Norma.uz
СБХ / 2013 йил / № 22 / Почта қутиси

Божхонадан ўтказиш учун ким жавоб беради?

Компаниямиз ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланмайди. Биз ички бозор учун товарлар ишлаб чиқарамиз. Бироқ ишлаб чиқаришимизни модернизациялаш учун давлат бераётган имтиёзлардан фойдаланишга ва бир неча турдаги технологик жиҳозларни четдан олиб келишга қарор қилдик. Уларни божхонадан ўтказишни ихтисослашган фирмага топширмоқчимиз. Бирорта нуфузли, яхши ном қозонган фирмани тавсия этишингизни хоҳлардик. Бундай фирманинг мижоз олдидаги мажбуриятлари аниқ рўйхати билан ҳам танишмоқчимиз. У билан тузилган шартномага риоя этилмаган тақдирда уни жавобгарликка тортиш чоралари қонунчиликда назарда тутилганми?
А.Беленький,

МЧЖ директорининг ўринбосари.

– Сизнинг воситачи – божхона брокерига мурожаат қилиш тўғрисидаги қарорингиз, шубҳасиз, тўғри, зеро божхона расмийлаштируви – осон иш эмас. У анча сермеҳнат ва мураккаб жараён бўлиб, Ҳукумат, ДБҚ,
ТИАИСВ, Марказий банк, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ЎзААА, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Маданият ва спорт вазирлиги ҳамда бошқа органлар чиқарадиган кўп миқдордаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади.

БОЖХОНА БРОКЕРИ ТЎҒРИСИДА
Бироқ сизга воситачини тавсия эта олмаймиз. Бундай хизматлардан фойдаланган ҳамкасбларингизга мурожаат қилишни тавсия этамиз. Божхона брокери қандай бўлиши кераклиги ва унинг вазифалари тўғрисида маълумот беришга эса уриниб кўрамиз.
Божхона брокери ўзини вакил қилган шахс ҳисобидан ва унинг топшириғига биноан божхона расмийлаштируви бўйича операцияларни ўз номидан ўтказувчи ҳамда божхона иши соҳасида бошқа воситачилик вазифаларини бажарувчи Ўзбекистон Республикасининг юридик шахсидир (Божхона кодексининг (БК) 101-моддаси). Унинг ҳуқуқлари ва вазифалари Божхона брокери тўғрисидаги низом (ДБҚнинг АВ томонидан 15.09.2003 йилда 1271-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган, бундан кейин – Низом) билан тартибга солинган.
Брокерлик фирмалари чегара орқали олиб ўтиладиган юкларни ҳақ эвазига ўз номидан расмийлаштиради. Яъни божхона назоратидан ўтаётганда брокер, худди унинг ўзи товарларни чегара орқали олиб ўтаётгандек, барча мажбуриятларни бажаради ва жавобгар бўлади. Шу боис, одатда, у мижознинг барча хоҳишларини қулоқ қоқмай бажаравермайди. Мисол учун, агар у шартномага божхона қонунчилигига зид келадиган шартларни киритишни хоҳласа, брокер уларни бажара олмайди, зеро буюртмачининг бундай «хоҳиши» воситачига жуда қимматга тушиши мумкин. БКнинг 171-моддасига кўра божхона брокери сифатидаги фаолият шартларини бузиш – ЭКИҲнинг 100 бараваридан 250 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Божхона брокери товарлар ва транспортнинг ўз номидан, тақдим этаётган шахснинг ҳисобидан ва топшириғига кўра божхона расмийлаштируви чоғида:
товарлар ва транспорт воситаларини декларациялашга ва божхона органига божхона декларациясини топширишга;
божхона органига божхона расмийлаштируви учун зарур бўлган ҳужжатлар ва қўшимча маълумотларни тақдим этишга;
божхона органининг талабига биноан декларацияланаётган товарлар ва транспорт воситаларини кўрсатишга;
декларацияланаётган товарлар ва транспорт учун божхона қонунчилигида назарда тутилган божхона ва бошқа тўловларни тўлашга;
божхона органларига божхона расмийлаштирувини амалга оширишда ёрдам беришга мажбурдир.
Божхона вакилингиз, керак бўлганда қўшимча, шу жумладан тижорат ёки банк сирини, шунингдек сир сақланадиган бошқа ахборотларни ўз ичига олган ҳужжатларни ҳам талаб қилишига тайёр бўлишингиз керак. Бироқ у олган ахборотдан фақат божхона мақсадларида фойдаланиши мумкин. Тижорат, банк сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил қиладиган маълумотлар, шунингдек тақдим этаётган шахснинг сир сақланадиган ахбороти ошкор қилинмаслиги, божхона брокери ва унинг ходимлари томонидан ўз мақсадларида фойдаланилмаслиги, учинчи шахсларга, шунингдек давлат органларига (бундан божхона органлари мустасно) берилмаслиги керак, ЎзР қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Бунинг устига брокер шартнома тузиш чоғида мажбуриятларингиз фуқаролик қонунчилигига мувофиқ таъминланишини талаб қилишга ҳақлидир. Бироқ божхонада компаниянгиз вакили бўлганда компаниянинг кафили бўлиши, шунингдек сизга зарар етказган божхоначиларнинг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан шикоят қилиши мумкин.

ШАРТНОМА ТЎҒРИСИДА
Божхона брокерининг мижоз билан ўзаро муносабатлари ёзма шартнома асосида қурилади (Низомнинг II бўлими). Агар сиз уни расмийлаштирмасангиз, божхонадаги барча ҳаракатлар юридик кучга эга бўлмай, пулни беҳуда сарфлаган бўласиз. Одатда божхона брокерида шартноманинг намунавий нусхаси бўлади. У билан танишганда ҳамкорлик таомили, жавобгарликнинг ўтиш пайти, тақдим этилаётган хизматлар ҳажми, уларнинг қиймати ва энг аввало хизматларни бажарилган деб эътироф этиш, улар ҳақини тўлаш усулига эътибор қаратинг. Брокернинг айби билан ҳужжатлар йўқолган ва товарлар шикастланган тақдирда санкцияларни назарда тутиш ҳам ўринлидир.
Божхона брокерида тақдим этилаётган шахснинг ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги ҳуқуққа зидлиги, Божхона кодекси ёки Жиноят кодексида назарда тутилган жавобгарликка олиб келиши хусусида гумон қилишга етарли асослар юзага келса, шартномани бекор қилиш тўғрисидаги қоидани шартномада назарда тутиши мумкин. Агар шартнома божхона декларациясини олиб қўйиш ҳуқуқи тугагунча бекор қилинса, брокер божхона қонунчилигини бузганлик учун жавобгар бўлмайди. У шартнома бекор қилинганидан кейин дарҳол божхона органини бу ҳақда хабардор қилиши керак. Агар шартнома кўрсатилган пайт бошлангандан кейин бекор қилинса, у брокерни божхона қонунчилигини бузганлик учун жавобгарликдан озод қилмайди.

ЖАВОБГАРЛИК ТЎҒРИСИДА
Брокер божхона органлари олдида ҳам, мижозлар олдида ҳам жавобгар бўлганлиги боис, биринчи навбатда унинг ўзи ишининг сифатидан манфаатдор бўлади. Чунончи, агар унинг божхона расмийлаштируви бўйича мутахассиси ҳужжатларда хатога йўл қўйса, брокерга МКнинг 164-моддаси бўйича жарима солинади – яъни нотўғри маълумотларни кўрсатиш, бу маълумотлар божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтиш, уларни талаб этилаётган божхона режимига жойлаштириш тўғрисида божхона органи томонидан қарор қабул қилинишига таъсир этмаса, – ЭКИҲнинг 15 бараваридан 20 бараваригача миқдорда, нотўғри декларациялаш учун – товарларни мусодара қилган ҳолда товарлар қийматининг 50%идан 100%игача жарима солишга сабаб бўлади. Бундан ташқари, мижоз ҳам зарарни компенсациялашни талаб қилиши мумкин. Низомда божхона брокерининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш назарда тутилганлиги бежиз эмас.
Бироқ воситачи жавоб бермайдиган жиҳатлар бор. Масалан, технологик жиҳозингиз бирор сабабга кўра божхона постига ўз вақтида етказиб келинмаса, брокердан тушунтириш талаб қилиш бефойда, чунки етказиб бериш учун ташувчи жавоб беради (БКнинг 61-моддаси).

БОЖХОНА НАЗОРАТИ ТЎҒРИСИДА
Божхона органлари одатда ўз хизмат вазифаларини бажариш жараёнида божхона брокерининг фаолиятини назорат қиладилар (Низомнинг IV бўлими). Бунда улар брокер ва унинг ходимларининг қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги, тақдим этилаётган ёки бошқа шахсга етказилган зарар учун жавоб бермайдилар, бинобарин, шу боис юзага келган бирор-бир бошқа харажатларни қопламайдилар. Божхона брокери билан тақдим этилаётган шахс ўртасидаги низолар Ўзбекистон Республикасининг божхона қонунчилигига мувофиқ ҳал этилади.

Прочитано: 2508 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика