Norma.uz
СБХ / 2013 йил / № 45 / Тадбир

Оила – ҳам қўрғон, ҳам корхона

МАҲАЛЛАЛАР ТАДБИРКОРЛИК ВА ОИЛАВИЙ БИЗНЕС МАРКАЗИГА АЙЛАНМОҚДА

 

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви томонидан “Оилавий бизнес ва касаначиликни ривожлантириш масалалари, яратилган шарт-шароитлар, имтиёзлар, эришилаётган натижалар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда маҳаллаларни хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнес марказига айлантириш, касаначилик, миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш, янги иш ўринлари ташкил этиш орқали аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, бу борада “Маҳалла” фонди ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан амалга оширилаётган ҳамкорликдаги кенг кўламли ишлар хусусида атрофлича сўз юритилди.

Президентимиз томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида бизнеснинг янги ташкилий-ҳуқуқий шакли – оилавий бизнес ҳуқуқий мақомга эга бўлди. Хусусан, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонуннинг амалиётга татбиқ этилиши, шунингдек, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонун янги таҳрирда қабул қилингани оилавий тадбиркорликни ривожлантиришда муҳим қадам бўлди.

Бугунги кунда республикамизда 5 200 дан ортиқ фуқаролар йиғинларида “Маслаҳат маркази” ташкил этилган. Ўз навбатида, мазкур Марказлар бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари билан ҳамкорликда ёшларни тегишли ҳудуддаги корхона ва ташкилотларга ишга жойлаштириш, ҳунармандларга бириктириш, шунингдек, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда кредит олиши учун ҳужжатлар тайёрлашда кўмаклашиш асносида оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчилик фаолиятини ривожлантиришни рағбатлантирмоқдалар.

Маҳаллаларда “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонун мазмун-моҳиятига оид тарғибот-тушунтириш ишлари мунтазам олиб борилгани натижасида “Маҳалла” фонди ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёрдами билан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 20 мингдан зиёд оилавий тадбиркорлик фаолияти ташкил этилди.

Бундан ташқари, “Обод турмуш йили” Давлат дастури доирасида қишлоқ жойларда аҳолига маиший хизмат кўрсатиш тизимини ривожлантириш орқали янги иш ўринлари яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг шу даврига қадар “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан маҳаллалар ҳудудида 41 мингдан ортиқ маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларини очиш ва уларда 112 мингдан зиёд янги иш ўрни ташкил этилишида кўмаклашилди. Шу билан бирга, 7 мингдан ортиқ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида новвойхона, сартарошлик, кулолчилик, дурадгорлик, косиблик, ёғоч ўймакорлиги, тикувчилик, зардўзлик ва бошқа ҳунармандчилик йўналишлари ташкил этилгани, 5 мингдан ортиқ оилада эса касаначилик фаолияти йўлга қўйилгани алоҳида эътиборга моликдир.

Анжуманда бошқа мутасадди идоралар вакиллари билан бир қаторда Давлат солиқ қўмитаси мутахассислари ҳам сўзга чиқиб, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнеснинг ҳукуматимиз томонидан қўллаб-қувватланаётганлигини уларга берилаётган қатор солиқ имтиёзлари мисолида келтириб ўтдилар. Хусусан, Президентнинг 2012 йил 10 майдаги “2012-2016 йилларда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш Дастури тўғрисида”ги
ПҚ-1754-сон қарори билан 2006 йил 17 апрелдаги ПҚ-325-сон Президент қарорида белгиланган микрофирмалар ва кичик корхоналар учун фойда солиғи ҳамда ягона солиқ тўлови бўйича имтиёзларнинг амал қилиш муддати 2017 йилнинг 1 январигача узайтирилди.

Шунингдек, қишлоқ жойлардаги маҳаллалар ҳудудида маиший хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорлар (сартарошлар, тикувчилар, пойабзал, маиший техника таъмирлаш бўйича усталар ва бошқалар) қатъий белгиланган солиқ тўлашдан 3 йил муддатга, қишлоқ жойларда якка тартибда уй-жой қурилиши асосида барпо этилаётган массивларда ташкил қилинаётган кирхоналар хизматларини кўрсатадиган микрофирма, кичик корхона ва якка тартибдаги тадбиркорлар тегишли равишда ягона солиқ тўлови ҳамда қатъий белгиланган солиқ тўловини тўлашдан 5 йил муддатга озод этилгани таъкидланди.

Тадбир якунида маҳаллаларни хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнес марказига айлантириш ва бу борада келгусидаги ишларни янада такомиллаштиришга оид амалий таклифлар билдирилди.

 

 

Гулбаҳор САТТОРОВА,

“СБХ” мухбири.

Прочитано: 2570 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика