Бизнинг қурилиш ташкилотимиз (ХХТУТ бўйича коди – 61110) 2012 йил бошидан фаолият кўрсатмасдан келди. Туман давлат солиқ хизмати органи ходимлари бизга ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам меъёрларини ҳисобга олган ҳолда маълумотнома-ҳисоб-китоб топшириш мажбуриятини белгилаб, унга кўра қўшимча ҳисобланган суммани тўлаш талабини қўйишди.
Биз 2012 йил учун ягона ижтимоий тўловни қандай амалга оширишимиз лозимлигини тушунтириб берсангиз?
Абдужалил Ўрозов, корхона раҳбари.
Андижон вилояти.
– Маълумки, қурилиш ташкилотлари учун 2011 йил 1 январдан бошлаб ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам меъёрлари, шунингдек жорий этилган меъёрларни ҳисобга олган ҳолда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби жорий этилган.
Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни қўшимча ҳисоблаш тартиби Ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам меъёрлари жорий этилишини ҳисобга олган ҳолда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисида низом (ДСҚ ва МВнинг АВ томонидан 23.02.2011 йилда 2200-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган, бундан кейин 2200-сон Низом) билан тартибга солинади.
2200-сон Низомнинг 3-бандига кўра, қўшимча ҳисоблаш мақсадида қурилиш ташкилотларига ҳисобот чораги якунлари бўйича асосий фаолият тури қурилиш ишларини бажариш бўлган юридик шахслар киритилади.
Модомики, сиз 2012 йил давомида қурилиш фаолиятини амалга оширмаган экансиз, йил якунлари бўйича ушбу фаолият тури сизнинг асосий фаолият турингиз ҳисобланмайди ва қўшимча ҳисоблаш тартиби сизга татбиқ этилмайди.
Бироқ агар ҳисобот чораги якунлари бўйича ташкилотнинг асосий фаолият тури чакана савдо, умумий овқатланиш ёки қурилиш бўлмаса, у ҳолда ташкилот ҳисобот чораги учун ягона ижтимоий тўловни Ягона ижтимоий тўловнинг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона ижтимоий тўловни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомда (АВ томонидан 13.04.2010 йилда 2095-сон билан рўйхатдан ўтказилган, 2095-сон Низом) белгиланган тартибда ҳисоблаб чиқаради ва тўлайди (2200-сон Низомнинг 7-банди). Шундан келиб чиқиб, сизнинг корхонангизга 2095-сон Низомга мувофиқ энг кам миқдорни ҳисобга олган ҳолда ЯИТни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби татбиқ этилиши лозим бўлади.
Шу тариқа, сиз 2012 йил амалда бўлган ЯИТ ҳисоб-китоби билан биргаликда ЯИТ ва фуқароларнинг суғурта бадаллари ҳамда бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий ажратмалар бўйича солиқ ҳисоботи шаклларига 2-иловага биноан шаклда ЯИТ энг кам миқдорининг маълумотнома-ҳисоб-китобини тақдим этишингиз керак.
Жавобларни экспертимиз Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ тайёрлади.