Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 49 / Аудитор маслаҳат беради

Ваколахонанинг пул маблағлари чекланган

Ваколатли банклар томонидан норезидентларнинг Ўзбекистон Республикаси миллий валютасидаги ҳисобварақларини юритиш тартиби (АВ томонидан 22.10.1998 йилда 510-сон билан рўйхатдан ўтказилган), хусусан унинг 2.1 ва 2.2-бандлари хорижий тижорат ташкилотларининг ваколатхоналарига татбиқ этиладими? Зеро, Хорижий тижорат ташкилотларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ваколатхоналарини аккредитация қилиш тартиби ва уларнинг фаолияти тўғрисида низомнинг (ВМнинг 23.10.2000 йилдаги 410-сон қарори билан тасдиқланган) 37-бандига кўра хорижий тижорат ташкилотларининг сўмдаги маблағлари манбалари рўйхати юқорида кўрсатилган Тартиб билан белгиланадиган рўйхатдан анча қисқа.

Банк менежери.

 

           – Ваколатли банклар томонидан норезидентларнинг Ўзбекистон Республикаси миллий валютасидаги ҳисобварақларини юритиш тартибининг (АВ томонидан 22.10.1998 йилда 510-сон билан рўйхатдан ўтказилган, бундан кейин – 510-сон Тартиб) 2.1-бандига кўра Ўзбекистоннинг миллий валютадаги ҳисобварақлари юридик шахслар бўлган норезидентлар учун республикада жойлашган хорижий дипломатик ва бошқа расмий ваколатхоналарга, иммунитет ва дипломатик имтиёзлардан фойдаланадиган халқаро ташкилотлар ва уларнинг филиалларига, шунингдек Ўзбекистон Республикасида хўжалик ёки бошқа тижорат фаолиятини амалга оширмайдиган хорижий ташкилотларнинг ваколатхоналарига очилади.

«Норматив-ҳуқуқий ҳуж­жатлар тўғрисида»ги Қонун (14.12.2000 йилдаги 160-II-сон) 24-моддасининг биринчи қисмига кўра нор­матив-ҳуқуқий ҳужжатда фойдаланиладиган тушунчалар ва атамалар турлича изоҳлаш имкониятини истисно этадиган, уларнинг қонун ҳужжатларида қабул қилинган маъносига мувофиқ ягона шаклда қўлланилади. Фуқаролик кодексининг 39 ва 40-моддалари маъносидан келиб чиқилса, «хорижий ташкилотлар» атамаси «хорижий тижорат ташкилотлари» атамасига қараганда анча кенг тушунча ҳисобланиб, кейинги атамани ўзига қамрайди, бироқ бу билан чекланмайди. Бошқача айтганда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатда хорижий ташкилотларнинг ваколатхоналари тўғрисида сўз борганда, унинг амал қилишини ҳам тижорат, ҳам нотижорат хорижий ташкилотларининг ваколатхоналарига татбиқ этиш керак: уларнинг иккаласи ҳам хўжалик (тижорат) фаолиятини амалга оширишга ҳақли эмас.

Хорижий тижорат ташкилоти ваколатхоналарининг ҳисобварақларидаги ЎзР миллий валютасидаги маб­лағларга келсак, Хорижий тижорат ташкилотларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ваколатхоналарини аккредитация қилиш тартиби ва уларнинг фао­лияти тўғрисида низомнинг (ВМнинг 23.10.2000 йилдаги 410-сон қарори билан тасдиқланган, бундан кейин – 410-сон Низом) 37-бандига кўра улар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда эркин алмаштирилган валюта ва хорижий фирманинг ўз қарорига кўра ваколатхона ихтиёрида қоладиган сўмдаги маблағлар ҳисобига жамланади. Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжат Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланганлиги сабабли, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонун 12-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ у 510-сон Тартибга қараганда катта юридик кучга эга бўлади. Шу сабабли хорижий тижорат ташкилотлари ваколатхоналарининг ҳисобварақларидаги сўмдаги тушумларнинг қонунийлигини белгилашда аввало 410-сон Низомдан келиб чиқиш керак.

510-сон Тартибга келсак, у нафақат хорижий тижорат ташкилотлари ваколатхоналарининг, балки нотижорат ташкилотлари, халқаро ташкилотлар ваколатхоналари, уларнинг филиаллари ва дипломатик имтиёзлардан фойдаланадиган бошқа ташкилотларнинг ҳам ҳисобварақларини очиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади. Унинг 2.2-бандида бундай резидентларнинг ҳисобварақларида сўмдаги маблағларнинг йўл қўйиладиган манбалари умумий рўйхати белгиланган. Бунда ушбу рўйхат тўлалигича норезидентларнинг барча юқорида кўрсатилган, шу жумладан хорижий тижорат ташкилотларининг ваколатхоналари учун очиладиган ҳисобварақларга татбиқ этилиши шарт эмас. Чунончи, 510-сон Тартибнинг 2.2-бандига кўра норезидент юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси миллий валютасидаги ҳисобварақларига қуйидагилар қайд этилиши мумкин:

- Ўзбекистон Респуб­ликаси ички валюта бозорида хорижий валютани қонунда белгиланган тартибда сотишдан олинган тушум. Ваколатхоналар ҳисобварақларига сўмнинг келиб тушиши манбаи сифатида конвертация 410-сон Низом 37-бандининг иккинчи хатбошиси билан ҳам назарда тутилган. Шу сабабли 510-сон Тартибнинг 2.2-банди юқорида тилга олинган қисмда хорижий тижорат ташкилотларининг ваколатхоналарига ҳам қўлланиши керак;

-хориждаги бош корхонадан Ўзбекистон Республикаси ваколатли банкларидаги хорижий банкларнинг «лоро» ҳисобварақларидан келиб тушган суммалар. Лоро ҳисобварақлари норезидентларнинг корреспондентлик ҳисобварақлари бўлганлиги боис, улардаги маблағлар ҳам хорижий тижорат ташкилотининг маблағлари ҳисобланади. Шу боис, 410-сон Низомнинг 36-банди ва 37-бандининг учинчи хатбошисига амал қилиб, норезидентлар томонидан хорижий тижорат ташкилотларининг ваколатхоналари учун очилган ҳисобварақлар ваколатхона бош офисининг лоро ҳисобварақларидан миллий валютадаги маблағлар билан тўлдирилиши мумкин;

-Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида қонуний асосларда олинган консуллик йиғимлари ва бошқа суммалар. Хорижий тижорат ташкилотларининг ваколатхоналари, консуллик муассасалари ва дипломатик ваколатхоналардан фарқ қилиб, консуллик ҳаракатларини амалга оширганлик учун тўланадиган маблағ олувчилари эмаслиги боис, уларнинг ҳисобварақларини консуллик йиғимлари билан тўлдириш мумкин эмас. Шу сабабли мазкур қисмда 510-сон Тартибнинг қоидаларини хорижий тижорат ташкилотларининг ваколатхоналарига татбиқ этиш мумкин эмас.

Шу билан бирга 510-сон Тартибда норезидентларнинг ҳисобварақларига Ўзбекистон ҳудудида қонуний асосларда олинган бошқа маблағларнинг келиб тушишига йўл қўйилади. 410-сон Низомнинг 36-банди ва 37-банднинг иккинчи хатбошисидан келиб чиқилганда, хорижий ташкилот томонидан ваколатхона Ўзбекистон ҳудудида ҳисоб-китобларни амалга ошириши учун унга «ажратилган» ва норезидентга қарашли бўлган тақдирдагина, хорижий тижорат ташкилотларининг ваколатхоналари ҳисобварақларидаги маб­лағларнинг келиб чиқиши қонуний ҳисобланади. Чунончи, ваколатхоналарнинг сўмдаги ҳисобварақлари қуйидагилар ҳисобига тўлди­рилиши мумкин:

а) ЎзР ҳудудида рўйхатдан ўтка­зилган юридик шахс устав фондида иштирок этиши муносабати билан хорижий компаниянинг дивидендлари. Хорижий тижорат ташкилотини бошқарувчи юқори органнинг тегишли қарори уларни ваколатхона ҳисобварағига ўтказиш учун асос ҳисобланади;

б) ЎзР ҳудудида тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтказилган ваколатхона бош офисининг қарздори, у томонидан норезидент олдидаги пул мажбуриятлари сўндирилиши ҳисобига. Уларни ўтказиш учун қуйидаги шартномалар асос бўлиши мумкин: қарз шартномаси (унга кўра ваколатхона бош офиси қарз берувчи ҳисобланади), етказиб бериш шартномаси (унга кўра ваколатхона бош офиси етказиб берувчи ҳисобланади), пудрат шарт­номаси (унга кўра ваколатхона бош офиси пудратчи ҳисобланади), хизматлар кўрсатиш шартномаси (унга кўра ваколатхона бош офиси ижрочи ҳисобланади) ва ҳоказо, шунингдек бундай шартномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида қўшимча битим (агар унда аввал-бошдан хорижий компания учун мўлжалланган маблағларни ваколатхонани аккредитациялаш муносабати билан у очган ҳисоб-китоб рақамига ўтказиш шарти назарда тутилмаган бўлса);

в) хорижий тижорат ташкилоти ваколатхонасининг сўмдаги ҳисобварақларига пул бошқа манбалардан ҳам келиб тушиши мумкин, агар мазкур маблағлар бош офис учун мўлжалланган ёки унинг мулки бўлса ҳамда уларни ваколатхонага ЎзР ҳудудида ҳисоб-китобларни амалга ошириши учун ажратиш тўғрисида фармо­йиш ёки норезидент иродасининг бошқа ҳужжатли тасдиғи бўлса;

-хайр-эҳсон ва молиявий ёрдам тарзида тушадиган суммалар. Юқорида айтилганидек, хорижий тижорат ташкилоти ваколатхонасининг сўмдаги ҳисобварағидаги маблағлар фақат бош офис ажратган маблағлар ҳисобига жамланиши боис, ваколатхонага бошқа ташкилотлар томонидан муайян молиявий ёрдам кўрсатиш ва хайр-эҳсон қилишга йўл қўйилмайди. Шу жумладан бош офис ҳам шундай қила олмайди, чунки ваколатхонанинг фаолияти шундай ҳам фақат хорижий тижорат ташкилоти томонидан молия­ланади;

- Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки белгилаб берадиган бошқа ҳолатларда. Шуни назарда тутиш лозимки, хорижий тижорат ташкилотларининг ваколатхоналарига доир бундай ҳолатлар 410-сон Низом 36 ва 37-бандларининг қоидаларига зид бўлмаслиги керак.

Шу тариқа, 510-сон Тартибнинг амал қилиши хорижий тижорат ташкилотларининг ваколатхоналарига ҳам, бироқ унинг 410-сон Низом талабларига зид келмайдиган қисмидагина татбиқ этилади.

 

Екатерина АДЕЕВА,

«BAKER TILLY UZBEKISTAN» аудиторлик-консалтинг

 компаниялари гуруҳининг юрисконсульти.

 

Прочитано: 2404 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика