Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 28 / Бизнинг маслаҳатлар

Ижара тўловининг энг кам миқдорига доир

Мен ўзимга тегишли бўлган “Дамас” автомашинасини транспорт корхоналарига 100 000 сўм ижара ҳақи тўлаш шарти билан ижарага бериш бўйича шартнома тузиш учун нотариал идорага бордим. Нотариал идора ходимлари ижара шартномаси 220 000 сўмдан кам бўлмаслиги тўғрисида Адлия вазирлигининг кўрсатмаси борлигини айтишиб, 100 000 сўмга ижара шартномасини расмийлаштиришдан бош тортишди.

Мен ижарага беришдан олинган даромаддан даромад солиғини 220 000 сўм ҳисобидан келиб чиқиб тўлаб, ижара шартномасини 100 000 сўмга расмийлаштиришим мумкинми?

Транспорт корхонаси менга ойлик тўлов режасини қайси тартибда белгилаши керак?

 

А.Джалолов. Олтиариқ тумани.

 

Фуқаролик кодекси (ФК) 354-моддасининг биринчи қисмига кўра, фуқаролар ва юридик шахслар шартнома тузишда эркиндирлар. ФКнинг 535-моддасида белгиланишича, мулк ижараси шартномаси бўйича ижарага берувчи ижарага олувчига ҳақ эвазига мол-мулкни вақтинча эгалик қилиш ва фойдаланиш ёки фойдаланиш учун топшириш мажбуриятини олади. Бинобарин, жисмоний шахс юридик шахс билан транспорт воситасини ижарага бериш шартномасини тузиши мумкин.

Саволингиздан тушунишимизча, сиз транспорт воситасини ФКнинг 564-моддасига асосан экипажсиз ижарага бераётирсиз, яъни транспорт воситасини бошқариш ва техник фойдаланиш бўйича хизмат кўрсатмаган ҳолда вақтинча эгалик қилиш ва фойдаланиш учун ижарага олувчига ҳақ эвазига бермоқдасиз.

Президентнинг 25.12.2013 йилдаги ПҚ-2099-сон Қарорининг 25-иловасига асосан жисмоний шахслар ўзларига тегишли бўлган автотранспорт воситаларини ижарага беришларида ҳар бир автотранспорт воситаси учун ойлик ижара тўлови ставкасининг энг кам миқдори 220 000 сўмдан кам бўлмаслиги кўрсатилган бўлиб, мазкур ставкалар жисмоний шахсларнинг мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадларига солиқ солиш мақсадида қўлланилиши кўрсатиб ўтилган.

Солиқ кодекси 184-моддасининг иккинчи қисми 3-бандида жисмоний шахсларнинг мулкий даромадлари, агар даромаднинг тўлов манбаи юридик шахс - Ўзбекистон Республикасининг резиденти, фаолиятини Ўзбекистонда доимий муассаса орқали амалга ошираётган Ўзбекистон Республикасининг норезиденти, чет эл юридик шахсининг ваколатхонаси бўлса, жисмоний шахсларнинг даромадларига солинадиган солиқ тўлов манбаида ҳисоблаб чиқилиши, ушлаб қолиниши ва тўланиши белгиланган.

Солиқ кодексининг 185-моддасида тўлов манбаида солиқ солиш солиқ солинадиган база ва белгиланган ставкадан келиб чиққан ҳолда солиқ агентлари томонидан амалга оширилиши, солиқ агентлари солиқ тўловчининг Солиқ кодекси 184-моддасида кўрсатилган даромадларидан ҳисобланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммасини мазкур даромадлар ҳақиқатда тўланаётганда ушлаб қолишлари шартлиги белгиланган.

Юқоридагиларга кўра, сизнинг транспорт воситангизни 100 000 сўм ижара тўлови шарти билан юридик шахсга ижарага бериш бўйича ижара шартномасини расмийлаштиришингизга қонун ҳужжатларида тақиқ йўқ. Агар ижара шартномасида ижара тўлови белгиланган минимал сумма – 220 000 сўмдан паст қилиб белгиланган бўлса, ижарага олган юридик шахс сизга ижара тўловини тўлашда 220 000 сўмдан Солиқ кодексининг 181-моддасига асосан 7,5 фоиз ставкада даромад солиғи суммасини, яъни 16 500 сўмни (220 000 х 7,5%) ушлаб қолиб бюджетга ўтказиб, қолган суммани (сизнинг ҳолатингизда 83 500 сўмни (100 000 – 16 500) ижара ҳақи тўлови сифатида сизга тўлаши мумкин бўлади.

Солиқ кодексининг 187-моддасига асосан транспорт воситасини ижарага олган юридик шахс солиқ даври тугаганидан сўнг 30 кун ичида давлат солиқ хизмати органига даромадлар олган жисмоний шахс (яъни сиз) тўғрисида Давлат солиқ қўмитаси ва Молия вазирлиги томонидан белгиланадиган шаклда маълумотнома тақдим этиши шарт.

Ижара тўлови жадвали ижара шартномасида белгиланади.

 

Жавобни Тошкент Давлат иқтисодиёт университети ўқитувчиси,

«Soliq Kalkulyatori»

СМТ эксперти

Зафар ИСЛАМОВ

тайёрлади.

Прочитано: 5051 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика