Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 26 / Автомобиль ва ҳуқуқ

Автобус хорижга йўл олади

Ташкилотимиз ўзининг асосий воситасини (автобус) Қирғизистондаги хорижий юридик шахсга сотмоқчи. Биз қандай ҳужжатларни расмийлаштиришимиз ва қандай тўловларни тўлашимиз керак?

 

– Сиз автобусни экспортга сотиш бўйича ҳужжатларни айнан қаерга – ДЙҲХХ органи, нотариал идора, банк ёки божхона органига тақдим этмоқчи эканлигингиз кўрсатилмаганлиги сабабли ана шу муассасаларга топшириш зарур бўлган ҳужжатларни ва бу билан боғлиқ тўловларни бирма-бир санаб ўтамиз.

 

АВТОБУС – КЎРИККА, ҲУЖЖАТЛАР – НОТАРИУСГА

Фуқаролик кодексининг 386-моддаси тўртинчи қисмига ва Автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида низомга1 (бундан кейин – 38-сон Низом) мувофиқ ташкилотингиз ва хорижий контрагент автобус олди-сотди шартномасини нотариал тасдиқлаши лозим. Бироқ бунгача, 38-сон Низомнинг 7-бандига кўра, автобус рўйхатга олинган жойдаги ёки битим содир этилган жойдаги (сотиб олувчининг танловига кўра) ДЙҲХХ органида агрегатлар рақамлари рўйхатдан ўтказиш рақамларига мувофиқлиги юзасидан кўздан кечирилиши керак. Таомил автобусни рўйхатдан ўтказиш ҳужжатидаги кўздан кечирган мансабдор шахснинг штамп ва имзоси билан тасдиқланади. Штамп 10 кун мобайнида амал қилади. Автобуснинг кўздан кечирилганлиги учун тўлов ундирилмайди.

Нотариус битимни бошқа шахсга бериш тақиқланмаганлиги ва хатланмаганлиги текширилгандан кейин тасдиқлайди. Бундай маълумотномани рўйхатдан ўтказиш ҳужжатида кўрсатилган автобус мулкдори жойлашган жойдаги маълумотлар банкини юритувчи нотариал идорадан олиш мумкин (Автомототранспорт воситаларини хатлаш, бошқа шахсга беришни тақиқлаш ва тақиқни олиб ташлаш, шунингдек автомототранспорт воситаларини хатлаш ва бошқа шахсга беришни тақиқлаш тўғрисидаги маълумотларнинг ҳужжатлаштирилган банкини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомнинг2 33-банди ва 35-бандининг учинчи хатбошиси).

Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида йўриқноманинг3 (бундан кейин – 2090-сон Йўриқнома) 117-бандига кўра, автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги битимларни тасдиқлашда тарафлар ёки тарафлардан бири юридик шахс бўлган ҳолларда қуйидаги ҳужжатлар талаб қилинади:

юридик шахснинг таъсис ҳужжатлари;

юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳнома;

мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар (транспорт воситасини қайд қилиш гувоҳномаси, автомототранспорт воситасининг рақамли агрегатлари учун ДЙҲХХ органлари томонидан берилган белгиланган шаклдаги маълумотнома);

юридик шахс ваколатли органининг автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш ҳақидаги ҳужжати (қарор, умумий мажлис баённомаси, кузатув кенгашининг қарори, буйруқ ва ҳоказо);

вакилнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжат (ишончнома);

қолдиқ баланс қиймати тўғрисида маълумотнома;

юридик шахснинг соф активлари ҳақида маълумотнома;

автомототранспорт воситасини тарафлар ўртасидаги баҳолаш далолатномаси;

топшириш ва қабул қилиш далолатномаси (агар шартномани имзолашдан аввал автомототранспорт воситаси топширилган бўлса);

мулкдорнинг розилиги (агар юридик шахсга автомототранспорт воситаси оператив бошқарув ҳуқуқи асосида тегишли бўлса);

давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат (тўлов топшириқномаси, квитанция);

тарафлар ўртасида ҳисоб-китоб қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжат (ҳисоб-китоб кечиктирилган ҳоллар бундан мустасно).

Агар ташкилот давлат ташкилоти бўлса, саналган ҳужжатларга қўшимча равишда баҳоловчи ташкилотнинг ҳисоботи ва юқори турувчи ташкилотнинг рухсати (агар у мавжуд бўлса) талаб қилинади (2090-сон Йўриқноманинг 118-банди).

Агар иккинчи тараф юридик шахс, ҳатто хорижий юридик шахс бўлса, битимни тасдиқлаётган нотариус харидордан юқорида кўрсатилган ҳужжатларнинг баъзиларини тақдим этишни талаб қилиши мумкин.

Бошқа шахсга берилаётган автобус Ўзбекистондан олиб чиқилаётганлигини ҳисобга олиб, олди-сотди шартномасида ташқи савдо контрактларининг баъзи хусусиятларини акс эттириш керак.

Автомототранспорт воситасини бошқа шахсга бериш битимини амалга ошириш учун давлат божи тўланади. Унинг миқдорини қаерда ишлаб чиқарилганлиги (ўзимизда ёки хорижда) ва уловдан фойдаланиш муддатига боғлиқ ҳолда Давлат божи ставкалари4 4-бандининг «к» ва «к-1» кичик бандлари асосида белгилаш мумкин.

Автомототранспорт билан боғлиқ битимлар фақат гербли (махсус) қатъий ҳисобдаги бланкаларда нотариал тасдиқланади ва бунинг учун энг кам ойлик иш ҳақининг 10%и миқдорида йиғим ундирилади (38-сон Низом 9-бандининг биринчи хатбошиси).

 

ДЙҲХХга МУРОЖААТ

Ўзбекистон Республикасида автомототранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва уларнинг ҳисобини олиб бориш, миллий давлат рақами белгиларини бериш ва уларни алмаштириш қоидалари5 VI бўлимининг 1–4-бандларига кўра сотилган автобусни ҳудудий мудофаа ишлари бўйича бўлим ҳисобидан чиқариш, ДЙҲХХда яна техник кўрикдан ўтказиш, давлат рақами белгиларини топшириб, улар ўрнига «Транзит» рақами белгиларини олиш ва автобусни қайд этиш гувоҳномасида ҳисобдан чиқариш сабаблари, кимнинг номига берилганлиги, қаерга кетаётганлиги ва қачон ҳисобдан чиқарилганлиги ҳақидаги маълумотларни кўрсатиш лозим.

Транзит рақами белгиларини бериш учун ЭКИҲнинг 25%и миқдорида йиғим ундирилади, бу рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини ва қатъий ҳисобдаги бланкаларни беришда, автомототранспорт воситалари, уларнинг тиркамалари (ярим тиркамалари)ни рўйхатдан ўтказишда, қайта рўйхатдан ўтказишда, мажбурий техник кўрикдан ўтказишда, шунингдек имтиҳонларни олишда ундириладиган тўловлар ставкаларининг6 3-бандида назарда тутилган.

Автобусни ҳисобдан чиқариш ва тегишли муассасаларда экспорт контрактини (сизнинг ҳолатингизда автобус олди-сотди шартномасини) ҳисобга қўйиш таомилларига риоя этилганидан кейин транзит рақамларини олиш тўғри бўлади деб ўйлаймиз. Ваколатли банкларда экспорт ва бартер контрактларини ҳисобга қўйиш ҳамда улар ижроси устидан назоратни амалга ошириш тартиби тўғрисида низомнинг7 2.1-бандига мувофиқ ташкилот ваколатли банкка экспорт контрактини ҳисобга қўйиш тўғрисида ариза, контрактнинг асли ва нусхасини тақдим этиши керак.

 

ХОРИЖГА ОЛИБ ЧИҚИШ

Ўзбекистон Республикаси божхона органларида контрактлар (шартномалар) ва битимларни ҳисобга қўйиш тартибининг8 8-бандига кўра божхона органига контрактни ҳисобга қўйиш ҳақида ариза, контрактнинг асли ва нусхаси, шунингдек КТУТ карточкасидан кўчирилган нусха (божхона органига биринчи марта мурожаат қилинганда ва КТУТ коди ўзгарганда такроран тақдим этилади) ва ваколатли банкнинг идентификация рақами тақдим этилади.

Агар ташкилот микрофирма ёки кичик корхона ҳисобланса, «Бир дарча» тамойили бўйича экспортга етказиб беришлар билан боғлиқ тартиботларни амалга ошириш механизми тўғрисида вақтинчалик низомга9 мувофиқ ТИФ божхона постида бевосита товарни расмийлаштириш жараёнида контракт божхона органида ҳисобга қўйилади.

Экспорт-импорт юкларини расмийлаштириш пайтида божхона органларига тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхатининг10 I бўлими ва Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисида йўриқноманинг11 2.1-бандидан келиб чиқиб, товарни божхонада «Экспорт» режимида расмийлаштириш учун қуйидагиларни (рўйхат билан) тақдим этиш зарур:

ҳисобга олинган контракт;

божхона юк декларацияси;

транспорт ва товарга илова қилинувчи ҳужжатлар;

товарнинг келиб чиқиш сертификати (агар у контрактда қайд этилган бўлса);

божхона тўловлари тўланганлигини тасдиқлайдиган тўлов ҳужжатлари.

Республиканинг божхона ҳудудидан товарларни олиб чиқиб кетиш вақтида товарнинг келиб чиқишига доир сертификат ваколатли орган томонидан берилади, башарти унинг зарурлиги тегишли контрактларда, товар олиб кириладиган мамлакатнинг миллий қоидаларида қайд этилган ёки Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларида назарда тутилган бўлса (29.08.1997 йилдаги «Бож тарифи тўғрисида»ги 470-I-сон Қонун 28-моддасининг иккинчи қисми). Мамлакатимиз ва Қирғизистон ҳам, МДҲнинг бошқа мамлакатлари сингари, 15.04.1994 йилда Москвада имзоланган Эркин савдо зонасини барпо этиш тўғрисидаги битим12 ҳамда Товарларнинг келиб чиқиш мамлакатини белгилаш қоидаларининг13 иштирокчиларидир. Уларга кўра товарларга нисбатан, башарти уларнинг келиб чиқиши тўғрисида лозим даражадаги тасдиқнома олинган бўлса, энг кўп қулайлик режими ёки преференциал режим қўлланиши мумкин. Масалан, агар автобус Ўзбекистон ҳудудида унинг резиденти томонидан ишлаб чиқарилган бўлса, келиб чиқиш сертификати мавжуд бўлганда Қирғизистон резиденти бўлган контрагентингиз уни ўз мамлакатига олиб киришда импорт божхона божини тўлашдан озод қилинади.

Товарлар ва транспорт воситаларининг «Экспорт» божхона режимида божхона расмийлаштируви учун йиғимдан ташқари, бирор-бир бошқа бож ва бошқа божхона тўловларини тўлашга тўғри келмайди. Товарлар ва хизматларни экспорт қилишда божхона расмийлаштируви учун тўланадиган йиғимлар ставкаларига14 кўра унинг ставкаси божхона қийматидан 0,1%, бироқ ЭКИҲнинг 50%идан кам бўлмаган миқдорда белгиланган.

 

СОЛИҚЛАР, ТЎЛОВЛАР, ХАРАЖАТЛАР

Автобусни сотишдан тушум бошқа даромадларга киради, ундан ташкилот тегишли солиқни (фойда солиғи ёки ЯСТ) тўлаши керак.

Автобусни сотишдан олинган хорижий валютадаги тушумнинг 50%и Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан хорижий валютадаги тушумни мажбурий сотиш тартибига15 кўра мажбурий сотилиши керак.

Юқорида кўрсатилган тўловлар (божлар, йиғимлар, солиқ)дан ташқари ташкилотда қуйидагилар билан боғлиқ бошқа харажатлар ҳам бўлиши мумкин:

контрактни ваколатли банкда ҳисобга қўйиш (воситачилик ҳақи);

келиб чиқиш сертификатини олиш («Ўзбекэкспертиза» ОАЖ хизматлари ҳақи);

божхона расмийлаштируви (агар штатда божхона расмийлаштируви бўйича ўз мутахассиси бўлмаса, божхона брокери хизматларига ҳақ тўлаш).

 

1ВМнинг 7.03.2006 йилдаги 38-сон Қарори билан тасдиқланган.

2АВ ва ИИВнинг АВ томонидан 4.07.2006 йилда 1589-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

3Адлия вазирининг АВ томонидан 30.03.2010 йилда 2090-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.

4ВМнинг 3.11.1994 йилдаги 533-сон Қарори билан тасдиқланган.

5ВМнинг 26.05.1997 йилдаги 256-сон Қарорига 1-илова.

6Ички ишлар вазирининг АВ томонидан 21.12.2011 йилда 2303-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.

7МБ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 9.08.2000 йилда 954-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

8ДБҚ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 15.10.1999 йилда 832-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

9ВМнинг 17.11.2011 йилдаги 305-сон Қарорига 1-илова.

10ТИАВ ва МВ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 8.04.1998 йилда 428-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

11ДБҚ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 3.11.1999 йилда 834-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

12Ўзбекистон Республикаси учун 1994 йил 30 декабрдан кучга кирган.

13МДҲ ҳукуматлари бошлиқлари Кенгашининг 24.09.1993 йилдаги Қарори билан тасдиқланган.

14Президентнинг 25.08.2011 йилдаги ПҚ-1604-сон Қарорига 2-илова.

15ВМнинг 29.06.2000 йилдаги 245-сон Қарорига 1-илова.

 

Камол МУЗАФФАРОВ,
эксперт-юристимиз.

Прочитано: 1171 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика