 |
Биз яшайдиган уй
- УМШ раисига маош олиш «ярашадими»?
Кўпинча одамлардан «Нима учун ширкат раиси маош олади?» деган гапларни эшитиб қоламиз. Ёки «УМШ – кўплаб ширкат раислари учун даромад манбаими? Ҳеч бир иш қилишмайди-ю, иш ҳақини олишни билишади, бу ахир мулкдорларнинг бадаллари-ку» деган эътирозомуз луқмалар ташлаб турилади.
Лекин, нима учундир, ёмон раисни қайта сайлашга шошилмайдилар. Ваҳоланки, бу «даромад манбаи»ни бошқаришга ошиқадиган одамни топишнинг ўзи ҳам осон эмас. Чунки раҳбарнинг иши, агар у қўл учида бажарилмаса, малака, вақт, машаққат, асаб ва бошқа нарсаларни талаб қиладиган катта меҳнатни тақозо этади. Кўп қаватли уйларни сақлаб туриш ишини ташкиллаштириш ва назорат қилиб бориш енгил юмушлардан эмас. Бугунги кунда ўз уйининг фаровонлиги учун ҳақ олмасдан, жон куйдириб ишлайдиган ташаббускорлар (асосан битта уйлик ширкатларнинг раислари) кам қолди. Бир уйлик ширкатлардан иборат бўлган УМШларнинг оёққа туриш даврида деярли барча раислар ғоя учун, ҳақ олмасдан, бу ишни жамоатчилик юмуши деб билиб ишлаб келганлар. Баъзилар ҳатто «Бизга нега ойлик беришади, бу ўзимизнинг уйимиз-ку ахир!» деб ҳайрон қолишар эди. Бугун эса ёндашув ўзгарган: раиснинг иши бошқа ишлардан кам эмас, шунинг учун маош тўланиши керак. Бу ишнинг самараси дарҳол кўзга кўринавермайди, лекин вақт ўтгандан кейин ё «плюс» ёки «минус» кўрсаткичи билан ишнинг натижаси билинади. Мана шу раис ишининг кўрсаткичи ҳисобланади.
УМШнинг ўзига хос ҳуқуқий мақомга эгалиги боис ширкат раиси маошга ишлайдими ёки мукофотгами, деган масалада англашилмовчилик ва чалкашлик юзага келади. Умуман олганда уни хизматчи дейиш тўғри бўладими, деган савол ҳам юзага келади. Бундай тушунмовчиликларнинг юзага келишига эса УМШнинг мақоми сабаб, бир томондан у ҳамкорликдаги бошқарув асосида фаолият кўрсатувчи ННТ ҳисобланса, бошқа томондан – умумий мол-мулкни сақлаш бўйича фаолиятни амалга оширувчи юридик шахсдир. Қонун ҳужжатларида ширкат раисининг меҳнатига ҳақ тўлашнинг аниқ тартиби белгиланган эмас, бу эса, ўз навбатида, саволлар, тушунмовчиликлар, мунозараларнинг юзага келишига сабаб бўлмоқда.
- УМШ бошқаруви аъзоси бўлмоқчиман
Иккита уйнинг яшовчилари гуруҳи УМШ раиси ва бошқарувининг ишидан норозилар. Бизнинг фикримизча, бошқарув ўзини намоён эта олмаяпти, раиснинг йўл-йўриғидан чиқолмайди. У нима билан шуғулланмоқда, аслида нима учун ташкил этилганини ҳеч ким билмайди. Бошқарув аъзолари ширкат ишининг икир-чикирларига диққат қилмайдилар, уларнинг ширкат ишидаги ўрни ва иштироки сезилмайди. Ваҳоланки, бу УМШнинг ижроия органи ҳисобланади ва унинг фаолиятига кўп нарса боғлиқдир. Модомики номигагина ишлар экан, раиснинг йўриғидан чиқолмас экан, бошқарув таркибида қаердандир келиб қолган, нуқул сафсата сотадиганлар йиғилган экан, унинг ўзи нима учун тузилган, деган савол туғилади. Булар уйнинг муаммоларини кўрмайдилар, ечимларни ҳам топа олмайдилар. Уларни ким ва қачон сайлаганини ҳам ҳеч ким билмайди. Ваҳоланки, уйда туппа-тузук, ҳалол, тўғри фикрлайдиган ташаббускор одамлар ҳам яшайди, айнан шу одамларнинг уй аҳолисига кўп фойдаси тегиши мумкин, уйнинг техник ҳолатини яхшилашга уларнинг уқуви етади. Биз бошқарув аъзоларини қайта сайламоқчимиз, умумий йиғилиш муҳокамасига қўйиш учун мулкдорлар орасидан номзодларни кўрсатдик. Лекин раис бизга рад жавобини берди. Ҳисобот умумий йиғилиши ўтказиладиган йилнинг охирини кутишимиз кераклигини айтди.
Ростдан ҳам шундайми? Бошқарув аъзоларининг ваколатларини муддатидан олдин тугатса бўладими? Бу қандай амалга оширилади? Қонун ҳужжатлари УМШ бошқарувининг ишини қандай тартибга солади?
- Бойлар кўпроқ тўлайди
Эътиборли уйларда яшовчи тошкентликлар юқори даражадаги мол-мулк солиғини тўлайдилар
Тошкентда турар жой кадастр қиймати ва мол-мулк солиғини ҳисоблашнинг янги тизимини тажриба-пилот режимида ишга тушириш режалаштириляпти. Бугунги кунда, масалан, айни бир йилда қурилган, бир хил майдонга эга бўлган шаҳар марказидаги метро ёнида қурилган бир квартирали уй билан пойтахтнинг чеккароқ ҳудудида қурилган худди шундай бир квартирали уйнинг кадастр қиймати бир хил баҳоланади. Ҳақиқатда эса квартиралар шаҳарнинг қайси ҳудудида жойлашганидан келиб чиқиб, уларнинг нархида ер билан осмонча фарқ бўлади. Соҳада кутилаётган ўзгаришлар хусусида молия вазирининг ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВ «Экономическое обозрение» журналига сўзлаб берди.
- Меҳмонхонани турар жойда ташкиллаштирса бўладими?
Кўп квартирали уйнинг яшаш учун мўлжалланмаган жойларида меҳмонхона жойлашган. Бундан қўшнилар норози – куну тун шовқин-сурон, бегона одамлар билан гавжумлик, уй ичидаги тармоқларга юкланиш тушади ва бошқа ноқулайликлар бор.
ККУда меҳмонхона хизматларини кўрсатиш қонуний тўғрими?
- Уйнинг умумий мол-мулкидан фойдаланиш қийин бўлса нима қилиш керак?
1. Кўп квартирали уйнинг биринчи қаватида мебель дўкони жойлашган. Коммуникация тизимлари, марказий электр шчитлар, умумий мол-мулкнинг ишлашини таъминлайдиган бошқа ускуналар ертўлада жойлашган. Аммо яшаш учун мўлжалланмаган жойлар реконструкция қилингандан сўнг УМШнинг у ерга кириш имконияти чекланди, чунки ертўлага кириш йўли дўкон томондан-да. Кундузи ширкат раҳбарларида ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Дўкон ишламайдиган тунги вақт, дам олиш ва байрам кунларида эса муҳандислик-техник тизимлар аварияга учраса ертўлага кириш амримаҳол. Ертўланинг калити дўкон ходимида қолиб кетганлиги сабабидан авария гуруҳи аварияни тезда бартараф эта олмаган ҳолатлар юз берган, ходим билан телефон орқали ҳам боғланишнинг имкони бўлмаган. Дўкон директори ва яшаш учун мўлжалланмаган жой мулкдори билан муаммони ҳал этиш бўйича олиб борилган музокаралар натижасиз қолди. Аҳолига калитни бегоналарга ишониб топшириш мумкин эмаслиги важ қилиб кўрсатилган. Пировардида ширкат тунги авария ҳолатларини тезда бартараф этиш имкониятига эга эмас. Бу масалани қандай ҳал қилиш мумкин?
2. Умумий уй коммуникацияларига фақат мулкдорнинг квартираси орқали кириш мумкин, лекин у авария ва таъмирлаш вақтида УМШ ишчиларини бинога киритмайди.
Бундай ҳолларда қандай ҳужжатларга таяниш керак?
- Кўп квартирали уйдаги бизнес, нимага рухсат бор, нимага тақиқ?
Кўп квартирали уйнинг барча биринчи қаватларини тижорат тузилмаларидан иборат бўлган яшаш учун мўлжалланмаган жойлар – кафе, сартарошхона, кимёвий ювиш хонаси, модалар ательеси, пойабзал устахонаси, вино-ароқ дўкони, интернет-кафе ва бошқалар эгаллаган. Бу жойларнинг айрим мулкдорлари билан низоли вазиятларга келиб қолинди – кечгача ишлашади, шовқин солишади, уларнинг мижозлари атрофни ифлослантиради, квартираларга кафедан ҳид тарқалади. ККУда қандай ташкилотларни очиш мумкин, қандайларини очиш мумкин эмаслигини биз билмаймиз.
Бу масала қайси ҳужжатлар билан тартибга солинади?
|