Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 49 / Жойлардан хабарлар

Ривожланиш самараси

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ўн еттинчи моддасида эълон қилинганидек, мамлакатимиз халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъектидир. Унинг ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг дахлсизлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик қоидаларига ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган бошқа қоидалари ва нормаларига асосланади. Республика давлатнинг, халқнинг олий манфаатлари, фаровонлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида иттифоқлар тузиши, ҳамдўстликларга ва бошқа давлатлараро тузилмаларга кириши ва улардан ажралиб чиқиши мумкин.

Ушбу соф сиёсий бўлиб туюлган тамойил иқтисодий соҳага татбиқ этилганда мамлакатимиз ва хорижий бизнеснинг ҳар жиҳатдан ҳамкорлик қилишини кўришимиз мумкин. «Навоий» аэропорти бундай ҳамкорликка ёрқин мисол бўла олади, у «АН» самолётларини қабул қиладиган овлоқ қабул қилиш пунктидан дунёдаги энг катта ҳаво кемаларини қабул қилишга қодир бўлган халқаро интермодал логистика марказига айланди.

Навоийдаги аэропорт 1962 йилда очилган. 1983 йилдагина вилоят маркази мақомини олган шаҳарнинг ҳаво дарвозаси хизмат кўрсатиш даражасини истеъмолчиларга маъқул келади деб бўлмас эди. Йўловчиларнинг эҳтиёжлари ҳам оддий ва оз эди. Кишиларни асосан об-ҳавонинг парвоз учун тўғри келиши ташвишлантирар эди. Аэропорт ҳар куни тўртта рейс – Тошкент–Навоий ва Навоий–Тошкент рейсларини қабул қиларди. 80-йиллар ўртасида аэропорт янги аэровокзалга эга бўлди.

Бироқ парвозлар географияси аввалгидек пойтахт билан ҳаво кўприги билан чекланарди. Маҳаллий авиалинияларда бортига кўпи билан 30–40 йўловчини олишга қодир ЯК-40 ва АН-24 самолётларидан фойдаланилар эди. Шу сабабли Навоий ­аэропорти узоқ йиллар «зарар кўриши режалаштирилганлар» сирасига кирган. Бироқ иқтисодий ночорликнинг асосий сабаби дунёнинг барча аэропортлари асосан авиакомпанияларга аэродром хизматларини тақдим этишдан даромад олишларида эди дейиш мумкин. Бизнинг ҳолатда эса аэропортнинг ҳам қабул қилинувчи ва хизмат кўрсатилувчи самолётларнинг ҳам мулкдори битта эди.

2000 йилларга келиб Навоий аэропортида ҳам узоқ кутилган ўзгаришлар бошланди. 2004 йилда унинг хўжалиги кенг миқёсли реконструкция қилина бошланди. Уч йилдан кейин у тамомила бошқа ҳаво бандаргоҳига айланган эди. Аэропорт барча турдаги ҳаво кемаларини – ҳатто дунёда энг катта А-380 аэробусини ҳам қабул қила оладиган 4 километрли янги учиш-қўниш полосасига эга бўлди. Аэропортда Халқаро фуқаролик авиацияси ташкилоти (ИКАО) талаб­ларига жавоб берадиган, ҳаводаги ҳаракатни бошқарувчи замонавий комплекс пайдо бўлди. Аэровокзал ҳам янгиланди, унда йўловчиларга хизмат кўрсатиш зали ҳамда она ва бола хонаси, буфет, тиббиёт пункти жойлашган. Меҳмонхона бир қадам нарида қурилди. Аэропорт халқаро ­аэропорт мақомини олди.

Бироқ буларнинг барчаси ноанъанавий ва бир қадар шов-шувли битимга муқаддима бўлди. Зеро авваллари тажрибамиз ва хорижий инвесторлар билан алоқаларимиз қўшма корхоналарни ташкил этиш ва бошқариш билан чекланган эди. Энди эса стратегик аҳамиятга эга активни Жанубий Корея­нинг модернизациялашга энг муҳим ҳисса қўшган «Korean Air» авиакомпаниясининг яккабошчилик асосидаги бошқарувига беришга қарор қилинди. Хорижий ҳамкор билан бирга аэропорт базасида янги юк терминали қуриш ва логистика интермодал марказини очиш мўлжалланди, мазкур марказни жиҳозлаш билан Кореянинг бундай ишда тажрибаси бўлган яна бир компанияси шуғулланди.

Шу тарзда Навоий аэропорти яна бир мақомга эга бўлди – у халқаро интермодал логистика марказига айланди. Лойиҳани якунига етказишга икки йил сарфланди. Энди юк терминали бир суткада 300 тонна юкка ишлов беришга қодир. У юк ортиш-тушириш ишлари учун олтита ишчи станция, 20 ва 5 тонна юк тортадиган тарозилар, совутгич, музлаткич ва иситиш камералари билан жиҳозланган. Хавфли юклар, тез бузилувчи маҳсулотлар ва ҳайвонларни сақлаш зоналари бор. Маъмурий корпусда барча зарур хизматлар – божхона, санитария назорати жойлашган, декларантлар, юк ташиш бўйича агентлар ишлаяпти. Марказнинг ўзи Шарқий ва Жануби-Шарқий Осиёни Европа, Яқин Шарқ билан боғлайдиган трансконтинентал транспорт-экспедиция йўналишлари узелига айланди. «Навоий» аэропорти Марказий Осиёнинг ўртасида жойлашган. Бу ердан Европа ва Осиёдаги асосий логистика марказларигача бўлган парвозлар кўпи билан 6 соатни ташкил қилади.

Ҳозирги пайтда «Навоий» аэропорти орқали авиаташувлар глобал тармоғининг трансконтинентал қисми «Korean Air»нинг Боинг-747да ҳафтасида ўн иккита рейси ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАКнинг А-300да ўн битта рейсидан иборат. Иккита ўзбек аэробуси Шарқий ва Жануби-Шарқий Осиёнинг турли минтақаларидан юкларни Навоийга етказиб беради. Бу ерда улар Корея боингига қайта юкланади ва Европага жўнатилади.

Бундан ташқари, Навоийдаги аэропорт Европа билан Осиё ўртасидаги барқарор авиаташувлар чорраҳасида географик жиҳатдан қулай ерда жойлашган, халқаро автомобиль ва темир йўл транспорт йўлаклари унинг яқинидан ўтган. Минтақавий юк ортиш ва тушириш узели транспорт хизматларининг уч турини бирлаштиради, бу эса аралаш ташиш учун жуда фойдалидир. Аэропортнинг юк перрони олдида қулай кириш йўллари ва катта юк автомобиллари учун тўхташ жойлари барпо этилган. Бу эса юкларни оралиқ ташиш ишларини қисқартириш имконини беради. Ҳар ойда бу ердан Қозоғистон тарафига бир-иккита юк вагони йўл олади. «Навоий» аэропортидан «Ўзбекистон-GM» ҚК учун Жанубий Кореядан келиб тушадиган бутловчи буюмлар автотранспорт билан етказиб берилади.

Мамлакатимиз активини хорижий компания бошқарувига бериш тўғрисида қарор қабул қилинганидан буён беш йил ўтди. Бу давр оралиғида нималарга эришдик? Ишлаб чиқариш кўрсаткичлари «Навоий» аэропортининг тезкор ривожланганлиги ва сифат жиҳатидан янада ўсиш учун катта салоҳияти мавжудлигидан гувоҳлик беради. Ҳаво бандаргоҳи соатига 400 йўловчига ёки бир йилда 800 минг кишига хизмат кўрсатишга қодир. Беш йил ичида йўловчилар оқими қарийб икки баравар кўпайди. У яна салмоқли бўлиши эҳтимоли бор эди, бироқ ҳозирча Навоийдан мунтазам халқаро авиарейслар бўйича парвозлар фақат Москва ва Санкт-Петербурггача учиш имконини беради.

Юк ташиш йўналиши анча жадал ривожланаяпти. Логистика маркази ишлаётганига бир йил бўлмасиданоқ навоийликлар 26 тонна юкни ортиб туширдилар. Ўтган йили истеъмолчилар 60 минг тонна юкни олдилар. Бу ҳали чегара эмас, чунки марказнинг ишлаб чиқариш қувватлари 100 минг тонна юкка ишлов беришга мўлжалланган.

Тарафлар нималарга эришдилар? Кореялик ҳамкорлар халқаро логистик хаб бошқаруви – Осиёни Европа ва Яқин Шарқ билан боғлайдиган авиаташувларнинг серқатнов йўналишига эга бўлдилар. Бунда шуни назарда тутиш лозимки, «Korean Air» «KLM», «Air France», «Delta» сингари таниқли авиаташувчиларни ҳам ўз ичига олган 11 авиакомпанияни бирлаштирувчи «Sky Team» уюшмасига киради. Уюшма ҳиссасига йўловчи ва юк авиаташишлари жаҳон бозорининг 35%и тўғри келади.

Табиийки, бизни кўпроқ Ўзбекистон эга бўлган «дивидендлар» қизиқтиради. Шуни қайд этиш жоизки, кореялик авиа­ташувчи билан ҳамкорлик республикага фақат фойда келтирди. Навоийдаги аэропорт қайта жонланди, миллий авиаташувчи парвозларининг географияси кенгайди, у бизнеснинг янги тури – юк ташишни ўзлаштириш имкониятига эга бўлди. Республиканинг Буюк ипак йўли кесишган йўлларда жойлашган транзит мамлакати сифатидаги имкониятлари ва жозибадорлиги ошди. Европа Иттифоқи билан Жануби-Шарқий мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлашуви эса дунёда энг интенсивдир. Навоий вилояти ҳақида ҳам худди шуни айтиш мумкин. Республиканинг ривожланган саноат ва транспорт инфратузилмасига эга бўлган ушбу етакчи саноат ўлкасида мамлакатимизда биринчи оффшор – «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонаси пайдо бўлди.

Бироқ хорижий шериклар билан ҳамкорликнинг яна бир «номоддий активи» ҳам мавжудки, у одатда эътибордан четда қолади. Сўз ҳамма ишни хорижий мутахассислар бошқарадиган компанияда ишлайдиган ўзбекистонликлар кўп янгиликларни билиб олишлари, бу эса меҳнат самарадорлиги ва уларнинг профессионал тайёргарлик даражасини ошириши тўғрисида боряпти. Навоийдаги аэропорт – айни шундай жой. Юзга яқин киши ишлайдиган жамоада бор-йўғи икки нафар чет эллик корейс бор: корхона раҳбари ва унинг ишлаб чиқариш масалалари бўйича ўринбосари. Қолган ходимлар – н????????. авоийлик. Уларнинг ўртача ёши – 24–25 да. Уларнинг ҳаммаси ўрта махсус ёки олий маълумотга эга. Барчаси «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАКнинг ўқув-машғулотлар марказида тайёргарликдан ўтган, кўплари Кореяда иш ўрганиб келган. Логистика марказида ишлаб чиқариш жараёнларининг 90%и механизациялаштирилган. «Ҳеч ким бошқани назорат қилиб турмайди, эътибор марказига меҳнат интизоми қўйилган ва ҳар бир ходим нима қилиши кераклигини ипидан-игнасигача билади», – деб изоҳ беради ташувлар бўлими бошлиғи Ҳасан Мавлонов.

Албатта, ҳар қандай аэропорт – юқори хавф объекти, унинг фаолияти ҳам барча хизматларнинг автоматизм­га қадар тартибга солинган ишига боғлиқ. Бироқ барча расмиятчилик­ларга имкони борича риоя этишни талаб қиладиган тижорат омили ҳам мавжуд. Юк ва йўловчиларни ташиш арзонга тушмайди. Масалан, Навоий логистика марказида бир тонна юкни бир сутка сақлаш 128 доллар, унга ишлов бериш эса бир тонна учун 34,5 евро туради. Тезлик ва вақтдан ютиш учун ҳақ тўлаётганлигини билган истеъмолчи авиаташувчиларга нисбатан қаттиқ талаблар қўяди. Улар учун ходимлар туфайли самолёт учишидаги ушланиш энг оғир айблар қаторида туради. Шу сабабли Навоий аэропортидаги барча юк ҳар доим навбатдаги лайнернинг учиб келишига 15 дақиқа қолганда жўнатишга тайёрдир. Юклаб жўнатишда иштирок этувчи ҳар бир ходим парвозларнинг мувозанати ва хавфсизлигини таъминлаш учун қандай позицияда қайси юкни маҳкам боғлашни билади. Хизмат вазифаларига аниқ риоя этишнинг ана шундай икир-чикирларидан бутун жамоанинг бир ёқадан бош чиқариб ишлаши ва ҳар бир ходимнинг жавобгарлик ҳисси шаклланади.

Амир МАҲМУДОВ,

ўз мухбиримиз.

Навоий шаҳри.

 

Прочитано: 2599 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика