Бизга маълум бўлишича, ташкилот ходимлари Ўзбекистон Республикасининг ташқарисига хизмат сафарига юборилганда уларга суткалик харажатлар ва яшаш учун (турар жой ижараси бўйича) харажатлар чет эл валютасида Адлия вазирлигида 2000 йил 5 июнда 932-сон билан рўйхатга олинган Тартибнинг 1-иловасида кўрсатилган меъёрлар асосида тўланади. Ташкилотимиздаги чет элга хизмат сафарига юборилган ходимга меъёрда кўзда тутилмаган харажатларни қоплаб беришимизга тўғри келиб қолди.
Айтинг-чи, биз республика ташқарисига хизмат сафарларига юборилган ходимлар учун қўшимча тўловларни амалга оширишимиз мумкинми, бунда солиқ оқибатлари вужудга келмайдими?
Сафарали Йўлдошев,
ташкилот бош бухгалтери.
Самарқанд вилояти.
– Таъкидингиз тўғри, ҳақиқатан ҳам ташкилот ходимлари Ўзбекистон Республикаси ташқарисига хизмат сафарларига юборилганда уларга суткалик харажатлар ва яшаш учун (турар жой ижараси бўйича) харажатлар Вазирликлар, идоралар, корхоналар ва ташкилотлар ходимлари Ўзбекистон Республикаси ташқарисига хизмат сафарига юборилганда хизмат сафари харажатлари учун маблағлар бериш Тартибининг (АВ томонидан 5.06.2000 йилда 932-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 1-иловасида белгилаб берилган меъёрлар доирасида чет эл валютасида тўланади.
Тартибнинг 5.6-бандида ташкилотларнинг раҳбарлари Тартибнинг 1-сон иловасида белгиланган хизмат сафари харажатлари меъёрларига қўшимча тўловлар миқдорини мустақил равишда тасдиқлаш ҳуқуқига эга эканликлари белгиланган. Хусусан, ташкилотда чет эл валютасидаги кредитларни (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан кафолатланган ҳамда кафолатланмаган) сўндириш мажбуриятларидан, импорт контрактлари бўйича (товарлар, ишлар ва хизматлар бўйича) чет эллик ҳамкорга ва бюджетга тўловлардан ортиқча хусусий валюта маблағлари мавжуд бўлган тақдирда кўрсатилган қўшимча тўловларни тўлаш мумкиндир.
Шуни билингки, агар қўшимча тўлов тўлашни белгилаган ташкилот юқорида келтирилган тўловлар бўйича ҳисоб-китоблар учун чет эл валютасини ички валюта бозоридан сотиб олган бўлса, кўрсатилган қўшимча тўловларни тўлаш амалга оширилмайди.
Суткалик ва яшаш (турар жой ижараси) учун харажатлар меъёрларидан ортиқ қўшимча тўловларни қоплаш қуйидагича амалга оширилади:
– бюджет ташкилотларида – уларни сақлаш учун смета бўйича иқтисод ҳисобидан;
– бошқа ташкилотларда – суткалик ва яшаш (турар жой ижараси) учун харажатлар меъёрларидан ортиқ қўшимча тўловлар ташкилотларнинг харажатларига киритилади ва фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган базага киритилади.
Бундан ташқари, суткалик харажатларни қоплаш меъёрларидан ортиқ қўшимча тўловлар жисмоний шахснинг солиқ солинадиган даромадига киритилади (жисмоний шахснинг даромадига солинадиган солиқ бўйича ходимнинг маблағлари ҳисобидан).
Юқорида келтирилган харажатлардан ташқари, хизмат сафарига юборилган шахсга ишлаб чиқариш мақсадларида сарфланган қўшимча харажатлар (масалан, телефон сўзлашувлари учун) ҳам қопланиши мумкин. Ушбу харажатлар хизмат сафари топшириқларини бажариш учун зарур бўлганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлгандагина қопланади.
Ходимнинг музокараларни олиб бориши ва бошқалар тўғрисида раҳбариятга ахборот бериш мажбурияти хизмат сафари режа-топшириғида кўзда тутилган бўлиши лозим.
Шуни қайд этиш лозимки, хизмат сафари хусусияти бирор-бир қўшимча ишлаб чиқариш харажатларини (телефон сўзлашувлари, юкни олиб келиш, ҳужжатлардан нусха кўчириш ва бошқалар) назарда тутганда, ташкилот раҳбари томонидан ходимнинг хизмат сафарига юборилишидан олдин ушбу харажатларни қоплаш тўғрисидаги буйруқ (фармойиш) чиқарилади. Бунда ушбу харажатлар бундай буйруқ (фармойиш) ва тасдиқловчи ҳужжатлар (счётлар, квитанциялар) мавжуд бўлганда хўжалик юритувчи субъектнинг харажатларига киритилиши ва фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган базага киритилмаслиги мумкин.
Жавобни экспертимиз Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ
тайёрлади.