Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2021 год / № 40 / Раҳбар эътиборига

Ходим қачон меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақли

 

Олдинги сонда бошланган ходимларнинг меҳнат шароитлари тўғрисидаги мавзуни давом эттирамиз. 

 

Узрли сабаблар бўлган ва корхонада шундай имконият мавжуд бўлган тақдирда ходимнинг меҳнат шартларини ўзгартириш ёки вақтинчалик бошқа ишга ўтказиш бўйича аризасини қаноатлантиришингиз мумкин. Лекин муайян ходимлар учун ва муайян ҳолатларда меҳнат шартларини ўзгартиришингиз мажбурийдир:

• ходим соғлиғи ҳолатига кўра енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан холи бўлган ишга ўтказишга муҳтож бўлса. Ходимнинг илтимосини қаноатлантиришга асос бўлиб тиббий хулоса ҳисобланади. Уни вақтинчалик ёки номуайян даврга ўтказинг. Агар бундай иш учун камроқ ҳақ тўланадиган бўлса, икки ҳафта мобайнида ходим учун унинг олдинги ўртача ойлик иш ҳақини сақлаб туринг. Агар камроқ ҳақ тўланадиган ишга ўтказиш иш билан боғлиқ бўлган меҳнатда майиб бўлганлиги ёки соғлиғига бошқача тарзда шикаст етказилганлиги муносабати билан юзага келса, ходимга олдинги иш ҳақи билан янги ишида оладиган иш ҳақи ўртасидаги фарқни тўлаб беринг. Фарқни меҳнат қобилияти тиклангунига ёки ногиронлик белгилангунга қадар тўлаб беринг (МК 218-м. 2, 4-қ.);

• ходимнинг ногиронлиги бўлганда – тўлиқсиз иш вақти режими ўрнатиш, унинг вазифасини камайтириш ва ҳ.к. юзасидан ТМЭКнинг тавсиясига кўра;

• ходима ҳомиладор бўлганда. Бунда унинг илтимосига кўра тўлиқсиз иш кунини ёки ҳафтасини белгиланг. Тиббий хулосага мувофиқ ишлаб чиқариш/хизмат кўрсатиш нормаларини камайтиринг ёки вақтинчалик енгилроқ ёхуд ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан ҳоли бўлган ишга ўтказинг. Ишга ўтказилган муддат мобайнида олдинги иши бўйича ўртача ойлик иш ҳақини сақлаб қолинг. Бошқа ишга ўтказиши бўйича масаласи ҳал этилгунга қадар, у ана шу сабабдан ишга чиқмаган барча иш кунлари учун ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда ишдан озод этинг (МК 226, 229-м.);

• ташкилотингиз бюджетдан молиялаштириладиган ташкилот ҳамда 3 ёшга тўлмаган болалари бор ходималарингиз бўлса. Уларга иш вақтининг ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддатни белгиланг (МК 228-1-м.);

• 2 ёшга тўлмаган боласи бор аёлларга. Улар томонидан олдинги ишини бажариши мумкин бўлмаган ҳолатларда, уларни енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан ҳоли бўлган ишга ўтказинг. Боласи 2 ёшга тўлгунига қадар аввалги ишидаги ўртача ойлик иш ҳақи миқдорини сақланг;

• 14 ёшга тўлмаган боласи (16 ёшга тўлмаган ногирон боласи) бор аёлларга, шу жумладан оиланинг бетоб аъзосини парвариш қилиш билан банд бўлган шахсларга (тиббий хулосага мувофиқ). Уларнинг илтимосига кўра тўлиқсиз иш куни ёки ишлаб берилган вақтига мутаносиб равишда ҳақ тўланадиган тўлиқсиз иш ҳафтасини белгиланг (МК 119-м.);

• олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълим олаётган ходимларга. Улар учун диплом лойиҳасини (ишини) бажариш ёки битирув имтиҳонлари топширишдан олдинги 10 ўқув ойи давомида ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда иш вақтини қисқартиринг. 6 кунлик иш ҳафтаси бўлганда ҳафтада бир кунини ишдан озод этинг, иш ҳафтаси 5 кунлик бўлса, ишдан озод этиладиган кунлар миқдори иш сменасининг муддатига қараб ўзгаради, ишдан озод этиладиган соатлар миқдори эса сақланиб қолади (МК 255-м.);

• жамоа шартномасида, бошқа локал ҳужжатларда ёки меҳнат шартномасида белгиланган асослар мавжуд бўлганда (МК 88-м. 5-қ., 90-м. 1-қ.).

Агар ходим меҳнат шартларини ўзгартириш бўйича ариза берган бўлса (МК 90-м.), сабабларини кўрсатганлигини текширинг ва тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилинг. Масалан, тиббий хулоса, ТМЭК тавсияси, оиланинг бетоб аъзосини парвариш қилиш тўғрисида маълумотнома, бола гувоҳномасини ва ҳоказо. Агар ҳужжатлар бўлмаса ёки улар қалбаки/сохта бўлса, илтимосини рад этинг.

Ариза бўйича қарорни, у берилган календар сананинг кейинги кунидан бошлаб 3-кунда қабул қилинг (МК 13-м. 1-қ., 90-м. 2-қ.). Ариза кадрлар бўлимига, қабулхона котибасига ёки бошқа масъул шахсга унинг имзоси (штамп) билан тасдиқланган ҳолда топширилган кун ариза берилган кун бўлиб ҳисобланади.

3 кунлик муддат календарь кунларида саналади. Унга корхона учун иш куни бўлмаган кунлар ҳам киради. Аммо, агарда муддатнинг сўнгги куни ишланмайдиган кунга тўғри келса, ундан кейин келадиган биринчи иш куни муддат тугайдиган куни деб ҳисобланади (МК 13-м. 2, 3-қ.).

Масалан, ходим чоршанба куни кадрлар бўлимига унинг меҳнат шартларини ўзгартириш бўйича ариза берди. Уни иш берувчи томонидан кўриб чиқиш куни пайшанба куни бошланади ва шанба куни тугайди. Агар корхонада иш ҳафтаси 5 кунлик 8 соатлик иш куни билан белгиланган бўлса, иш берувчи ариза бўйича қарорни душанбадан кечиктирмай чиқариши лозим.

Ариза қаноатлантирилганда меҳнат шартномаси шартларини ўзгартириш тўғрисида келишув ва буйруқни расмийлаштиринг. Агар ўзгартириладиган шартлар шартномада кўрсатилмаган бўлиб, бошқа ҳужжатлар асосида қўлланилган бўлса фақатгина буйруқ чиқаринг (МК 88-м. 4, 5-қ., 96-м. 7-қ.). Зарурат бўлганда локал ҳужжатларни ўзгартиринг. Ходимни буйруқ билан таништиринг ва имзо қўйдиринг.

 

МИСОЛ. Буйруқ асосида меҳнат шартномасини ўзгартирмаган ҳолда меҳнат шартларини ўзгартириш

1. Спорт секциясидаги машғулотлар сабабли қўриқчи ўзини бошқа сменага ўтказишни илтимос қилиб ариза билан мурожаат қилди.

Қўриқлаш хизмати ходимлари билан меҳнат шартномасида муайян смена аниқ келтирилмаган. Қўриқчилар иш берувчининг буйруғи асосида ишга тайинланади. Бошқа сменага ўтказиш ҳам меҳнат шартномасини ўзгартирмасдан буйруқ билан амалга оширилади.

Иш берувчи бошқа сменага ўтказиш бўйича буйруқни расмийлаштирган ҳолда ходимнинг илтимосини қаноатлантирди.

2. Бухгалтер иш вақтини ўзгартириш бўйича ариза билан мурожаат қилди: бунда 13.00 дан 15.00 соатгача танаффус, 19.00 да иш тугаши келтирилди. Раҳбарнинг буйруғи билан иш бошланиш ва тугаш вақти барча ходимлар учун 9.00 дан 18.00 гача, тушлик учун танаффус 13.00 дан 14.00 гача қилиб белгиланган.

Бухгалтерда узрли сабаб мавжуд – у кексайган бетоб онасини кундузи парвариш қилиши зарур. Тиббий маълумотномани тақдим қилган.

Унинг аризасига ва тиббий маълумотномасига асосан меҳнат шартномасини ўзгартирмасдан меҳнат шартларини ўзгартириш тўғрисида буйруқ чиқарилади (МК 90-м.).

 

Агар сиз ходимнинг меҳнат шартларини ўзгартириш бўйича илтимосини қаноатлантиришни рад этсангиз, рад этиш сабабларини ёзма шаклда маълум қилинг (МК 90-м. 3-қ.).

Александр Навотний,

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бошқарма бошлиғи,

Ленара Хикматова,

«Norma» MЧЖ эксперти.

Прочитано: 277 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика