Келиним (1987 йил август ойида туғилган) тўлов-шартнома асосида олий таълим муассасасида ўқийди. Турмуш ўртоғим ҳам шу муассасада ўқитувчи бўлиб ишлайди. Келинимнинг шартнома асосида тўланадиган тўловини турмуш ўртоғим ўзининг ойлик маошидан ўтказган эди. Аммо яқинда солиқ идораси ходими келинимнинг ўқиши учун ўтказилган маблағга қўлланилган имтиёз суммасини унинг кейинги маошидан ушлаб қолишини билдирган.
Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ўқитишнинг тўлов-контракт шакли ва ундан тушган маблағларни тақсимлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг (АВ томонидан 26.02.2012 йилда 2431-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 5-бандида ўқитиш учун контракт тарафлари бўлиб «бир томондан – олий таълим муассасасининг ваколатли шахси, иккинчи томондан – абитуриент ёки талаба ёхуд уларнинг ота-онаси (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар)» ҳисобланишлари кўрсатилган.
Масалага мантиқан ёндашадиган бўлсак, қиз бола турмушга чиқиб, бошқа хонадонга келин бўлиб борганидан кейин, у шу хонадоннинг тенг ҳуқуқли аъзоси ҳисобланади, шу хонадонга рўйхатга қўйилади. Шундай экан, келинлар бундай имтиёздан фойдаланишлари мумкин эмасми?
Ш.Атаджанов.
Урганч шаҳри.
– Маълумки, Солиқ кодексининг 179-моддаси 31-банди билан фуқароларнинг солиқ солинадиган иш ҳақи ва бошқа даромадлари суммаси Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида таълим олиш учун (ўзининг ўқиши ёки 26 ёшга тўлмаган фарзандларининг ўқиши учун) йўналтириладиган суммалар солиқ солишдан озод қилинган. Бу ерда шунга эътибор бериш керакки, юқорида келтирилган 2431-сон Низомда фақат Олий таълим муассасаларида ўқитиш учун контракт расмийлаштирилиши мумкин бўлган тарафлар келтирилган.
Сизнинг саволингизга аниқ жавоб бериш учун фарзанд деганда кимлар тушунилишини кўриб чиқсак. Бола ота-онанинг фарзанди бўлиши учун у белгиланган тартибда ҳужжатларда расмийлаштирилиши керак, яъни туғилганлик ҳақидаги гувоҳноманинг ота-онаси кўрсатиладиган жойида айнан сизнинг исм-шарифингиз бўлиши керак.
Маълумки, келин қайнона ва қайнотанинг фарзанди эмас, шунинг учун юқорида келтирилган имтиёз сизнинг ҳолатингизда қўлланилмайди.