Бизнинг МЧЖнинг асосий фаолият тури печенье ишлаб чиқариш ҳисобланади. Ишлаб чиқариш заруратидан келиб чиқиб, биз бозордан печенье маҳсулотини тайёрлашда ишлатиладиган хом ашёларни харид қиламиз. Уларни корхонамиз номига расмийлаштирилган корпоратив карта воситасида сотиб олишимиз мумкинми? Агар мумкин бўлса, сотиб олинган товарни бухгалтерияда қандай қилиб ҳужжатли кирим қилиш лозим бўлади?
Абдували Эргашев,
МЧЖ раҳбари.
Тошкент вилояти.
– Печенье маҳсулотини ишлаб чиқаришда ишлатиладиган хом ашёни бозордан харид қилишингизда сизга ҳеч қандай чекловлар йўқ. Бунда сиз Юридик шахслар томонидан миллий валютадаги корпоратив банк карталаридан фойдаланиш тартиби тўғрисида низомга (МБ бошқарувининг АВ томонидан 18.04.2005 йилда 1470-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган) амал қилишингиз лозим.
Шуни билингки, корпоратив банк карталарининг сақловчилари савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналарида миллий валютадаги корпоратив банк карточкаларидан фойдаланган ҳолда Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисида низомда (ВМнинг 5.02.1999 йилдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган) кўзда тутилган харажатларни тўлаш учун нақд пулсиз ҳисоб-китобларни амалга оширишлари мумкин. Хусусан, корпоратив банк карталаридан фойдаланган ҳолда нақд пулсиз шаклда тўлаш учун сарф қилинаётган пул маблағлари корпоратив банк картасининг сақловчисига ҳисобдорлик шарти билан бериладиган, қатъий тарзда белгиланган мақсадларга ишлатиладиган маблағлар бўлиб ҳисобланади.
Корпоратив банк картасининг сақловчиси уни ҳисобдорликка олган кундан бошлаб 10 кундан кечиктирмаган ҳолда корпоратив банк карталари воситасида ишлатилган суммалар тўғрисида юридик шахснинг бухгалтериясига ҳисобот тақдим этиши шарт.
Корпоратив банк картаси воситасида бошқа харажатлар учун тўловлар амалга оширилганда ҳисобот ҳужжатлари сифатида терминаллар квитанцияларининг асл нусхалари, унга илова қилинган тегишли савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари томонидан кўрсатилган хизматлар бўйича тўловни терминал орқали қабул қилган хизматчининг имзоси ва «тўланди» муҳри қўйилган счётлар ва квитанциялар хизмат қилади.
Бундан ташқари, Президентнинг «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» Фармонига (24.08.2011 йилдаги ПФ-4354-сон) кўра хўжалик субъектлари томонидан савдо ва сервис соҳасида харид қилинадиган товар (иш, хизмат)лар учун корпоратив пластик карталардан фойдаланган ҳолда тўловларни амалга оширишда тўлов терминаллари чеклари бирламчи бухгалтерлик ҳужжатларига тенглаштирилади.
Шу тариқа, корпоратив банк картасининг сақловчиси уни ҳисобдорликка олган кундан бошлаб 10 кундан кечиктирмаган ҳолда корпоратив банк карталари воситасида ишлатилган суммалар тўғрисида корхона бухгалтериясига ҳисобот билан бирга тўлов терминали чекини тақдим этиши шарт, унда сотиб олинган товар тўғрисидаги маълумотлар: номи, миқдори, нархи, хариднинг умумий суммаси акс эттирилиши керак.
21-сон БҲМСга асосан сотиб олинган хом ашё терминал чеки ва моддий жавобгар шахснинг ҳисоботи асосида 1010-«Хом ашё ва материаллар» ҳисобварағи дебетига кирим қилинади ва 4200-«Ходимларга берилган бўнаклар» ҳисобварағи билан корреспонденцияда акс эттирилади.
21-сон БҲМСга асосан сотиб олинган хом ашё ишлаб чиқаришга берилганда, 2010-«Асосий ишлаб чиқариш» ҳисобварағи дебетига кирим қилинади ва 1010-«Хом ашё ва материаллар» ҳисобварағи билан корреспонденцияда акс эттирилади.