Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 28 / Бизнинг маслаҳатлар

Ишхонада ошхона

Умумбелгиланган солиқлар тизимида фаолият кўрсатувчи корхонамизда мулк ҳуқуқи асосида бизга тегишли бўлган ва тегишли кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилган ошхонамиз мавжуд. Бу ерда иссиқ овқат тайёрланиб, ишчи-ходимларимизга талонлар ҳамда нақд пул асосида тарқатилмоқда. Тушлик ҳақи талон билан тўланганда ходимлар ички тартибга мувофиқ, овқатнинг 50% қийматини тўлайди, қолган қисми корхона ҳисобидан қопланади. Ошхонани сақлаб туриш бўйича ҳамма харажатлар, шу жумладан хизмат кўрсатувчи ишчи ва ходимларга иш ҳақи, иш ҳақидан ажратмалар, озиқ-овқат маҳсулотлари, коммунал тўловлар, бинонинг эскириш харажатлари ва бошқа хизматлар учун харажатлар корхона томонидан амалга оширилади. Шундан келиб чиқиб, қуйидаги саволларимизга жавоб берсангиз:

Ушбу операциялар бухгалтерия ҳисобида қандай акс эттирилади? Биз томонимиздан ҚҚС ҳисобланиши лозимми, агар ҳисобланса, ошхонани тутиб туриш харажатлари хизматларни реализация қилишдан олинган даромадлардан ошиб кетган тақдирда, у қандай суммадан ҳисобланади? Харид қилинган озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича ҚҚС ҳисобга киритиладими?

Бизда ошхонамизни тутиб туриш бўйича қандай солиқ оқибатлари юзага келиши мумкин?

Акром Баҳромов,

корхона директорининг ўринбосари.

Сирдарё вилояти.

 

 

– Корхонангизда алоҳида ошхона ташкил этган экансиз, сизга ошхонанинг пулли асосда хизматлар кўрсатишдан олган даромадлари ва харажатларини ҳисобга олиш учун 21-сон БҲМСнинг қоидаларига асосан ҳамда тасдиқланган ҳисоб сиёсатингизга кўра ҳисобварақлар ишчи режангизга алоҳида 9230-«Хизмат кўрсатувчи хўжаликлар маҳсулотининг (ишлар, хизматларнинг) чиқиб кетиши» ҳисобварағини очишингизни маслаҳат берамиз.

Ошхона харажатлари (озиқ-овқат маҳсулотлари, ягона ижтимоий тўлов билан бирга ходимларнинг иш ҳақи, коммунал хизматлар ва бошқалар) 2710-«Хизмат кўрсатувчи хўжаликлар» ҳисобварағида калькуляцияланиши лозим бўлади.

9230-ҳисобварақ дебетида 2710-ҳисобварақ билан корреспонденцияда ошхонанинг ходимларни пулли асосда овқатлантириш билан боғлиқ барча харажатлари, 9230-ҳисобварақ кредити бўйича эса даромадлар - ходимлар нақд пул маблағлари билан тўлаган сумма ёки бухгалтерия уларнинг иш ҳақидан ушлаган сумма кўрсатилади.

Шуни қайд этиш лозимки, мабодо ходимларни овқатлантириш харажатлари даромадлардан ошиб кетса, яъни таомлар таннархдан паст нархда реализация қилинадиган бўлса, бу ҳолда зарар юзага келади ҳамда ушбу сумма Солиқ кодексининг 147-моддаси 27-бандига асосан юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ҳисоб-китоби пайтида чегирилмайди.

Сизнинг ҳолатингизда харид қилинган барча озиқ-овқат маҳсулотлари ва чет ташкилотлар томонидан ошхона учун кўрсатилган хизматлар, жумладан, маҳсулотларни етказиб бериш ва бошқалар бўйича ҚҚС ҳисобга киритилиши керак бўлади.

Солиқ кодексининг 199-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мувофиқ мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқини ўтказиш, ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш, шу жумладан товарни ва бошқа мол-мулкни жўнатиш (сотиш), мол-мулкни бепул бериш (ишларни бепул бажариш, хизматларни бепул кўрсатиш), шу жумладан юридик шахс ходимларига уларнинг мазкур юридик шахсдаги фаолияти билан боғлиқ бўлмаган шахсий эҳтиёжлари учун мол-мулкни бепул бериш (ишларни бепул бажариш, хизматларни бепул кўрсатиш), ҚҚС бўйича товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш обороти деб эътироф этилади.

Демак, ошхонанинг ходимларга тўлов эвазига хизматлар кўрсатиши ҚҚС солинадиган оборот ҳисобланади. Бунда ҚҚС таомларнинг бутун қийматига, шу жумладан корхона маблағлари ҳисобига тўланадиган қисмига ҳисоблаб ёзилади.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган ҳамда солиқ тўловчининг харажатларига киритиладиган бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига тўланадиган солиқлар, бошқа мажбурий тўловлар бошқа харажатлар таркибига киради (Солиқ кодексининг 145-моддаси 21-банди). Яъни сизнинг ҳолатда ходим тўлайдиган ва ҳисобланган ҚҚС суммалари ўртасидаги фарқ корхонанинг харажати бўлиб, фойда солиғи ҳисоб-китоби пайтида чегирилади.

Солиқ кодексининг 177-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига асосан товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) ходимларга реализация қилинадиган нархи ва шу товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) ҳисоблаб чиқарилган қиймати ўртасидаги салбий тафовут солиқ тўловчи томонидан юридик шахсдан моддий наф тарзида олинган даромадлар бўлиб ҳисобланади.

Шундан келиб чиқиб, ходимлар учун ҳақиқатда тўланган (иш ҳақидан ушланган) сумма билан ҚҚС ҳисобга олинган ҳолда овқатланиш қиймати ўртасидаги салбий фарқ моддий наф тарзидаги даромад деб эътироф этилиб, ушбу суммага жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинади. Моддий наф тарзидаги даромадлардан ягона ижтимоий тўлов ва суғурта бадаллари ҳисобланмайди.

 

Жавобни «Soliq Kalkulyatori» солиқ маслаҳатчилари ташкилоти

эксперти Ғуломжон Тўлаганов томонидан тайёрланди.

Прочитано: 1125 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика