Кичик корхонамиз чакана савдо билан шуғулланади. Ўз мини-маркетимиз бор. Унга доир товар обороти 2013 йилнинг иккинчи чораги учун 13 000 000 сўмни ташкил қилди: озиқ-овқат маҳсулотлари, шахсий гигиена воситалари, маиший кимё воситалари ва бошқа товарлар – 8 000 000 сўм; тамаки маҳсулотлари – 3 000 000 сўм; ўсимлик мойи –
2 000 000 сўм. Биз ЯСТ тўловчисимиз. 2013 йилнинг биринчи чорагида мен ЯСТни аралаш савдо бўйича якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкасидан келиб чиқиб – бир ойда энг кам иш ҳақининг 10 бараварини тўлаган бўлардим. Яъни у биринчи чорак учун ЭКИҲнинг 30 бараварини ташкил этарди: (79 590 х 10) х 3 = 2 387 700 сўм. Бироқ 2013 йил апрелда чакана савдо корхоналари учун жорий этилган ЯСТнинг энг кам миқдори иккинчи чоракда ўзгарди. Янги Низомда белгиланишича, қатъий белгиланган солиқни ҳисобга олган ҳолда ЯСТ тўлаш тартиби алкоголли, тамаки маҳсулотлари ва ўсимлик мойини реализация қиладиган корхоналарга татбиқ этилмайди. Улар ЯСТни ер солиғининг 3 баравар суммасини ҳисобга олган ҳолда тўлайдилар (ВМнинг 7.01.2011 йилдаги 6-сон қарори).
2013 йилнинг иккинчи чораги учун ЯСТни қандай қилиб тўғри тўлаш мумкин?
– Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан чакана савдо корхоналари томонидан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг (МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 4.04.2013 йилда 2449-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган) 2-бандига кўра қатъий белгиланган солиқни ҳисобга олган ҳолда ЯСТ тўлаш тартиби ҳисобот чораги якунлари бўйича асосий фаолият тури қонун ҳужжатларига мувофиқ фақат юридик шахс шаклида ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектлари томонидан реализация қилинадиган товарларнинг чакана савдоси бўлган юридик шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди. Бундай товарларга алкоголли ва тамаки маҳсулотлари, ўсимлик мойи, нефть маҳсулотлари, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган ёки ана шундай материалларни қўллаб ясалган буюмлар, аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун дастурлар, янги импорт автомобиллари ва фармацевтика товарлари киради.
Эътибор беринг, кўрсатилган товарларни реализация қилиш асосий фаолият тури бўлиши керак, яъни уларни сотишдан олинган тушум умумий реализация ҳажмида устун бўлиши лозим.
Сизнинг маълумотларингизга қараганда, тамаки маҳсулотлари ва ўсимлик мойини сотишдан олинган тушум устун ҳисобланмайди. Тегишинча, 2013 йилнинг иккинчи чораги учун корхонангиз ЯСТни энг кам миқдорни ҳисобга олган ҳолда, юқорида кўрсатилган Низомга мувофиқ қатъий белгиланган солиқ суммаси тарзида тўлаши керак.