МЧЖ (ЯСТ тўловчи) янги фаолият турини ўзлаштириши муносабати билан фаолияти кўчма тусда бўлган ходимларни ишга қабул қилди. Корхона раҳбарияти қўшимча ҳақ тўлаш ёки йўл карточкалари бериш масаласини ҳал қиляпти. Шу боис саволлар юзага келди.
Кўчма тусдаги иш учун тўловлар миқдорининг энг кам ёки энг кўп чеклови белгиланганми?
Уларни қандай қилиб ҳужжат билан расмийлаштириш ва солиқларда ҳисобга олиш лозим?
МЧЖ раҳбари ва бош бухгалтери.
– Кўчиб юриш тусидаги иш учун устамаларни тўлаш тартиби Фаолият тури ва мулкчилик шаклидан қатъи назар корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларда ишларнинг сайёр ва кўчма тусдалиги билан боғлиқ устамалар тўлаш тўғрисида низом (Меҳнат вазирлигининг 17.11.1992 йилдаги 11/30-сон қарорига илова, бундан кейин – Низом) билан белгиланади. Унда ходимларнинг кўчма тусдаги иши учун устама белгиланадиган қуйидаги тоифалари қайд этилган:
корхона жойлашган жойдан анча узоқ масофада жойлашган объектларда ишларни бажарувчилар, ишдан ташқари вақтда корхона (йиғиш пункти) жойлашган жойдан объектдаги иш жойига бориши ва қайтиши муносабати билан;
доимий иши йўлда ўтадиган ёки ишлари кўчма тусда бўлганлар.
Устама тўлаш меъёрлари ишларнинг тусига боғлиқ ҳолда белгиланган:
ишларни йўлда бажариш билан боғлиқ кўчиб юришларда – ойлик тариф ставкаси ёки сутка учун мансаб лавозимининг 1,5%и, йўловчи поездлари, почта-юк поездлари, йўловчи поездларидаги вагон-ресторанлар (кафе-буфетлар) ва почта вагонларига хизмат кўрсатувчи ходимларга – 3%и;
ходимларга, агар улар бир ойда 12 кун ва ундан кўп вақт кўчиб юришса – ойлик маош (тариф ставкаси)нинг 20%и, агар бир ойда 12 кундан кам вақт кўчиб юришса – сутка учун ойлик мансаб маоши (тариф ставкаси)нинг 1,5%и;
бир кунда ишдан ташқари вақтда корхона (унинг бўлинмаси) ёки йиғиш пункти жойлашган жойдан иш жойига бориш ва қайтишга камида 3 соат сарфланса, устама ойлик тариф ставкаси (маоши)нинг 20%ига қадар, камида 2 соат бўлса – ойлик тариф ставкаси (маоши)нинг 5%ига қадар миқдорда белгиланади. Устаманинг аниқ миқдори жамоа (меҳнат) шартномаси билан белгиланади;
ҳар бир сутка учун 1,5 ва 3% миқдоридаги устама ходим ишлайдиган корхона жойлашган жойга йўлга чиқиш пайтидан қайтиш пайтигача тўланади. Бунда ходим поездда ўтказган (хизмат кўрсатувчи шаҳар атрофида қатновчи поездлар бундан мустасно), 12 соатдан кўпни ташкил қиладиган, бироқ 24 соатдан кам бўлган вақт бир сутка сифатида ҳисобга олинади.
Устама иш жойига бориш ва қайтиш кунларининг ҳақиқатдаги миқдорига мутаносиб равишда тўланади. Бироқ бунда унинг ойлик миқдори барча ҳолларда энг кам иш ҳақи миқдоридан (бугунги кунда – 79 590 сўм) ошмаслиги керак.
Низом билан белгиланган меъёрлар доирасидаги устама суммаси иш берувчининг харажати ҳисобланади ва ходимнинг даромади деб эътироф этилмайди (СК 171-моддаси иккинчи қисмининг 8-банди). Тегишинча, меъёрлар доирасидаги тўловлар ходимлардан (ЖШДС ва суғурта бадаллари) ва ташкилотингиздан (ЯИТ) олинадиган солиқларга таъсир кўрсатмайди.
Раҳбарнинг қарорига кўра корхона белгиланган меъёрлардан ортиқча ҳажмларда ҳам устамалар тўлашга ҳақлидир, бироқ
меъёрдан ортиқча суммадан ЖШДС ва суғурта бадаллари ушланиши, шунингдек ЯИТ ҳисоблаб ёзилиши керак, чунки ушбу сумма ходимнинг меҳнат ҳақи тарзидаги даромади деб эътироф этилади (СК 174-моддасининг 5-банди).
Кўчма тусдаги ишлар учун устамаларни тўлашни қуйидаги тарзда расмийлаштириш керак. Кадрлар бўлими (бу хил масалалар билан шуғулланувчи бошқа тузилма) мутахассиси, устама миқдорини (лавозим маоши ва бошқаларнинг 5, 20%и) кўрсатган ҳолда, иши кўчма тусда бўлган ходимларнинг касблари, лавозимлари ва тоифалари рўйхатини тузади ва раҳбарият кўриб чиқиши учун тақдим этади. Зарурат бўлганда унга тузатишлар киритилади, шундан сўнг рўйхат раҳбарнинг алоҳида буйруғи билан тасдиқланади.
Кўчма тусдаги ишлар учун устама ўрнига ходимларга шаҳар йўловчи транспортида хизмат қатновлари учун йўл карточкаси бериш варианти ҳам солиқ мажбуриятларини (ЯИТ, ЖШДС ва суғурта бадаллари) кўпайтирмайди. Ушбу карточкаларни харид қилиш харажатлари, агар ушбу харажатлар асосланган ва ҳужжат билан тасдиқланган бўлса, СК 171-моддаси иккинчи қисмининг 4-бандига мувофиқ ходимларнинг даромади деб эътироф этилмайди. Ишлари хизмат қатновлари билан боғлиқ ходимларга раҳбарнинг тасдиқланган буйруғи билан тузилган қайднома бўйича йўл карточкалари берилади.
Жавобларни «Norma Ekspert» мутахассислари тайёрладилар.