Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 26 / Олий Мажлис Қонунчилик палатасида

Давлат бюджетининг ижроси кўриб чиқилди

20 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.  

 

Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан таклиф этилган кун тартиби тасдиқланганидан кейин депутатлар Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2013 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботини кўриб чиқдилар. Ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – молия вазири Р.Азимов маъруза қилди.

Мамлакатимизнинг асосий молиявий ҳужжати ижроси устидан парламент назорати Қонунчилик палатасининг устувор вазифалари жумласига киради, шу сабабли у депутатлар корпусининг диққат марказида туради.

Қонунчилик палатасининг маж­лисида таъкидландики, мамла­катимизнинг асосий молиявий ҳуж­жати 2013 йилда илгари Олий Мажлис томонидан тасдиқланган параметрларга мувофиқ, даромадлар харажатлардан оширилган ҳолда ижро этилди. Иқтисодий дастурнинг энг муҳим устуворликлари аниқ мақсадни кўзлаб ва тизимли амалга оширилиши натижасида жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози давом этаётганига қарамай, ўтган йилда Ўзбекистон иқтисодиётининг юқори суръатларда ўсиши, макроиқтисодий мувозанатлиликни сақлаш, модернизация ва диверсификация қилиш таъминланди. Мамлакатимизнинг ялпи ички маҳсулоти 8 фоизга, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 8,8 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулоти 6,8 фоизга, чакана товар айланиши 14,8 фоизга ўсди.

2011–2015 йилларда саноатнинг устувор соҳаларини ривожлантириш дастури ва ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилашга доир тармоқ дастурларининг изчил амалга оширилиши натижасида саноат таркибида юқори қўшимча қийматга эга бўлган рақобатдош маҳсулотлар тайёрланаётган қайта ишлаш тармоқларининг ўрни тобора ортиб бормоқда. Бугунги кунда ушбу тармоқлар мамлакатимиз саноат маҳсулотининг 78 фоиздан ортиғини ишлаб чиқармоқда.

Иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича минтақавий дастурларнинг амалга оширилиши натижасида 2013 йилда қарийб 970 минг киши иш билан таъминланди. Бундан 60 фоиздан ортиғи қишлоқ жойларида ишга жойлаштирилди. Шу жумладан, кичик корхоналар, микрофирмалар ва якка тартибдаги тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига 480 мингдан ортиқ, касаначиликни кенгайтириш ҳисобидан эса 210 мингдан зиёд иш ўрни ташкил этилди.

Ўтган йили ҳукумат ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, мамлакатимиз аҳолисининг даромадлари ва турмуш даражасини муттасил ошириб бориш масалаларига катта эътибор қаратди. 2013 йилда халқимизнинг реал даромадлари 16 фоизга ошди, бюджет ташкилотлари ходимларининг ўртача ойлик иш ҳақи, пенсия, ижтимоий нафақа ва стипендиялар 20,8 фоизга кўпайди. 2013 йилда ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 58,7 фоизини ташкил этди. Таълим, соғлиқни сақлаш, фан, маданият, спорт, оммавий ахборот воситаларини сақлаб туриш ва ривожлантириш учун талай маблағлар йўналтирилди.

Даромадлар ва жамғармаларнинг ўсиши аҳолининг харид қилиш имкониятлари ошиб боришини таъминлади. 2000–2013 йилларда аҳолининг истеъмол харажатлари 9,5 баравар ошди. Энг муҳим истеъмол маҳсулотлари турлари сифат жиҳатидан ўзгарди. Бунда кейинги йилларда жон бошига тўғри келадиган энг муҳим озиқ-овқат товарлари бўйича истеъмол ҳажми муттасил ўсиб борди, айни вақтда ноозиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиш ва хизматлар учун тўланадиган сарф-харажатлар миқдори сезиларли равишда кўпаймоқда. Масалан, мамлакатимизнинг мустақиллик йилларида гўшт истеъмоли – 1,4 бараварга, сут – 1,3 бараварга, сабзавот ва полиз маҳсулотлари – 2,6 бараварга, картошка – 2 бараварга, мевалар истеъмоли – 6,4 бараварга ошди.

Юртимизда узоқ муддат фойдаланишга мўлжалланган ноозиқ-овқат товарлар билан таъминлаш борасидаги аҳвол ҳам тубдан ўзгарди. Оилаларнинг замонавий маиший-техника, шу жумладан, холодильник, кондиционер, шахсий компьютер, телевизор, мобил телефонлар билан таъминланганлик даражаси ошди. Айниқса, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган енгил автомобиллар билан аҳолининг таъминланиши эътиборлидир. Агар 2000 йилда ҳар 100 та оилага ўртача 20 та енгил автомобиль тўғри келган бўлса, бугунги кунда бу рақам 41,4 тага етди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2013 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни ҳар томонлама муҳокама қилиш жараёнида барча сиёсий партиялар фракцияларининг ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг вакиллари сўзга чиқдилар.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокама жараёнида билдирилган фикр ва мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2013 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлади ва тегишли қарор қабул қилди.

* * *

Куннинг иккинчи ярмида депутатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2014 йил 1-чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқдилар. Ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг ўринбосари М.Мирзаев маъруза қилди.

Таъкидландики, Давлат бюджети 2014 йилнинг 1-чорагида ҳам мамлакатимизнинг Бюджет кодекси асосида аввал Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан тасдиқланган параметрларга мувофиқ, профицит билан ижро этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан белгилаб берилган энг муҳим устуворликлар ва вазифаларнинг амалга оширилиши 2014 йилнинг биринчи чорагида ҳам мамлакат иқтисодиёти ўсишининг ижобий динамикаси сақланишини таъминлади. Жорий йилнинг уч ойида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 7,5 фоизни ташкил этди, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмлари – 8,9 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш – 6,2 фоизга, чакана савдо айланмаси – 14,3 фоизга ўсди.

Иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини амалга ошириш доирасида жорий йилнинг биринчи чорагида 227,9 мингта иш ўрни, шу жумладан, қишлоқ жойларида 137 мингтадан зиёд иш ўрни яратилди. «Соғлом бола йили» Давлат дастурида белгиланган жисмонан соғлом, маънавий етук, баркамол авлодни тарбиялашга доир чора-тадбирларни фаоллик билан амалга ошириш бошланди. Ана шу мақсадлар учун жорий йилнинг биринчи чорагида барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан бир триллион сўмга яқин маблағ йўналтирилди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2014 йил 1-чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни ҳар томонлама муҳокама қилиш жараёнида барча сиёсий партиялар фракцияларининг ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг вакиллари сўзга чиқдилар. Улар мамлакатимизнинг жорий йилги асосий молиявий ҳужжати параметрлари барча давлат ва хўжалик органлари томонидан аниқ ижро этилиши зарурлигини алоҳида қайд этдилар.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2014 йил 1-чоракдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлади ва тегишли қарор қабул қилди.

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Ахборот хизмати материали асосида тайёрланди.

Прочитано: 1951 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика