паркент кўчаси, 51-уй ман­зилида жойлашган (тел./факс 238-53-57). Унинг таркибига пойтахтдаги «Аэропорт», «Сергели», «Назарбек», «Акциз пости» ва Тошкент вилоятидаги «Олмалиқ», «Чирчиқ», «Бекобод» филиаллари билан бирга Тошкент шаҳридаги бош корхона, республиканинг барча минтақаларидаги 12 та шуъба корхона киради. Экспортчи Товарларнинг келиб чиқи­шини сертификатлашни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомда (ТИАИСВ, МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 13.08.2010 йилда 2131-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган, бундан кейин – Низом) назарда тутилган тартибда товарнинг келиб чиқиши сертификатини олиш учун улардан бирига мурожаат қилиши мумкин.

 

Ҳужжатлар

Сертификат олиш учун экспортчи товар юкланадиган жойдаги ваколатли органга Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шаклда ёзма ариза тақдим этади. Аризага раҳбар ёки ваколатли масъул шахс­нинг имзоси ва ташкилот муҳри билан тасдиқланган қуйидаги ҳужжатларнинг нусхалари илова қилинади:

Ўзбекистоннинг ваколатли органларида рўйхатга қўйилган ёки ҳисобга олинган етказиб берувчи ва харидор ўртасидаги шартнома;

экспорт қилинаётган товарга ҳисобварақ-фактура (инвойс);

ишлаб чиқарувчи (тайёрловчи), экспорт қилинаётган товарни ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган хом ашё ва қисмларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатлар (хом ашёни етказиб бериш бўйича шартномалар, ҳисобварақ-фактуралар ёки республикага хом ашё ёки қисмларни олиб киришдаги божхона юк декларациялари);

товарни тайёрлаш технологик жараё­нининг бажарилишига асос бўладиган ҳужжатлар.

Агар сертификатланадиган товарлар­нинг ишлаб чиқарилишида импорт қи­линган қисмлар, хом ашё материаллари, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар ишлатилган бўлса, қўшимча тарзда товарнинг фойдаланилган материалларнинг қийматини ҳисобга олган ҳолда таннархининг ҳисоб-китоби (товарларнинг келиб чиқишини адвалор улуш қоидаси бўйича аниқлаш зарурати бўлган ҳолларда); товар позициясининг (товар тасниф кодининг) товарни қайта ишлаш натижасида содир бўлган ТИФ ТН бўйича дастлабки тўртта код белгисининг исталган бири даражасида ўзгаришининг асоси (келиб чиқиш мезони алоҳида айтиб ўтилмаган ҳолларда) тақдим этилади.

 

Маълумот учун! Тўлиқ ҳажмда тақдим этилмаган ҳужжатлар кўриб чиқиш учун қабул қилинмайди.

 

Экспертиза

Ўзбекистондан экспорт қилинаётган товарларнинг келиб чиқиш мамлакатини аниқлаш бўйича экспертиза ўтказиш ва сертификатни расмийлаштириш ариза топширилган санадан бошлаб 3 иш куни мобайнида амалга оширилади. Таомил олиб чиқилаётган товарни ишлаб чиқариш (тайёрлаш) жараёнини ўрганишдан ва товарнинг мамлакатимиздан келиб чиқишини тасдиқлаш учун экспертиза буюртмачиси томонидан тақдим этилган ҳужжатларни таҳлил қилишдан бошланади. Аввало эксперт тақдим этилган ҳужжатлар билан танишади ва уларнинг талабларга мувофиқлигини синчиклаб ўрганади.

Сўнгра экспорт қилинаётган товар туркумининг мавжудлиги текширилади (агар ариза берувчи уни ишлаб чиқарувчиси бўлиб ҳисобланмаса). Агар ариза берувчи олиб чиқилаётган товарнинг ишлаб чиқарувчиси бўлса, уни ишлаб чиқариш учун объектив шароитлар текширилади. Эксперт товар батамом ишлаб чиқарилган ёки етарлича қайта ишланган маҳсулот ҳисобланишини аниқлаши керак.

Башарти тадқиқот натижасида товарнинг Ўзбекистондан келиб чиқиши тасдиқланса ва келиб чиқиш мезони аниқланса, белгиланган шаклда (Низомга 2-илова) экспертиза далолатномаси тузилади. Экспертиза далолатномасида тақдим этилган ҳужжатлар тўғрисидаги барча маълумотлар, текшириш натижалари кўрсатилган бўлиши ва товарнинг келиб чиқишини аниқлашнинг аниқ асоси келтирилиши керак. Далолатнома 1 нусхада расмийлаштирилиб, ваколатли органда сақланади. У билан бирга эксперт хулосасини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари архивда 3 йилдан кам бўлмаган муддат давомида сақланади.

 

Маълумот учун! Экспертиза далолатномаси экспорт қилинаётган товарнинг шартномада кўрсатилган барча миқдорига ёки (экспортчининг ихтиёрига кўра) товарнинг туркумига расмийлаштирилади. Эксперт, экспертизанинг объективлиги, сифати ва ўз вақтида ўтказилишига ҳамда далолатноманинг лозим даражада расмийлаштирилишига жавобгардир.

 

Агар экспертиза товарнинг Ўзбекистонда «етарли даражада қайта ишланганлик» мезонига риоя қилинмаганлигини аниқласа ёки товар ишлаб чиқарилган мамлакатни аниқлаш имкони бўлмаса, экспортчига тақдим этилган маҳсулот Ўзбекистон Республикасидан келиб чиққан товар сифатида таснифлана олмаслиги тўғрисида, аниқ сабаблари кўрсатилган ҳолда эксперт хулосаси берилади.

 

Сертификат тўғрисида

Сертификат товарнинг жўнатишга тайёр бўлган туркумига Бош преференциялар тизимига мувофиқ преференциялар тақдим этувчи хорижий давлатларга экспорт қилинаётган товарларга – А шаклида, МДҲ давлатларига – СТ-1 шаклида, бошқа давлатларга – умумий шаклда ёки Ўзбекистон билан тузилган битимларда белгиланган шаклларда расмийлаштирилади.

 

Маълумот учун! Экспортчининг хоҳишига кўра, сертификат алоҳида транспортда ташилаётган товар бирликларига берилиши мумкин.

 

Одатда сертификат қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак: экспортчи ва импортчининг номи ва манзили; транспортда ташиш воситалари ва ҳаракатланиш маршрути (қанчалик аниқлигига қараб); ўринлар сони ва ўраб-жойлаш тури; товарни идентификациялаш учун зарур бўлган барча маълумотларни ўз ичига олувчи товарнинг баёни; брутто ва соф оғирлиги (ушбу кўрсаткичлар бошқалар билан, масалан, товар бирликлари сони ёки ҳажми кабилар билан алмаштирилиши мумкин, башарти товарни транспортда ташишда унинг вазни сезиларли даражада ўзгарса ёки бу бирликлар товарнинг ушбу турига стандарт қўлланилса); ҳисобварақ-фактуранинг рақами ва санаси.

Ариза берувчининг асосланган илтимосига кўра сертификат товар жўнатил­ганидан сўнг тасдиқланиши мумкин. Бу ҳолда товарга илова қилинувчи ҳужжатлар ва божхона органларининг товарнинг жўнатилганлигини тасдиқловчи белгиси қўйилган божхона юк декларацияси ҳам тақдим этилади. Бундай ҳолларда сертификатнинг «Хизмат белгилари учун» устунида «Кейинчалик берилган» ёзуви бўлиши керак.

 

Маълумот учун! Аввал берилган сертификатни қайта расмийлаштириш зарурати туғилганда, ариза берувчи асослантирилган ёзма муро­жаат асосида янги сертификат олиш ҳуқуқига эга. Бунда ҳужжатга янги рўйхатга олиш рақами ва янги сертификат расмийлаштирилган кундаги сана қўйилади.

 

Агар сертификатнинг ҳақиқийлигига ёки ундаги экспорт қилинаётган маҳсу­лотга тегишли бўлган маълумотларнинг аниқлигига шубҳа туғилса, Европа Иттифоқининг, МДҲ мамлакатлари ва бошқа мамлакатларнинг органлари Ўзбекистонда расмийлаштирилган сертификатни текшириш учун қайтаришлари ёки расмий талаб йўллашлари мумкин. Ушбу ҳолда ваколатли орган сертификатлаш ва сертификатларни тасдиқлаш тартибига риоя қилинганлигини текширади. Зарур бўлганда мазкур товарнинг экспорт қилувчилари – ташкилотлар жалб этилади. Бундай текширувлар натижаларига кўра импортчи мамлакатнинг сўровнома юборган органига ахборот юборилади.

Гулнора АБДУНАЗАРОВА,

махсус мухбиримиз.

 

Прочитано: 2488 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика