Norma.uz
СБХ / 2013 йил / № 45 / Божхона

Қора металл деб “ранги сарғайди”

 

           Мамлакатимизда ишлаб чиқариш-техника буюмлари парчалари ва рангли металл чиқиндиларининг республикадан ташқарига ноқонуний олиб чиқиб кетилишининг олдини олиш, мамлакатимиз иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, қимматли хом ашё ресурсларидан оқилона фойдаланишга қаратилган қатор чора-тадбирлар олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, яна бир муҳим ҳужжат – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 18.07.2006 йилдаги “Рангли металл парчалари, чиқиндиларини йиғиш, тайёрлаш ва қайта ишлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори мазкур йўналишдаги камчиликларни бартараф этиш, рангли металларнинг ноқонуний айланишига чек қўйиш, уларнинг фаолият кўрсатаётган ишлаб чиқариш қурилмаларидан ўғирланишининг олдини олиш, шунингдек, рангли металл парчалари ва чиқиндилари ҳосил бўлиши ҳамда улардан фойдаланиш тўлиқ ҳисобга олинишини таъминлаш, уларни комплекс ва чуқур қайта ишлаш корхоналарини ривожлантириш мақсадларига хизмат қилмоқда.

Шунга қарамай, таркибида рангли металлар бўлган механизм ва агрегатларни талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик далиллари, рангли металл парчалари ва чиқиндиларини яширинча тайёрлаш, уларни мамлакат ташқарисига контрабанда йўли билан олиб чиқиб кетиш ҳоллари учраб турибди. Бу турдаги қонунбузарлик ҳолатларига қарши курашиш мақсадида республикамиз божхоначилари томонидан қатор чора-тадбирлар олиб борилаётир.

● Қашқадарё вилояти божхоначилари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари ҳамкорлигида Қарши туманида фуқаро Ш.Зоировнинг хонадони амалдаги тартибларга мувофиқ ва холислар иштирокида кўздан кечирилганда, бу ерда рангли металл парчалари ноқонуний равишда тўпланаётгани ҳамда улардан қўлбола усулда алюмин қозонлар тайёрланаётгани фош қилинди. Кўздан кечириш вақтида хонадонда 85 дона қўлбола қозон ва уларни тайёрлашда фойдаланиладиган 27 дона темир қолиплар, салкам 190 кг алюмин парчалари, шунингдек яширин цеҳда қўлланилаётган бошқа асбоб-ускуналар борлиги аниқланди.

● Фарғона каналининг қўшни давлатга туташ қисмини резина камералар кўмагида кечиб ўтаётган қонунбузарлар эса наманганлик божхоначилар кузатувига тушиб қолганини сезиб, дарҳол қўшни давлат ҳудуди томон жуфтакни ростлаб қолишди. Улар ташлаб қочишга мажбур бўлган синтетик қоплар ўрнатилган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилганда, қонунбузарлар 180 кг дан ортиқ мис ва жезга оид рангли металл парчаларини ноқонуний равишда юртимиздан олиб чиқишга уринганлиги аён бўлди.

● Тошкент шаҳар божхона хизмати ходимлари “Чуқурсой” темир йўл станциясида республикамиз ҳудуди орқали қўшни давлатга йўл олган юк поезди вагонларидан бирини божхона назоратидан ўтказишганда, унга ортилган оғирлиги салкам ярим тонна мис ва жез каби рангли металл парчаларининг ноқонуний равишда

_____________________________________________________________________________________________

Ҳужжат тили билан. Соҳани мамлакатимизда қабул қилинган бир қатор қонун ҳужжатлари тартибга солади. Хусусан, Президентимизнинг 5.02.1999 йилдаги “Рангли металлар парчалари ва чиқиндилари экспортини тартибга солиш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, ушбу товарларни Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқиб кетиш тақиқланади. Шунингдек, худди шу санада қабул қилинган ҳукуматнинг “Қора ва рангли металлар парчалари ва чиқиндиларини тайёрлаш, сақлаш, эҳтиётлаш ва топшириш тартиби тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган тартибларга мувофиқ, республикамиз ҳудудида қора металл парчалари бўйича “Ўзметкомбинат” АИЧБнинг “Иккиламчиқораметалл” корхоналар хўжалик ҳисобидаги бошқармаси, рангли металл парчалари бўйича эса “Тошкент рангли металлар парчалари, чиқиндиларини қайта ишлаш заводи” ОАЖ ваколатли тайёрловчилар ҳисобланадилар. Бу эса металл парчаларининг ҳаммаси мазкур тайёрловчиларга топширилиши мажбурий эканлигини англатади.

______________________________________________________________________________________________

олиб ўтилаётганлигини фош этишди. Қиймати 2 млн сўмдан ортиқ бўлган бу “рангли бойлик”лар учун юк эгаси – қўшни давлат фуқароси С.Аширбеков ҳеч қандай ҳужжат тақдим эта олмади.

● Сурхондарёлик божхоначилар томонидан ўтказилган ҳамкорликдаги тадбир давомида Бойсун туманида ҳаракатланаётган Н.Шайманов бошқарувидаги “Isuzu” юк автомашинаси тўхтатилиб кўздан кечилганда, унинг юкхонасида 1,6 тоннадан ортиқ рангли металл парчалари ноқонуний равишда олиб кети­лаётганлиги аниқланди.

Шунингдек, вилоят божхоначилари Янгиқўрғон туманининг қўшни давлатга туташ ҳудудида ҳаракатланаётган “Зил” автомашинасини тўхтатиб текширишганда, унда Р.Саттаров томонидан қиймати 5 млн сўмдан ортиқ бўлган мис ва жездан иборат салкам 5,1 тонна рангли металл чиқиндилари қайта сотиш мақсадида ноқонуний равишда қўшни давлатга олиб чиқиб кетилаётганлиги аниқланди.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида божхоначиларнинг бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқлаган 111 та қонунбузарлик ҳолатида қиймати салкам 234 млн сўмлик 104 тоннага яқин қора ва рангли металл чиқиндиларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди.

Прочитано: 2888 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика