Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 49 / Ижтимоий ҳимоя

Тадбиркорлик субъекти касаба уюшмаси аъзоси бўлиши мумкин

Маълумки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси юртимиздаги энг йирик жамоат ташкилоти бўлиб, айни пайтда у ўз сафида 6 миллионга яқин меҳнаткашни бирлаштирган. Бугунги кунда Федерация тизимида 11 та тармоқ, 14 та ҳудудий ва 33 мингдан ортиқ бошланғич касаба уюшма ташкилотлари фаолият юритмоқда.

Касаба уюшмаларига аъзо бўлиш ҳар бир фуқаронинг сиёсий ҳуқуқи бўлиб, хусусан, Конституциямизнинг 59-моддасида белгиланишича, «Касаба уюшмалари ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ва манфаатларини ифода этадилар ва ҳимоя қиладилар. Касаба ташкилотларига аъзо бўлиш ихтиёрийдир». Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси ўринбосари Бахтиёр МАҲМАДАЛИЕВ билан суҳбатимиз ушбу ташкилотнинг фаолияти хусусида бўлди.

 

 

– Бахтиёр Ҳасанович, биламизки, касаба уюш­масининг асосий мақ­сади унинг аъзолари, хусусан, корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қи­ла­ётган ходимларнинг меҳнат, ижтимоий-иқти­содий ва интеллектуал ҳу­қуқ ва манфаатларини ҳи­моя қилишдан иборатдир. Ўзбекистон касаба уюш­малари Федерацияси томо­нидан бу борада қандай ишлар амалга оширил­моқда?

– Касаба уюшмалари мамлакатимиздаги энг йирик ва оммавий жамоат ташкилотларидан биридир. Мазкур жамоат ташкилоти корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган меҳнаткашларнинг ижти­моий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқ­ларини ҳимоялайди.

Якунланаётган ­йилда Фе­де­рация Кенгаши қонун ижодкорлиги жабҳасида 10 га яқин қонун, 20 га яқин меъё­рий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳа­ларини тайёрлашда иштирок этди ва улар юзасидан тегишли таклиф ва хулосалар берди. Аҳолини иш билан таъминлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳудудий дас­турларига биноан янги иш ўринлари яратилиши устидан жамоатчилик мониторинги дои­расида 4 мингга яқин корхона ва ташкилотда 33 мингдан ортиқ янги иш ўрни ҳақиқат­да яратилганлиги ўрганиб чиқ­илди.

Шунингдек, жамоа шарт­номалари ва келишувлари орқали 15 224 нафар ходимга ва 116 625 та оилага 63,7 млрд сўмлик ижтимоий кўмак берилди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбе­кистон касаба уюшмалари Федерацияси ва унга аъзо ташкилотларга 2013 йилнинг тўққиз ойи давомида жами 10 000 га яқин мурожаатлар келиб тушган бўлса, уларнинг 4 000 га яқини қаноатлантирилди, 5 мингдан ортиғи ижобий ҳал этилиб, тегишли тушунтириш ва тавсиялар берилди. 59 тасида келтирилган важлар тасдиқланмаганлиги туфайли рад этилиб, 21 та ҳолатда мурожаатлар кўриб чиқиш учун бошқа органларга юборилди.

Ходимлар ҳуқуқини тик­лаш мақсадида судларга киритилган жами 54 та даъвонинг 38 таси, қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан амалга оширилган 443 та тақдимноманинг 332 таси қаноатлантирилди.

– Хабарингиз бор, ҳуку­матимиз томонидан кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлашга катта эътибор берилмоқда. Бу борада касаба уюшмаларининг ўрни қандай?

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини касаба уюшмаларига жалб этиш, жамоа шартномалари тузиш орқали уларда фаолият юритаётган ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш касаба уюшмалари фаолиятининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган. Бу борада Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон нодавлат-нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси билан кенг ҳамкорлик ишлари йўлга қўйилган.

Фермер хўжаликлари, хусусий йўловчи ташиш уюшмалари, хусусий қурилиш ташкилотлари вакиллари, якка тартибдаги тадбиркорларни касаба уюшмаларига жалб этиш соҳасида олиб борган ишларимиз самараси ўлароқ, бугунги кунда 956 минг нафардан зиёд фермер хўжаликлари аъзолари, 112 минг нафардан ортиқ хусусий корхоналар ходимлари, 61 минг нафардан зиёд чет эл сармояси иштирокидаги корхоналар ходимлари касаба уюшмаларига жалб этилган.

Биргина, 2013 йилнинг тўққиз ойида нодавлат секторига мансуб 3 875 та корхона ва ташкилотда бошланғич касаба уюшма ташкилотлари тузилиб, уларда меҳнат қилаётган 61 минг нафардан ортиқ ходимнинг ижтимоий ҳимояси таъминланди. Жумладан, 92 та оилавий корхона, 573 та хусусий йўловчи ташиш уюшмалари, 5 243 нафар бозорларда якка тартибдаги тадбиркорлар касаба уюшмаларига жалб этилди.

Республикамизнинг агросаноат мажмуи ҳамда истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш тармоғида меҳнат қилаётган ходимлар учун касаба уюшма ташкилотлари томонидан ҳар йили 4,5 мингдан зиёд имтиёзли йўлланмалар ажратилмоқда. Масалан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Федерация Кенгаши тизимидаги санаторийларда 78,2 минг нафардан ортиқ аҳоли вакиллари соғломлаштирилиб, дам олдирилган бўлса, улардан 1 260 нафар фермер ва 1 000 дан зиёд кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари имтиёзли йўлланмалар билан соғломлаштирилди.

– «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фао­лиятининг кафолотлари тўғрисида»ги Қонуннинг 11-моддасига кўра, касаба уюшмалари маъмурият, мулкдор ёки улар вакил қилган бошқарув идораси меҳнат ва касаба уюшмалари тўғрисидаги қонунларга риоя этилишини назорат қилиш, аниқланган камчиликларни бартараф этишни талаб қилишга ҳақлидир. Амалиётда учрайдиган ана шу каби ҳолатлар ва уларнинг ҳал этилишида касаба уюшмаларининг иштирокини аниқ мисоллар ёрдамида айтиб ўтсангиз...

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва унга аъзо бўлган ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари ҳамда тармоқ касаба уюшмалари Марказий кенгашлари ҳуқуқшунослари ходимларнинг ҳуқуқий маданияти ва саводхонлигини ошириш, уларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида ҳамда меҳнат қонунчилигининг алоҳида масалалари юзасидан кенг кўламли ҳуқуқ-тарғибот ишларини бажармоқдалар. Тегишли йўналишларда тавсия­лар ишлаб чиқилиб, барча бўғиндаги касаба уюшма ташкилотларига тарқатилмоқда. Бугунги кунгача ўтказилган ҳуқуқий тарғибот тадбирларида касаба уюшма аъзолари, яъни иқтисодиётнинг турли тармоқларида меҳнат қилаётган ходимлар, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар, касаба уюшмаларининг Ёшлар кенгашлари фаоллари, бошланғич касаба уюшма ташкилотларига янги сайланган аъзолар иштироки таъминланди.

Ўтказиб келинаётган ҳуқуқ-тарғибот машғулотларида касаба уюшма ташкилотларида фаолият юритиб келаётган ҳуқуқшуносларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорлигидан кенг фойдаланилмоқда. Шунингдек, илғор ахборот-технология воситаларидан (мультимедиа) фойдаланилган ҳолда кўргазмали чиқишлар уюштирилмоқда.

Касаба уюшмалари тизимида ташкил этилган «Ишонч телефони» орқали меҳнаткашлар ва тадбиркорлик субъектларига қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялашга қара­тилган бепул маслаҳатлар тизимининг йўлга қўйилиши бу борадаги ишлар самарасини янада оширди. Шу билан бирга фуқароларнинг қабул кунлари жадвалига мувофиқ фуқаролар қабули амалга оширилмоқда.

Амалий мисолларга мурожаат этсак, Федерациянинг биргина Бухоро вилояти бирлашмаси ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида 22 маротаба судларда иштирок этиб, бирлашма юридик бўлими аралашуви билан 9 нафар ходим суд орқали, 2 нафар ходим судга қадар ўз ишига қайта тикланган.

Когон туманидаги муассасалардан бирида ҳамширалик лавозимида ишлаб келаётган О.Рўзиевага раҳбари штат қисқартирилганини маълум қилади. Огоҳлантириш хатига ҳам имзо қўйдирилган. Орадан икки ой ўтмасдан О.Рўзиева билан иш берувчи ўртасидаги меҳнат шартномаси бекор қилинган. Ҳамшира оиласида ўзидан ташқари ишловчи йўқлиги, яъни турмуш ўртоғи нафақада, уч нафар вояга етмаган фарзанди борлигини айтиб, норозилик билдирганига қарамай, унинг эътирози инобатга олинмаган.

Шундан сўнг у ўз ҳақ-ҳуқуқлари қонуний ҳимоя қилинишини сўраб, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасига ариза билан мурожаат қилган. Бирлашма ҳуқуқшунослари томонидан ушбу масала чуқур ўрганиб чиқилгач, тўпланган ҳужжатлар фуқаролик ишлари бўйича Когон туманлараро судига тақдим этилди. Ходимнинг қонуний ман­фаатлари ҳимояланиб, суд даъвогарга мажбурий йўқотилган иш кунлари учун иш ҳақи ва маънавий зарарни ундириш тўғрисида қарор чиқарди ва у вазифасига қайта тикланди.

Яна бир мисол, Сурхондарё вилоят «Матбуот тарқатувчи» шуъба корхонаси архив ишини юритиш бўйича масъул ходими Д.Абдуқаҳҳорованинг ишлаган иш даври учун ҳисоб-китоб пуллари берилмаётганлигидан норози бўлиб ёзган аризаси ўрганилиб, иш берувчига тақдимнома киритилди ва 201 486 сўм маблағ ундириб берилди.

– Бугунги кунда касаба уюшмалари аҳолининг бандлигини таъминлашда нечоғлик жонбозлик кўрсатмоқда?

– Касаба уюшмалари ҳам турли лойиҳалар орқали ва ички имкониятларни ҳисобга олган ҳолда янги иш ўринларини яратишда бевосита иштирок этмоқда. Хусусан, 2011-2013 йиллар давомида касаба уюшмалари томонидан 3 мингга яқин янги иш ўринлари ташкил этилди. Бунда асосан ёшлар, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ва хотин-қизлар бандлигига алоҳида эътибор қаратилди. Масалан, «Обод турмуш йили» Давлат дастури доирасида жойларда 195 та хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчалари, Қорақалпоғистон Республикасининг Конликўл, Элликқалъа, Шуманай, Беруний туманларида ҳар бири 10 дан зиёд иш ўрнига эга бўлган тикувчилик цехлари, Андижон вилоятида 40 иш ўринли ғишт ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Мустаҳкам олмос» шуъба корхонаси ташкил этилди. Жорий йилда ташкил этилган «Касаба сайр», «Насаф касаба спорт» каби корхоналар ва «Нодир Самарқанд» меҳмонхонаси ҳам шулар жумласидандир.

Шунингдек, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти билан ҳамкорликда касаба уюшмалари тизимидаги «Умид гулшани» санаторийсида «Касаба текс» тикувчилик цехи ташкил этилиб, унда 30 нафар аёл иш ўрнига эга бўлди.

Мазкур йўналишдаги ишларимизнинг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида келаётган 2014 йилда ҳам аҳолининг кам таъминланган қатламлари учун яна 250 та янги иш ўринлари яратиш режалаштирилмоқда.

 

Гулбаҳор САТТОРОВА, «СБХ» мухбири.

Прочитано: 3721 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика