Аудиторлик ҳисоботига кўра корхона солиқлар ва тўловларни ҳисоблаб чиқариш учун солиқ солинадиган базани нотўғри белгилаган. Шу туфайли бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармаларга солиқларни кам ва ортиқча тўлаш ҳоллари юз берган.
Бундай ҳолда қайта ҳисоб-китоблар қандай расмийлаштирилиши ва тегишли органларга топширилиши керак? Бундай ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик кимнинг зиммасига юкланади?
Д.Шораҳмедова.
– Солиқ солиш объектларини ҳисобга олишда, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлашда хатога йўл қўйган солиқ тўловчи уларни мустақил равишда тузатишга ҳақлидир (Солиқ кодексининг (СК) 31-моддаси). Бунда солиқ ҳисоботи солиқ органларига тақдим этилган даврга тааллуқли хатоларни мустақил равишда аниқлаган шахс солиқ мажбурияти бўйича СКнинг 38-моддаси билан белгиланган даъво муддати (5 йил) мобайнида ўша давр учун аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этишга ҳақлидир (СКнинг 46-моддаси). Ҳисоботни топширишнинг электрон тизими ҳам тузатилган шаклларни қайта топшириш имконини беради.
Солиқ тўловчи солиқ текшируви ўтказилгунига қадар хатони ўзи тузатган тақдирда жавобгарликдан озод этилади, пеня тўлаш бундан мустасно (СКнинг 109-моддаси).
Шу тариқа, сиз қисқа муддат ичида тузатилган ҳисоботларни қайта топширишингиз, пеняни ҳисобга олган ҳолда қўшимча ҳисобланган солиқлар бўйича қўшимча тўловни амалга оширишингиз ва солиқ органига аниқлаштирилган молиявий ҳисобот тақдим этишингиз лозим.
Ушбу ҳуқуқбузарлик учун ташкилот пеня тўлаш тарзида жавобгар бўлади, мансабдор шахслар зиммасига маъмурий жавобгарлик юкланмайди.
Ноила МУҚМИНОВА,
экспертимиз.