Norma.uz

УМШ раисига маош олиш «ярашадими»?

 

Кўпинча одамлардан «Нима учун ширкат раиси маош олади?» деган гапларни эшитиб қоламиз. Ёки «УМШ – кўплаб ширкат раислари учун даромад манбаими? Ҳеч бир иш қилишмайди-ю, иш ҳақини олишни билишади, бу ахир мулкдорларнинг бадаллари-ку» деган эътирозомуз луқмалар ташлаб турилади.

Лекин, нима учундир, ёмон раисни қайта сайлашга шошилмайдилар. Ваҳоланки, бу «даромад манбаи»ни бошқаришга ошиқадиган одамни топишнинг ўзи ҳам осон эмас. Чунки раҳбарнинг иши, агар у қўл учида бажарилмаса, малака, вақт, машаққат, асаб ва бошқа нарсаларни талаб қиладиган катта меҳнатни тақозо этади. Кўп қаватли уйларни сақлаб туриш ишини ташкиллаштириш ва назорат қилиб бориш енгил юмушлардан эмас. Бугунги кунда ўз уйининг фаровонлиги учун ҳақ олмасдан, жон куйдириб ишлайдиган ташаббускорлар (асосан битта уйлик ширкатларнинг раислари) кам қолди. Бир уйлик ширкатлардан иборат бўлган УМШларнинг оёққа туриш даврида деярли барча раислар ғоя учун, ҳақ олмасдан, бу ишни жамоатчилик юмуши деб билиб ишлаб келганлар. Баъзилар ҳатто «Бизга нега ойлик беришади, бу ўзимизнинг уйимиз-ку ахир!» деб ҳайрон қолишар эди. Бугун эса ёндашув ўзгарган: раиснинг иши бошқа ишлардан кам эмас, шунинг учун маош тўланиши керак. Бу ишнинг самараси дарҳол кўзга кўринавермайди, лекин вақт ўтгандан кейин ё «плюс» ёки «минус» кўрсаткичи билан ишнинг натижаси билинади. Мана шу раис ишининг кўрсаткичи ҳисобланади.

УМШнинг ўзига хос ҳуқуқий мақомга эгалиги боис ширкат раиси маошга ишлайдими ёки мукофотгами, деган масалада англашилмовчилик ва чалкашлик юзага келади. Умуман олганда уни хизматчи дейиш тўғри бўладими, деган савол ҳам юзага келади. Бундай тушунмовчиликларнинг юзага келишига эса УМШнинг мақоми сабаб, бир томондан у ҳамкорликдаги бошқарув асосида фаолият кўрсатувчи ННТ ҳисобланса, бошқа томондан – умумий мол-мулкни сақлаш бўйича фаолиятни амалга оширувчи юридик шахсдир. Қонун ҳужжатларида ширкат раисининг меҳнатига ҳақ тўлашнинг аниқ тартиби белгиланган эмас, бу эса, ўз навбатида, саволлар, тушунмовчиликлар, мунозараларнинг юзага келишига сабаб бўлмоқда. 

 

Раис нималар билан шуғулланади?

УМШ бошқаруви раисининг зиммасига юклатиладиган вазифалар ҳажми анчагина кенгдир. Унинг ваколатлари «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонуннинг 46-моддасида белгилаб қўйилган.

Ширкат бошқарувининг раиси:

• йиғилиш томонидан УМШ аъзолари орасидан ширкат уставида белгиланган муддатга сайланади;

• ширкат бошқаруви фаолиятига раҳбарлик қилади;

• бошқа ташкилотлар ва фуқаролар билан ўзаро муносабатларда ширкатнинг манфаатларини ифода этади;

• ширкат аъзолари умумий йиғилишининг ва ширкат бошқарувининг қарорлари бажарилишини таъминлайди;

• ширкат аъзолари умумий йиғилишининг ёки ширкат бошқарувининг қарорларига мувофиқ молиявий ҳужжатларни, шартномаларни имзолайди;

• умумий мол-мулкни ва ширкат мол-мулкини сақлаш, уларга хизмат кўрсатиш ҳамда уларни таъмирлаш усуллари бўйича бошқарув томонидан тайёрланган таклифларни ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши муҳокамасига киритади;

• ширкат ходимларининг иш ҳақи миқдори тўғрисидаги таклифларни ва уларни мукофотлаш ҳақидаги низомлар, ширкатнинг бошқа низомлари ва қоидалари лойиҳаларини ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши муҳокамасига киритади;

• бошқарувнинг ширкат аъзолари олдида мунтазам равишда ҳисобот беришини таъминлайди;

• ширкат ходимлари билан меҳнат шартномалари тузади ҳамда уларни бекор қилади.

 

УМШ раиси аслида ким?

Бошқарув раиси – бошқарув таркибидан сайланадиган ширкатнинг аъзоларидан бири. У УМШ барча аъзоларининг, шу жумладан ўзининг ҳам манфаатларида фаолият юритади, шу уйнинг ўзида яшайди. Бир томондан, раис уйни сақлаб туриш бўйича ишларни ташкил этади ва назорат қилади, яъни ходим ҳисобланади. Бошқа томондан эса у ходим бўла олмайди, сабаби ширкатда томонлари ходим ва иш берувчидан иборат бўлган меҳнат муносабатлари мавжуд эмас. Агар раисни ходим деб ҳисобласак, у ҳолда ширкатнинг аъзолари иш берувчилар сифатида майдонга тушиши керакми?

Қонун ҳужжатларига мувофиқ меҳнат муносабатлари ходим билан иш берувчи ўртасида тузиладиган шартномага асосланади. УМШда бундай шартномани тузиш назарда тутилган эмас. Аслини олганда, ҳар икки тараф ҳуқуқий мақоми бўйича тенг бўлган тақдирда ким ким билан шартнома имзолаши керак бўлади? Ёки яна бир жиҳатни олайлик. Ходим билан тузилган шартномани раҳбар имзолайди. У ҳолда раис ўзи билан ўзи шартнома тузган бўладими? Мазкур ҳолда раис ким бўлади? УМШ фаолиятининг асоси бўлмиш ўзини ўзи бошқариш ва ҳуқуқлар тенглиги принципларидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, раиснинг иши кўпроқ ККУдаги барча квартира мулкдорларининг манфаати учун йўналтирилган жамоатчилик иши ҳисобланади ва бу меҳнатга ҳақ тўлаш керак. Лекин бу иш ҳақи бўла олмайди, чунки меҳнат қонунчилигига мувофиқ иш ҳақи ишчи-ходимларга шартнома асосида ҳисобланиши керак. У ҳолда бу қандай пул ҳисобланади?

 

Хуллас, маошми ёки мукофот?

Бу масала юзасидан кўплаб мунозара ва турлича фикрлар мавжуд. Аксарият УМШ раислари маош олаяпмиз, деб ҳисоблашади. Маошни, умумий йиғилиш тасдиғига чиқармаган ҳолда ўзлари учун ўзлари белгилайдилар. Баъзида ҳисобланган пуллар «осмондан» олингандек ёки «бошқа УМШлардаги каби» тарзида асосланмаган ҳолда белгиланади.

Иш ҳақи – бу шартномада белгиланадиган ишлар ҳажми, кун тартибидан келиб чиқиб ҳисобланадиган, иш вақти табели ва бошқаларни юритиш билан ҳар ойда тўланадиган қатъий белгиланган ўлчамдир. Раиснинг иши қатъий тарзда бошдан-оёқ қайд этиладиган нарса эмас. Раис на ўзи билан, на ширкат аъзолари билан шартнома туза олади. УМШ ишининг ўзига хослигидан келиб чиқиб, раис йил давомида бир маромдаги иш билан таъминланган бўлмайди. Муайян вақт давомида шунчаки жорий хизмат кўрсатиш амалга оширилади, бирор ойлар давомида кенг миқёсдаги мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилиши мумкин, кутилмаган авариявий ҳолатлар, зудлик билан ҳал қилиниши керак бўлган вазиятлар ва бошқа ҳолатлар юзага келиб қолиши мумкин. Бу турлича ҳажмдаги ишлар, уйни сақлашни ташкил этишда турлича иштирок этиш дегани. Шунинг учун раисга қатъий белгиланган иш ҳақи (маош) белгилаш тўғри бўлмайди.

Барча аъзолар тенг ҳуқуқли бўлган ҳамда раиснинг иши барча аъзолар ва унинг ўзининг манфаатларига хизмат қиладиган УМШда ННТ сифатида меҳнат муносабатлари бўлиши мумкин эмаслигига асослар мавжуд. Шундан келиб чиқилганда, раис меҳнатига ҳақ тўлаш – бу маош эмас, балки кенг маънода бажарилган иш учун мукофот деб тушунилиши тўғрироқ бўлади.

Бу Қонуннинг 38-моддасида ҳам назарда тутилади, яъни у ерда айтилишича, УМШ аъзоларининг умумий йиғилиши ширкат бошқаруви раисига, аъзоларига ва тафтиш комиссияси аъзоларига тўланадиган ҳақни белгилайди, шунингдек УМШ ходимларининг иш ҳақи миқдорини ва уларни мукофотлаш тўғрисидаги низомни тасдиқлайди. Яъни раисга – мукофот, жалб этилган ишчи-ходимларга – маош, чунки бу ўринда «ходим (УМШ аъзоси эмас) – иш берувчи (УМШ)» ўртасида меҳнат муносабатлари юзага келади. Бинобарин, УМШ ишчи-ходимларини мукофотлаш тўғрисида қоидалар тасдиқланганда кимлар назарда тутилади? Ҳуқуқий нуқтаи назардан олиб қараганда бунда фақатгина четдан жалб этиладиган ёлланма ишчилар ҳақида гап кетиши керак. Лекин раисни ҳам, бошқарув ва тафтиш комиссияси аъзоларини ҳам, жамоат ишини бажараётган УМШнинг фаол аъзоларини ҳам мукофотлаш мумкин-ку!? Мана шу норма ҳам аниқ тартибга солинишни талаб қилади.

 

Мукофот миқдори қандай аниқланади?

Раисга мукофотни Қонунга биноан УМШ аъзолари умумий йиғилишда белгилашлари керак. Улар бу тўлов қай тартибда – ҳар ойдами, ҳар чоракдами ёки бошқа қулай муддатлардами, тўланишини раис билан бирга ҳал қиладилар. Муҳими, бу тўловни белгилаётганда тушунмовчиликлар бўлмасин, чунки бу пуллар мулкдорларнинг маблағлари эканлигини унутмаслик керак – ёндашув «осмондан» тушмаслиги ёки «бошқа УМШлардаги каби» тарзида эмас, балки уйдаги умумий мол-мулкни сақлашни ташкиллаштиришда раиснинг бевосита улушидан келиб чиқиш лозим. Аслини олганда, агар ишлар йил давомида бир маромда тақсимланмаса, ушбу ишларни бажариш бўйича тасдиқловчи ҳужжатларни ҳар ойда тақдим этиб туриш керак. Лекин раисга мукофот беришни тайинлаш учун ҳар ойда одамларни тўплайвериш ҳақиқатдан йироқ ҳолат – уларни умумий йиғилишга бир йилда бир марта чақиришнинг ўзи катта муаммо. Қолаверса, бундай бош оғриғи бор жойда ҳеч қандай одам ишлашни хоҳламаслиги тайин.

Бу масала бизда амалиётда қандай ҳал қилиняпти? Ҳуқуқий жиҳатдан бу масала тартибга солинмаганлиги учун бу борада тушунмовчиликлар қалашиб ётибди. Мисол учун, уйни сақлаш бўйича барча хизмат турларини бошқарувчи компанияга ишониб топшираётган ширкатларда раислар деярли иш билан банд қилинмаган ва улар маош олмайди. Мулкдорлар билан ишлагани учун рағбатлантирув мақсадида улар йил давомида мажбурий бадалларни киритишдан озод этилади. УМШда ижрочи директор бўлганда ҳам – тартиб худди шундай. Лекин, бунга қўшимча равишда энг кам иш ҳақидан бирор фоиз тўланадиган ҳоллар ҳам учраб туради. Қаердадир раис бир вақтнинг ўзида ижрочи директор бўлиб ҳам ишлайди. Аммо раис меҳнат муносабатларига киришадиган ва ўзи билан ўзи шартнома тузадиган, икки ишни бирга олиб борадиган ҳолатга йўл қўйиб бўладими? Яна шундай УМШлар борки, раисга ўтказилган пуллар ёки мажбурий бадаллардан муайян бир фоиз ажратилади ва ҳоказо. Бу ишларнинг барчаси умумий йиғилишнинг розилиги билан амалга оширилади. Бироқ умумий йиғилишнинг қарори қонунчиликка мувофиқ қабул қилиниши керак, бизнинг ҳолатларда эса бу ишлар «ойни этак билан ёпиш» орқали бажарилади.

Бошқарув раиси ҳар йили бажарилган ишлар ҳақида умумий йиғилиш олдида ҳисобот берадиган ва бу ишларнинг нархини эълон қиладиган ёндашув энг тўғри ёндашувлардан бўлса ажаб эмас. Мукофот бажарилган ишлар қийматидан келиб чиқиб фоизларда ҳисобланади ва ҳар ойда тўлаб борилади. У ҳолда раис пулларни йил якуни бўйича оладими? Умумий йиғилишда ширкат аъзолари раиснинг ишга «бош қўшиш» улушига қараб, уни камайтириб ёки кўпайтириб беришлари мумкин. Тўловнинг миқдори, даврийлигини умумий йиғилиш баённомасида албатта акс эттириш керак. Фақат шундан кейингина раис ҳисобварақдан унга тегишли бўлган маблағларни ечиб олиши мумкин бўлади. Мукофот даромад бўлиб ҳисобланади, унга солиқ солиниши ва Пенсия жамғармасига ижтимоий солиқ тўланиш керак бўлади.

Бу масалаларнинг барчаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатда ёзилган бўлиши керак. Ҳар хил талқинларнинг олдини олиш учун УМШ раисига, бошқарув ва тафтиш комиссияси аъзоларига мукофот ҳисоблаш ва тўлашнинг тартибини ишлаб чиқиш керак.

 

Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Ирина Гребенюк олиб боради.

Прочитано: 287 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика