Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 33 / Хўжалик юритиш қоидалари

Мени банкрот деб қайд этинг

Бизнинг МЧЖ аҳолига маиший хизматлар кўрсатар эди. 2013 йил охирида гўзаллик салонида қисқа муддатли солиқ текшируви ўтказилганидан кейин Тошкент хўжалик судининг ҳал қилув қарори асосида унга 25 500 000 сўм миқдорида молиявий санкция қўлланди. МЧЖ раҳбарига нисбатан жиноят иши қўзғатилди ва у Жиноят кодексининг 189-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этишда айбдор деб топилди. Текширув пайтидан ҳозирги вақтга қадар фирма молия-хўжалик фаолиятини юритмаяпти, бюджет олдида молиявий санкция суммасида – 25 500 000 сўм қарзга эга. Солиқ ҳисоботларининг маълумотларига кўра, 2013 йил якунлари бўйича жамиятда бошқа кредитор ва дебиторлар йўқ, асосий воситалар ҳам мавжуд эмас. МЧЖ муассисларидан бири – хорижий жисмоний шахс ҳозир эмас, иккинчи муассис – ЎзР резиденти (жисмоний шахс) эса фирмани тугатиш ниятида. Шу муносабат билан унда бир қатор саволлар туғилди, уларга жавоб беришингизни сўрайди.

Унинг ўзи фирмани ихтиёрий тугата оладими?

Жамиятни тугатиш учун у қандай чораларни кўриши лозим, бу жараён қандай амалга оширилади?

Қўлланилган молиявий санкция бўйича қарз суммасини тўлаш учун МЧЖда мол-мулк мавжуд бўлмаса, қарзни ундиришни муассис мол-мулкига қаратиш мумкинми?

 

ֿМАСЪУЛИЯТИ чекланган жамиятни ихтиёрий тугатиш Фуқаролик кодекси, «Масъу­лияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонун (6.12.2001 йилдаги 310-II-сон, бундан кейин – 310-II-сон Қонун) ва Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисида низом1 (бундан кейин – Низом) билан тартибга солинади.

Низомнинг 3-бандига кўра, корхонани ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарор унинг муассислари (қатнашчилари) томонидан, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қабул қилинади. 310-II-сон Қонуннинг 55-моддасига мувофиқ жамият 310-II-сон Қонун ва МЧЖ устави талаблари ҳисобга олинган ҳолда белгиланган тартибда ихтиёрий равишда тугатилиши мумкин. Унинг 34-моддаси ўнинчи қисмида эса тугатиш тўғрисидаги қарорлар, агар бундай қарорларни қабул қилиш учун жамиятнинг уставида кўпроқ овозлар сони зарурлиги назарда тутилган бўлмаса, МЧЖ иштирокчилари умумий овозлар сонининг кўпчилик овозлари билан қабул қилиниши тартибга солинади.

Сиз жамият устав фондидаги улушингиз миқдорини кўрсатмагансиз. Агар у 50%дан кам бўлса, иккинчи муассиссиз МЧЖни ихтиёрий тугатиш тўғрисида қарор қабул қила олмайсиз. Агар улушингиз 50%дан ошса, жамият устави жамиятни ихтиёрий тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиш учун овозларнинг камида 2/3 қисми ёки бир овоздан розилик билдиришни талаб қилмаса, ҳатто иккинчи муассис бўлмаган тақдирда ҳам уни мустақил равишда қабул қилишга ҳақлисиз.

МЧЖни ихтиёрий тугатиш учун қарор қабул қилишингиз ва тугатувчини тайинлашингиз талаб қилинади, унга тайинланган пайтдан бошлаб жамият ишларини бошқариш бўйича барча ваколатлар ўтади. Низомнинг 17-бандига кўра, тугатувчи ихтиёрий тугатиш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин:

б) корхонанинг активлари ва мажбуриятларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хатловдан ўтказади, шу жумладан корхона қарздор сифатида иштирок этган ижро ҳужжатлари реестрини тузади;

в) йил бошидан бошлаб рўйхатдан ўтказган орган корхонани ихтиёрий тугатиш тўғрисида хабардор қилган санагача бўлган даврда корхона томонидан тўланадиган барча турдаги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича ҳисоб-китобларни тузади;

г) корхонанинг дебиторлик қарзларини олиш, шунингдек тасдиқнома олган ҳолда (қабул қилиб олинган санаси тўғрисидаги белги, почта квитанцияси, ёзма ёки электрон хабар ва шу кабилар) кредиторларни аниқлаш ва корхонанинг тугатилиши тўғрисида уларни ёзма равишда хабардор қилиш чора-тадбирларини кўради.

Кредиторларнинг талабларини тўлиқ ҳажмда қондиришнинг мумкин эмаслиги аниқланган тақдирда тугатувчи корхонани тўловга қодир эмас (банкрот) деб эътироф этиш тўғрисидаги ариза билан хўжалик судига мурожаат қилиши шарт (Низомнинг 29-банди). «Банкротлик тўғрисида»ги Қонуннинг2 185-моддасига кўра, агар қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаганлиги ва (ёки) ўз устав фондини шакллантирмаганлиги муносабати билан тугатилиши тўғрисида қарор қабул қилинган юридик шахснинг мол-мулки қиймати кредиторларнинг талабларини қондириш учун етарли бўлмаса, бундай юридик шахс «Банкротлик тўғрисида»ги Қонунда назарда тутилган тартибда тугатилади. Бунинг учун тугатиш комиссияси (тугатувчи) тугатилаётган юридик шахсни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан хўжалик судига ёки қонун ҳужжатларида назарда тутилган тегишли чораларни кўриши учун давлат солиқ хизмати органларига мурожаат этиши шарт.

Қарздорни банкротликнинг соддалаштирилган таомили бўйича банкрот деб топиш (тугатилаётган ёки ҳозир бўлмаган қарздор) ҳақидаги аризани қабул қилишда кредиторлик қарзларининг миқдори аҳамиятга эга эмас (ОХС Пленумининг 27.01.2006 йилдаги 142-сон Қарорининг 35-банди, бундан кейин – ОХС Пленумининг 142-сон Қарори). Бундай ҳолда жамиятни банкрот деб топиш соддалаштирилган таомил бўйича, яъни кузатув, суд санацияси ва ташқи бошқарув таомиллари қўлланилмасдан амалга оширилади («Банкротлик тўғрисида»ги Қонуннинг 186-моддаси иккинчи қисми).

Корхона тўловга қодир эмас (банкрот) деб топилган пайтдан бошлаб ихтиёрий тугатиш тўхтатилади ва бундан кейинги тугатиш иши «Банкротлик тўғрисида»ги Қонун ва Суд бошқарувчилари тўғрисида низомга3 мувофиқ амалга оширилади. Хўжалик суди тугатилаётган юридик шахсни банкрот деб эълон қилиш ва уни тугатишга доир иш бошлаш тўғрисида қарор қабул қилади, ариза берувчи (тугатувчи) номзодини кўрсатадиган тугатиш бошқарувчисини тайинлайди.

Хўжалик судининг тугатишга доир иш тугалланганлиги тўғрисидаги ажрими давлат реестрига МЧЖ тугатилганлиги тўғрисидаги ёзувни киритиш учун асос ҳисобланади. У киритилган пайтдан бошлаб тугатиш бошқарувчисининг ваколатлари тўхтатилади, тугатишга доир иш тугалланган, жамият эса – тугатилган ва қарзлардан озод ҳисобланади.

 

ЖАМИЯТНИ тугатиш муассиснинг ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарорисиз ҳам – ҳозир бўлмаган қарздорни банкрот деб топиш тартибида амалга оширилиши мумкин. ОХС Пленумининг 142-сон Қарори 35-банди тўртинчи хатбошисида қарздорнинг ҳозир бўлмаганлиги сифатида нафақат унинг раҳбари йўқлиги, балки хўжалик юритувчи субъект мол-мулкининг йўқлиги ҳам тушунилади. Бу ҳолда ҳозир бўлмаган қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги аризани жамият ҳисобга қўйилган жойдаги солиқ органи хўжалик судига топшириши мумкин. Аризага, бошқа зарур ҳужжатлардан ташқари, қарздор турган жойи (почта манзили) бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи, уй-жой мулкдорларининг ширкати, турар жой ёки одам яшамайдиган жойнинг мулкдори вакиллари ва (ёки) суд бошқарувчиси иштирокида тузилган тегишли далолатнома ёхуд қарздорнинг мол-мулки мавжуд эмаслиги сабабли ижро ҳужжатини ижросиз қайтариш тўғрисидаги суд ижрочисининг қарорини илова қилиш лозим.

Хўжалик суди ҳозир бўлмаган қарздорни банкрот деб топиш ҳақидаги аризани ўз иш юритувига қабул қилиб олган кундан эътиборан 2 ҳафталик муддат ичида қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилади. Унинг қарори банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органига юборилади, бу орган мазкур қарорни олган кундан эътиборан 1 ҳафталик муддат ичида хўжалик судига тугатиш бошқарувчилигига номзод тақдим этади. Хўжалик суди уни мазкур давлат органи ходимлари орасидан тайинлаши мумкин («Банкротлик тўғрисида»ги Қонуннинг 189-моддаси). Амалиётда жуда кўп ҳолларда банкрот корхона ҳисобга қўйилган жойдаги солиқ органининг тегишли аттестатга эга бўлган ходими тугатиш бошқарувчиси этиб тайинланади.

Жамиятда мол-мулк бўлмаган тақдирда молиявий санкция бўйича қарзни ундириш муассиснинг шахсий мулкига қаратилиши мумкин эмас. 310-II-сон Қонуннинг 3-моддасига мувофиқ масъулияти чекланган жамиятнинг иштирокчилари унинг мажбуриятлари бўйича жавобгар бўлмайдилар ва жамият фаолияти билан боғлиқ зарарлар учун ўзлари қўшган ҳиссалар қиймати доирасида жавобгар бўладилар.

Хўжалик судининг жамиятни тугатиш иши тамомланганлиги тўғрисидаги ажрими чиқарилгандан кейин унинг қарзи умидсиз деб топилади ва Умидсиз солиқ қарзини ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисида низомга4 мувофиқ солиқ органининг қарорига асосан ҳисобдан чиқарилади.

 

1Президентнинг 27.04.2007 йилдаги ПҚ-630-сон Қарори билан тасдиқланган.

25.05.1994 йилдаги 1054-XII-сон, 24.04.2003 йилдаги 474-II-сон Қонун таҳририда.

3ВМнинг 23.03.2004 йилдаги 138-сон Қарорига ­1-илова.

4ВМнинг 24.10.2012 йилдаги 307-сон Қарори билан тасдиқланган.


Алишер УБАЙДУЛЛАЕВ,

«Victory Yurconsalt» МЧЖ
юрисконсульти.

Прочитано: 1272 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика