Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 52 / Ташқи иқтисодий фаолият

Минтақавий логистика масалалари

Етказиб беришнинг жадаллиги бугунги кунда маҳсулотнинг рақбатбардошлилигига сезиларли таъсир кўрсатади. Тезкор етказиб берилишига ишончи бўлмаган ҳамкорлар савдо соҳасидаги ҳамкорликдан бош тортганлиги далиллари оз эмас. Бозорда маҳсулотнинг арзонроқ нархлари ва салмоқли захираларидан кўра сифат кўрсаткичлари ва вақт омилига эътибор кучайди. Ўзбекистон Фермерлар кенгаши ва Минтақавий иқтисодий ҳамкорлик бўйича USAID лойиҳаси томонидан ташкил этилган, пойтахтдаги «Miran International» меҳмонхонасида бўлиб ўтган «Марказий Осиёда ташқи савдонинг транспорт-логистик таъминоти: муаммолар ва ҳал этиш йўллари» мавзуидаги давра суҳбатининг иштирокчилари шу ҳақда сўзладилар.

 

МИНТАҚАВИЙ ЛОГИСТИКАНИНГ ЎЗИГА ХОС ЖИҲАТЛАРИ

Иштирокчилар – Ўзбекистон, Қозо­ғистон ва Афғонистон транспорт-логис­тика компаниялари, тадбиркорлари, бизнес уюшмалари, халқаро ташкилотлар ва ОАВ вакиллари тажриба алмашиб, транспорт-логистика хизматлари, юклар транзити соҳаси муаммоларини амалий тарзда муҳокама қилдилар. Учрашув иштирокчилари транспорт комплекси ишидаги чиқимларни камайтириш ва унинг самарадорлигини ошириш билан ушбу муаммоларни ҳал этиш мумкин деб ҳисоблайдилар, улар қатнашчилар ва ушбу хизматлар бозорини тартибга солувчи идораларнинг саъй-ҳаракатларини жипслаштиргандагина юкларни етказиб бериш чизмаларини мақбуллаштириш, жараённинг барча таркибий қисмлари ҳамкорлигини яхшилаш мумкин деган фикрдалар.

«Intellektual Transport Systems Central Asia Co.Ltd» компанияси бош директорининг ўринбосари Абдулла Ҳошимовнинг тақдимоти Марказий Осиё ва Афғонистоннинг транспорт-логистика таъминоти муаммолари, уларни ҳал этиш йўлларининг батафсил таҳлилига бағишланди. Ушбу минтақа мамлакатлари ўртасидаги савдо катта салоҳиятга эгалигини таъкидлаб, у юкларнинг ташилиши ва транзитига тўсқинлик қилувчи асосий омилларни таҳлил қилди; транспорт секторига иқтисодий ўсиш омилларининг бири сифатида баҳо берди.

ИНФРАТУЗИЛМАНИ ­РИВОЖЛАНТИРИШ

Минтақавий савдога тўсқинлик қи­ладиган объектив омиллар (халқаро денгиз коммуникацияларидан фойдаланиш имкониятининг йўқлиги; товар нархида транспорт харажатлари улушининг юқорилиги; товарларни олиб чикиш-олиб кириш йўлидаги тўсиқлар; юқори қўшилган қийматга эга тайёр товар номенклатурасининг чекланганлиги) Марказий Осиё мамлакатлари ва Афғонистонни транспорт, инфратузилма ва логистикани ривожлантиришга жуда катта эътибор ажратишга мажбур қиляпти. Яқин 2–3 йил ичида Ўзбекистон инвестиция портфелида транспорт ва коммуникация тегишинча иккинчи–учинчи ўринларни эгаллайди. 2013–2016 йилларнинг ўзидаёқ ушбу секторга ҳар йили эквивалентда 1,3 млрд АҚШ доллари йўналтирилади. Қозоғистонда бир томондан Хитой билан Европани, иккинчи томондан эса Хитойни Марказий Осиё мамлакатлари, Эрон ва Туркия билан боғлайдиган йўлаклар ривожланяпти.

Кейинги йилларда минтақада бир қатор логистика марказлари барпо этилди. Улар жумласида – «Навоий», «Ангрен» (Ўзбекистон), «Астана», «Ақтўбе», «Ақтау», «Қарағанда», «Достиқ», «Шимкент», «Хоргос» (Қозоғистон), «Хонобод», «Мозори Шариф», «Турғунди» (Афғонистон шимолида). Логистика инфратузилмасининг янги элементи – йирик совутгичлар – Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Афғонистонда ишга туширилади. Чунончи, 2014–2015 йилларда Қандаҳор, Балх, Нангарҳар, Ҳирот ва Қундуз вилоятларида умумий ҳажми 400 минг тонна бўлган 8 та саноат совутгичи барпо этилади.

Минтақада МИЗ ва МИИЗлар фаол равишда қуриляпти. Улар, шубҳасиз, минтақавий товар оборотига жиддий туртки беради, бу эса транспорт хизматларига талабни кучайтиради.

 

НИМАЛАР ТЎСҚИНЛИК ҚИЛЯПТИ?

Нотиқнинг фикрича, транспорт турлари ўртасидаги тенгсизлик муаммолардан бири ҳисобланади. Минтақа мамлакатларининг деярли ҳаммасида ташқи савдо ва транзит юкларининг 85–94%ини темир йўл транспорти етказиб беради (Европа Иттифоқида унинг улуши 3% ва 1,5%ни ташкил қилади). Чамаси, темир йўл маъмуриятининг тариф ва транзит сиёсати қотиб қолганлиги айни шу ҳол билан изоҳланади, ушбу сиёсат мослашувчан эмас, масалан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг эҳтиёжларига йўналтирилмаган.

Кейинги йилларда фитинг платформалар, контейнер ташувчилар етишмаслиги муаммоси кескин кўзга ташланди. Тез бузилувчи юклар ва кичик ҳажмли товарларни ташишга мослаштирилган махсус вагонлар ва машиналар билан таъминлаш масаласи долзарбдир. Ташқи савдо юкларини ташишда уларнинг, шунингдек контейнерларнинг улуши ҳозирча оз.

Чегара хизматлари ислоҳ қилинган­лигига қарамай, чегара, санитария, фитосанитария ва божхона назоратининг ташкил этилиши замонавий талабларга жавоб бермайди. Хусусан, асоссиз равишда кўп миқдордаги ҳужжатлар сўралади, уларни кўриб чиқишга анча вақт сарфланади, таомиллар очиқ-ошкор ўтказилмайди. Бунга ёзда Астана бозорлар гуруҳи билан қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етказиб беришга шартнома тузган сурхондарёлик фермернинг юки билан боғлиқ воқеа мисол бўла олади. Уч машина хурмо бир неча кун чегарада қолиб кетган. Тез бузилувчи товарни пойтахт ва пойтахт вилояти бозорларида жадаллик билан жуда арзон нархларда сотишга тўғри келган.

Минтақада хизматлар доирасини (омборга жойлаштириш, қайта юклаш, исталган мураккабликдаги ностандарт буюртмаларни бажариш ва ҳоказо) кенгайтириш ва яхшилаш имконини берадиган 3PL (Third Party Logistics) ва 4PL (Fourth Party Logistics) логистика аутсортинг тизимларининг ривожланмаганлиги ҳам транспорт-логистика таъминотига таъсир кўрсатаяпти. Айни пайтда етказиб бериш занжирига жалб этилган компанияларни интеграциялаш жараёни тезлашмоқда, бу ҳозирги шароитда долзарб аҳамиятга эгадир.

Шубҳасиз, умумий фойдаланишдаги йўлларнинг ярмидан ортиғи ҳозирча ташиш хавфсизлиги талабларига жавоб бермаслиги далили жуда катта тўсиқ бўляпти. Халқаро автомобиль транспорти уюшмаси (IRU) ўтказган тадқиқотларга кўра, Марказий Осиё йўллари бўйлаб юкларни ташишнинг ўртача тезлиги соатига қарийб 60 км ни ташкил этади, уларни етказиб бериш вақтининг деярли 50%ини чегарада кутиш, юк ортиш ва тушириш эгаллайди. Буларнинг ҳаммаси транспорт ва вақт сарф-харажатларини кўпайтиради.

Аслида айни ушбу омиллар бошқа омиллар билан бир қаторда логистиканинг сифат индексини белгилайди.

 

ҲАЛ ЭТИШ ЙЎЛЛАРИ

Тақдимотни тугатаркан, А.Ҳошимов минтақада ташқи савдо логистикаси муам­молари комплекс тусда эканлигини таъкидлади. Уларни ҳал этиш учун давлатнинг хусусий сектор билан, минтақа мамлакатлари ва улардаги хусусий тадбиркорларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш лозим. Бу – биринчи вазифа.

Иккинчидан, интермодал ташиш ва контейнерлаштириш улушини ошириш зарур. Шубҳасиз, минтақада бунинг учун кўп ишлар қилиняпти. Масалан, Ўзбекистонда ташқи савдо юкларини контейнерда ташиш ҳажми кейинги 10 йил ичида 4 баравар кўпайди. Бироқ уларнинг улуши, масалан, Хитойда эришилган кўрсаткичлардан бир неча баравар камдир.

Учинчидан, минтақавий логистика марказларини барпо этиш ва ривожлантириш, 3PL даражасида транспорт-логистика хизматларини тақдим этиш керак.

Иккинчи ва учинчи вазифалар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакилларига қулайлик яратишга қаратилган.

Шуни таъкидлаш лозимки, Марказий Осиё мамлакатлари миллий иқти­со­диётларининг халқаро савдо ҳажмлари­ни ўстириш ҳисобига ривожлантирилиши минтақавий транспорт-логистика са­лоҳиятини ошириш учун янги имкониятлар очади. Бу эса транспорт ва омбор инфратузилмасини модернизациялашни талаб этади. Комплексларнинг юклар олиб ўтиладиган асосий халқаро йўналишлар бўйлаб жойлаштирилиши логистика марказлари муваффақияти ва юқори рентабеллиги гаровидир.

Минтақавий логистика аниқ-пухта қо­нунчилик базаси, мижозлар томонидан ишонч, ахборот таъминотига муҳтож. Шу сабабли транзитнинг меъёрий базасини такомиллаштириш, божхона ва чегара маъмуриятчилигининг ўзини оқлаган янги шаклларини жорий этиш, минтақа мамлакатларининг тегишли қонун ҳуж­жатларини уйғунлаштириш тўртинчи вазифа ҳисобланади.

Транспорт ва транзит соҳасидаги мутахассислар – логистлар, экспедиторлар, юристларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳам жуда муҳим. Минтақавий иқтисодий ҳамкорлик бўйича USAID лойиҳасига бу борада катта умид боғланган.

Ушбу муаммоларнинг ҳал этилиши асосий мақсади аҳолининг турмуш даражасини ошириш бўлган минтақадаги савдони ривожлантириш учун мультипликатив аҳамиятга эгадир.

 

ЮКНИ АФҒОНИСТОНГА ҚАНДАЙ ҚИЛИБ ЕТКАЗИШ КЕРАК

Афғонистон Марказий Осиё мамлакатлари учун истиқболли бозор ҳисобланади. Ушбу мамлакат озиқ-овқат товарлари (ун, буғдой, шакар, ўсимлик мойи, парранда (гўшт), қуруқ сут, бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари) ва бошқа товарларни (металл ва қурилиш материаллари, машина ва ускуналар, дори-дармон ва кийимлар) импорт қилишининг ўсиши минтақа экспортчилари, шу жумладан кичик бизнесга катта имкониятлар очади.

Кейинги йилларда минтақадаги савдо обороти юқори суръатлар билан ўсяпти. Масалан, Қозоғистон билан Ўзбекистон ўртасидаги товар обороти 2012 йилда 2011 йил билан таққослаганда 9,6%га кўпайди, 2013 йилда эса унинг 3 млрд АҚШ долларига етиши кутиляпти. 2012 йилда Қозоғистон-Афғонистон товар обороти 2011 йил билан таққослаганда қарийб 2 баравар кўпайди. Ўзбекистон-Афғонистон товар обороти 2012 йилда 1 млрд АҚШ долларидан ошиб кетди. Шу тариқа, Афғонистон Марказий Осиё мамлакатларининг йирик импортчиси ҳисобланади. У ва минтақанинг бошқа мамлакатлари билан иқтисодий ҳамкорликнинг ривожланиши эса юк ташишнинг кўпайишига имкон беради.

Ҳозирча Афғонистонга юк етказиб беришда баъзи муаммолар мавжуд. Улар нафақат ушбу мамлакатда инфратузилманинг етарли эмаслиги, транспорт ва логистика соҳасида миллий кадрларнинг етишмаслиги билан, балки трансчегаравий олиб ўтишдаги тўсиқлар билан ҳам боғлиқ. ТИФ иштирокчилари ушбу масалани қандай ҳал этаётганликлари тўғрисида халқаро эксперт Тимур Нуратдинов сўзлаб берди.

Республикамиз ҳудудида Афғонистонга юк етказиб бериладиган асосий пунктлар Ғалаба темир йўл бекати ва «Термиз» дарё порти ҳисобланади. Афғонистон ҳудудида эса булар – Ҳайратон темир йўл бекати, шу номли дарё порти ва қуруқликдаги «Акина» портидир.

Юкларни ушбу мамлакатга автомобилда ташиш – энг эски ва йўлга қўйилган вариант. Одатда у ушланишсиз амалга оширилади, юк Ҳайратонда туширилади. Темир йўлда ташиладиган юклар билан боғлиқ вазият ҳам шунга ўхшайди. У орқали қайта юклаш қийин бўлган товарлар (арматура, буғдой, ун, нефть маҳсулотлари) олиб ўтилади.

 

ДАРЁ ПОРТИ БИЛАН БОҒЛИҚ ­МУАММОЛАР

Афғонистон билан чегарани кесиб ўтадиган юкларга ишлов бериладиган энг муҳим пункт «Термиз» дарё портидир. У орқали озиқ-овқат маҳсулотлари, ёғоч-тахта, бошқа сочилмайдиган, катта бўлмаган ва суюқ бўлмаган товарлар олиб кирилади. Давра суҳбатида иштирок этган афғон бизнеси вакиллари айни шу ерда муаммолар юзага келишини таъкидладилар. Қозоғистон экспедиторлик компаниялари ҳам муаммога тўқнаш келганлар. Логистика чизмасига кўра «Термиз» портида транзит юклар туширилиб, ке­йин улар баржада «Ҳайратон» дарё портига қадар етказиб берилади. Тадбиркорлар товарлар олиб ўтилиши чоғида узоқ вақт тўхтатиб қўйилиши, юкни етказиб берганлик учун олдиндан ҳақ – 1 тонна учун 105 АҚШ доллари тўлаш кераклигини айтишди. Яқинда Украина ва Россия ўсимлик мойи етказиб берувчиларининг юклари билан ҳам шундай вазият юз берди.

2012 йилдан бошлаб Термиз дарё портида темир йўл транспортида ташилаётган транзит юкларга ишлов бериш ва уларни жойлаштириш бўйича эксклюзив агент бўлиб Wondernet Express компанияси ҳисобланади. Унинг маълумотларига кўра (http://wonderexp.com), Термиз дарё портида темир йўл шохобчасининг узунлиги 4,5 км ни ташкил этади, 11 та йўл мавжуд, бу эса бир вақтнинг ўзида 85 вагон (платформа)ни келтириш имконини беради. Бир таркибни (40 платформа) бўшатиш қарийб 3 соатни ташкил этади. Портнинг қуйиш механизмлари 1 соатда 300 тонналик нефть қуйиш баржасини «цистерна–баржа» қоидаси бўйича тўлдириш имконини беради. Порт ҳудудида майдони 10 000 кв.метрдан кўпроқ бўлган 6 та омбор жойлашган. Бу эса 20 000 тоннага яқин юкни сақлаш учун жойлаштириш имконини беради. Портнинг контейнер майдончалари бир вақтнинг ўзида 8 000 гача контейнерни жойлаштиришга қодир. Термиз дарё порти транспорт ва ёрдамчи техниканинг тўлиқ мажмуи: портал кранлар, автоюклагичлар, баржалар, теплоходлар билан жиҳозланган. Шу боис бу ерда логистикага оид муаммолар юзага келиши ҳам мумкин эмасдек кўринади. Бироқ шундай бўлса-да, улар мавжуд.

Юзага келаётган қийинчиликлар, шунингдек дарё порти орқали транзит чоғида контракт тузиш таомилининг мураккаб­лиги туфайли тадбиркорлар уларни ­дарё порти орқали етказиб бериш зарур бўлганда товарларни харид қилишдан бош тортишяпти. Зеро бу, бошқа ҳоллардан ташқари, ҳам вақт, ҳам қўшимча харажат талаб қилади.

Муҳокама чоғида айтилган муаммолар ҳал этилмаса, қандай оқибатлар юзага келиши мумкинлиги айтилди. Улар жумласига ушбу йўналиш орқали юк етказиб бериш фаоллигининг, уларнинг транзитидан олинадиган даромаднинг камайиши, Шимолий йўналишнинг асосий йўли сифатида Ўзбекистон орқали транзит аҳамиятининг пасайиши киради. Зеро афғон тадбиркорлари, масалан, «Акина» порти (Туркманис­тон) орқали етказиб беришнинг муқобил йўлларини ҳозирданоқ изламоқдалар.

Гулнора АБДУНАЗАРОВА,

махсус мухбиримиз.

Прочитано: 3227 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика