Norma.uz
СБХ / 2013 йил / № 45 / Назорат

Ҳуқуқларингизни билган ҳолда мажбуриятларингизни ҳам унутманг

“Қисқа муддатли солиқ текширувлари хусусида” мақоласида (“СБХ”, 29.10.2013 йилдаги 43 (1003)-сон биз қисқа муддатли текширувлар ҳақидаги тушунчани, уларни ўтказишда текширувчилар қандай ҳужжатларни тақдим этишларини кўриб чиққан эдик. Бу гал бундай шакл­даги назоратни амалга ошириш чоғида хўжалик юритувчи субъектлар ва солиқ органларининг ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятлари тўғрисида сўз боради.

 

 

 


Ташкил топган пайтидан бошлаб барча хўжалик юритувчи субъектлар бошқа хўжалик юритувчи субъектлар, давлат органлари ва бошқа органлар билан фаолиятнинг муайян соҳасида ҳуқуқий муносабатларга киришадилар, улар тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига асосланади. Режадан ташқари қисқа муддатли текширувлар бундан мустасно эмас. Хўжалик юритувчи субъектлар ва солиқ органларининг бунда юзага келадиган ҳуқуқ ва мажбуриятлари доирасининг белгиланиши тарафларнинг ҳамкорлиги, текширувларни ўтказишнинг қонунийлиги ва улар натижаларининг тўғри расмийлаштирилишида муҳим аҳамиятга эгадир.

Солиқ кодексининг (бундан кейин – СК) 31-моддасида солиқ тўловчининг умумий, шу жумладан солиқ текширувига тааллуқли ҳуқуқлари назарда тутилган. Уни ўтказиш чоғида текширувчи қуйидагиларга ҳақли:

Ø солиқ текширувлари материал­лари билан танишиш ва текширув далолатномаларини олиш;

Ø солиқ текширувларини амалга ошираётган солиқ органларига солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бажаришга доир масалалар юзасидан тушунтиришлар бериш;

Ø солиқ органларининг, бошқа ваколатли органлар ва улар мансабдор шахсларининг СКга ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ бўлмаган ҳужжатлари ҳамда талабларини бажармаслик;

Ø солиқ органларининг ва бошқа ваколатли органларнинг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан белгиланган тартибда шикоят­ қилиш;

Ø солиқ органларининг ва бошқа ваколатли органларнинг қонунга хилоф қарорлари ёки улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари туфайли етказилган зарарнинг ўрни қопланишини белгиланган тартибда талаб қилиш.

Хўжалик юритувчи субъектнинг текширувларни ўтказиш чоғидаги ҳуқуқлари “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг (24.12.1998 йилдаги 717-I-сон) 16-моддаси билан ҳам белгиланган. Моддада уларга қуйидаги ҳуқуқлар берилган:

Ø ўз фаолиятлари текширилиши тўғрисидаги тегишли ахборотга эга бўлиш;

Ø назорат қилувчи органларнинг текширувчи мансабдор шахс­ларидан махсус ваколатли орган ёки унинг ҳудудий бўлинмалари қарорини, текшириш ўтказиш учун асос ҳисобланувчи бошқа ҳужжатларни талаб қилиш, текширувчиларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар билан танишиш;

Ø текшириш ўтказиш учун асосга эга бўлмаган шахсларнинг текшириш ўтказишига йўл қўймаслик;

Ø назорат қилувчи органларнинг текширувчи мансабдор шахс­ларининг ваколатига кирмайдиган масалаларга оид талабларни бажармаслик ва текшириш предметига тааллуқли бўлмаган материаллар билан уларни таништирмаслик;

Ø назорат қилувчи органларнинг текширувчи мансабдор шахсларидан текшириш тугаган куни текшириш натижалари тўғрисидаги далолатноманинг (маълумотноманинг) бир нусхасини олиш;

Ø қонунда белгиланган тартибда текшириш натижалари устидан шикоят қилиш.

Текширув бошлангунга қадар солиқ органларининг мансабдор шахслари солиқ тўловчини унинг мақсади билан таништиришлари, ўз хизмат гувоҳномалари ва текширувларни ўтказишга ижозат берилганлиги тўғрисида махсус гувоҳномаларини тақдим этишлари, тилхат олган ҳолда назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича махсус ваколатли органнинг текширув ўтказиш тўғрисида қароридан нусха ёки мувофиқлаштирувчи режа (рўйхат)дан кўчирма ва ҳудудий солиқ органи бошлиғининг тегишли буйруғи нусхасини тақдим этишлари шарт. Текширувчилар томонидан ушбу мажбуриятнинг бажарилмаслиги солиқ тўловчига уларни солиқ текширувини ўтказиш учун ҳудуд ва хонага киритмаслик ҳуқуқини беради. Бундан нақд тушум билан боғлиқ текширувлар мус­тасно, бунда юқорида кўрсатилган ҳужжатлар солиқ тўловчига текширув бошланганидан кейин, бироқ уни якунлашга қадар тақдим этилиши мумкин.

Хўжалик юритувчи субъект текширув натижасида тузилган ҳужжатлар (баённомалар, инвентаризация далолатномалари, текширув далолатномаси, тушунтиришлар), шунингдек ундан олиб қўйилган ҳужжатлар билан танишиб чиқишга ҳақлидир. Солиқ органи уларни хўжалик юритувчи субъектга тақдим этишдан бўйин товлашга ҳақли эмас.

Хўжалик юритувчи субъект солиқ органлари ходимларининг улар ваколат доирасига кирмайдиган талабларини бажармаслик ва уларни текширув предметига кирмайдиган материаллар билан таништирмаслик ҳуқуқига эга. Бироқ текширувчиларнинг солиқ  тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ ҳаракатларни бажариш тўғрисидаги талаби қонуний бўлган ҳолда хўжалик юритувчи субъект мансабдор шахсларининг солиқ органлари ходимлари зиммасига юкланган мажбуриятларни бажаришдан бўйин товлаши ёки бунга тўсқинлик қилиши маъмурий жазони қўллашга сабаб бўлади (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 198-моддаси, бундан кейин – МЖТК).

Масалан, ДСИ нақд тушум билан боғлиқ молиявий-хўжалик фао­лиятини қисқа муддатли текширишни бошлади. Солиқ тўловчи назорат қилувчи органлар фао­лиятини мувофиқлаштириш бўйича ваколатли органнинг қароридан нусхани, қисқа муддатли солиқ текширувини та­йинлаш тўғрисида солиқ органи буйруғи ва уни ўтказиш дастурини тақдим этишни талаб қилганда ДСИ ходимлари, СКнинг
92-моддасига ҳавола қилган ҳолда, уларни текширув бошлангунга қадар тақдим этишдан бош тортдилар. Шундан кейин солиқ тўловчи ўз ҳужжатларини тақдим этишдан бош тортди ва текширувчилар унинг хонасидан чиқиб кетишини талаб қилди. Ушбу далиллар бўйича далолатнома тузилди ва хўжалик юритувчи субъект­ раҳбарига ҳокимият вакили хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилгани учун ЭКИҲнинг 2 баравари миқдорида маъмурий жарима солинди.

Хўжалик юритувчи субъект солиқ органининг қарори, шунингдек унинг мансабдор шахс­ларининг ҳар қандай ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан юқори солиқ органи ёки хўжалик судига шикоят қилишга ҳақлидир. Текширув натижалари бўйича тузилган далолатнома устидан шикоят­ қилинган тақдирда у 10 кун мобайнида солиқ текширувини ўтказган органга далолатнома бобида ёзма тушунтириш ёки раддия бериши зарур. Мазкур ҳолда текширув материаллари хўжалик юритувчи субъект ҳозирлигида кўриб чиқилади. Солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиб, қарор қабул қилиш чоғида иштирок этиш ҳуқуқи назорат қилувчи орган томонидан қонуний, асосли ва адолатли қарор қабул қилиниши учун зарур.

Хўжалик юритувчи субъект амалдаги қонун ҳужжатлари билан унга берилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Солиқ тўловчининг қонун ҳужжатлари билан белгиланган мажбуриятлари доирасини билиш муҳим аҳамиятга эга. Бир томондан, солиқ тўловчига нисбатан жавобгарлик чоралари кўрилишини одатда бирор-бир мажбуриятни бажармаганлик тақозо этади. Бошқа томондан, солиқ тўловчи ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши аввало унда муайян мажбуриятнинг йўқлиги далили ёки унинг лозим даражада бажарилиши далилини исботлашга асосланади.

СКнинг 32-моддасида хўжалик юритувчи субъектнинг мажбуриятлари белгиланган. Ҳуқуқлар билан қиёслаганда улар оз. Солиқ тўловчилар:

Ø солиқ текширувлари ўтка­зилаётган вақтда солиқ органларига солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш, тўлаш билан боғлиқ ҳужжатлар ҳамда маълумотларни тақдим этишлари;

Ø солиқ органларининг ва бошқа ваколатли органларнинг ҳамда улар мансабдор шахсларининг қонуний талабларини бажаришлари, шунингдек уларнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилмасликлари шарт.

Ҳуқуқий муносабатлар бир тарафининг муайян мажбуриятлари бошқа тарафда муайян ҳуқуқларни туғдиради. Бинобарин, солиқ органларининг мансабдор шахслари қуйидаги ҳаракатларга ҳақлилар:

Ø текширилаётган хўжалик юритувчи субъектлардан зарур ҳужжатлар ва бевосита текширув ўтказиш билан боғлиқ бошқа ахборотларни талаб қилиш;

Ø солиқ тўловчидан, шунингдек солиқ тўловчининг раҳбарлик вазифаларини ёки бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқарув вазифаларини амалга ошираётган шахслардан, бошқа моддий жавобгар ходимларидан тушунтиришлар олиш (29.08.1997 йилдаги “Давлат солиқ хизмати тўғрисида”ги 474-I-сон Қонун 5-моддасининг 2-банди);

Ø солиқ тўловчининг ҳудудини ва хоналарини кўздан кечириш, мол-мулкни инвентаризациядан ўтказиш (СК 93-моддаси);

Ø белгиланган тартибда текширувга шартнома асосида аудиторлик ташкилотлари ва (ёки) экспертларни жалб этиш (СК
97-моддаси
);

Ø ҳужжатлар ва предметларни талаб қилиб олиш ва олиб қўйиш (СК 94, 95-моддалари);

Ø солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг аниқланган бузилишлари бартараф этилишини талаб қилиш (“Давлат солиқ хизмати тўғрисида”ги Қонун 5-моддасининг 2-банди).

Солиқ тўловчи томонидан юқорида кўрсатилган мажбуриятларнинг бажарилмаслиги нохуш оқибатларга ва МЖТКнинг
198-мод­даси қўлланишига олиб келиши мумкин.

 Мавзуни якунларканмиз, тадбиркорларга улар фаолиятини бошқарадиган қонунлар, ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини билиш ҳамда улар асосида ўз ҳуқуқларини ҳар қандай вазиятда ҳимоя қилишда муваффақият тилаймиз. Зеро амалдаги қонун ҳужжатлари тадбиркорларнинг ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш ва яхшилашга йўналтирилган. Шуни ёдда тутингки, ўз фаолиятини қонунга мувофиқ амалга оширувчи тадбиркор доим давлат ҳимоясида бўлади.

Алишер УБАЙДУЛЛАЕВ

ва Тимур ТУРСУНОВ,

“Victory Yurconsalt” МЧЖ юрисконсультлари.

Прочитано: 5086 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика