1. Бизнинг МЧЖнинг (ХХТУТ бўйича коди – 71211) асосий фаолияти (жами тушумнинг 80 фоизидан ортиғи) чакана савдо ҳисобланиб, 2008-2011 йиллар давомида чакана савдо, 2011 йилдан бошлаб эса қўшимча равишда қандолат маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулландик. Биз фаолиятимизнинг ишлаб чиқариш қисмидан қандай солиқлар тўлаймиз?
2. Жамиятимиз 2008 йилда Урганч шаҳар ҳокимлигидан улгуржи савдони амалга ошириш учун чекланмаган муддатга рухсатнома (лицензия) олган. Шаҳар ҳокимлиги ёки бошқа органлар ушбу рухсатномани бизнинг розилигимизсиз бекор қилиши мумкинми?
А.Сабиров,
«Воҳа кимё сервис» МЧЖ таъсисчиси.
– 1. Маълумки, Солиқ кодексининг (СК) 350-моддасига асосан ходимлар сонидан қатъи назар, савдо корхоналари ягона солиқ тўлови тўловчилари ҳисобланади. Турли солиқ солиш объектлари ва ягона солиқ тўлови ставкалари белгиланган бир неча фаолият турлари билан шуғулланадиган ягона солиқ тўловини тўловчилар шу фаолият турлари бўйича алоҳида-алоҳида ҳисоб юритишлари ҳамда солиқ тўловчиларнинг тегишли тоифалари учун белгиланган ставкалар бўйича ягона солиқ тўловини тўлашлари керак (СКнинг 353-моддаси). СКнинг 132-моддасида кўрсатилган бошқа даромадларга асосий (соҳа) фаолият тури учун белгиланган ягона солиқ тўлови ставкалари бўйича солиқ солиниши ҳам белгиланган.
Бунда яна шунга эътибор бериш керакки, қандолат маҳсулотларини ишлаб чиқариш фаолияти Ўзбекистон Республикаси халқ хўжалиги тармоқларининг умумдавлат таснифлагичи бўйича озиқ-овқат саноати туркумига киради ва саноат соҳаси ҳисобланади.
Саволингизга юқоридагилардан келиб чиқиб жавоб берадиган бўлсак, асосий фаолият турингиз чакана савдо бўлгани учун сиз солиқ солиш режимини танлаш ҳуқуқисиз солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибида чакана савдо фаолиятидан ялпи тушумга нисбатан 4 фоиз миқдорида ҳамда қандолат маҳсулотларини ишлаб чиқариш фаолиятидан 5 фоизли ставкада ягона солиқ тўловини тўлашингиз керак бўлади.
2. Маълумки, улгуржи савдо фаолияти лицензиясининг амал қилишини тўхтатиш ёки лицензияни бекор қилиш «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Қонунга (кейинги ўринларда – Қонун) мувофиқ амалга оширилади. Хусусан, қуйидаги ҳоллар лицензиянинг амал қилишини тугатиш учун асос бўлади:
1) лицензиат лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилганда;
2) юридик шахс тугатилганда – тугатилган пайтдан эътиборан ёки унинг фаолияти қайта ташкил этиш натижасида тугатилганда – қайта ташкил этилган пайтдан эътиборан, унинг ўзгартирилиши бундан мустасно;
3) лицензиат лицензия шартномасида назарда тутилган лицензия талабларини ва шартларини мунтазам равишда ёки бир маротаба қўпол равишда бузганда;
4) лицензиат лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришига олиб келган ҳолатларни лицензияловчи орган ёки суд белгилаган муддатда бартараф этмаганда;
5) лицензияловчи органнинг лицензия бериш тўғрисидаги қарорининг қонунга хилофлиги аниқланганда;
6) лицензиянинг амал қилиш муддати тугаганда.
Лицензиянинг амал қилиши юқорида келтирилган 1, 2, 6-ҳоллар бўйича тугатилса, у лицензияловчи орган қарорига биноан амалга оширилади.
Бошқа ҳолларда эса лицензиянинг амал қилишини тугатиш суд тартибида амалга оширилади.
Лицензияловчи органнинг лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарори лицензиатга ёзма шаклда, қарор қабул қилинган кундан эътиборан 3 кундан кечиктирмай етказилади. Лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги суд қарори лицензиатга ва лицензияловчи органга қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда етказилади. Лицензиат лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарорни олган кундан эътиборан 10 кун ичида лицензия лицензияловчи органга қайтарилиши ва йўқ қилиниши керак.
Лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги маълумот оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши лозим.
Тугатиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган санадан эътиборан лицензиянинг амал қилиши тугатилади.
Лицензияловчи органнинг лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарори устидан судга шикоят қилиш мумкин. Суд лицензиянинг амал қилишини тугатишни асоссиз деб топган тақдирда, лицензияловчи орган лицензиат олдида унга етказилган зарар миқдорида жавобгар бўлади (Қонуннинг 23-моддаси).
Қуйидаги ҳоллар лицензияни бекор қилиш учун асос бўлади:
– агар лицензиат унга лицензия бериш тўғрисидаги қарор қабул қилингани ҳақидаги хабарнома юборилган (топширилган) пайтдан эътиборан 3 ой ичида лицензияловчи органга лицензия берганлик учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмаган ёки лицензия шартномасини имзоламаган бўлса, лицензияловчи орган мазкур лицензияни бекор қилишга ҳақлилиги назарда тутилган ҳолда;.
– лицензиат лицензияни бекор қилиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилганда;
– лицензия сохта ҳужжатлардан фойдаланилган ҳолда олинганлиги факти аниқланганда.
Лицензияловчи органнинг лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги қарори лицензиатга ёзма шаклда, қарор қабул қилинган кундан эътиборан 3 кундан кечиктирмай етказилади. Лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги суд қарори лицензиатга ва лицензияловчи органга қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда етказилади. Лицензиат лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги қарорни олган кундан эътиборан 10 кун ичида лицензия лицензияловчи органга қайтарилиши ва йўқ қилиниши керак.
Лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги маълумот оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши даркор.
Лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, лицензия у берилган санадан эътиборан бекор қилинган деб ҳисобланади.
Лицензияловчи органнинг лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги қарори устидан судга шикоят қилиниши мумкин. Суд лицензиянинг бекор қилинишини асоссиз деб топган тақдирда, лицензияловчи орган лицензиат олдида унга етказилган зарар миқдорида жавобгар бўлади.
Шулардан келиб чиқиб саволингизга жавоб берадиган бўлсак, юқорида келтирилган ҳолатларда ҳамда усулларда лицензиянинг амал қилишини тугатиш ёки бекор қилиш мумкин.
Бошқа ҳолларда сизнинг лицензиянгиз тугатилган ёки бекор қилинган ҳисобланмайди ва сиз фаолиятингизни давом эттиришингиз мумкин бўлади.
Жавобларни экспертимиз Умидбек САФАРОВ тайёрлади.