Корхона ўзининг асосий воситаларига эга бўлиб, фаолияти вақтинчалик тўхтатилганлиги туфайли улардан фойдаланмайди. Уларга ушбу даврда амортизация ҳисобламасак бўладими?
Бухгалтер.
– Амортизация ҳисобланмайдиган асосий воситалар объектлари Солиқ кодексининг 144-моддаси, «Асосий воситалар» 5-сон БҲМСнинг1 32 ва 35-бандларида белгиланган. Уларга қуйидагилар киради:
ер участкалари ва табиатдан фойдаланишга доир бошқа объектлар (сув, ер ости бойликлари ва бошқа табиий ресурслар);
маҳсулдор чорва моллари;
кутубхона фонди;
музей қимматликлари (музей ашёлари);
архитектура ва санъат ёдгорликлари;
умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари, йўлаклар, сайилгоҳлар, хиёбонлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тасарруфида бўлган ободонлаштириш иншоотлари;
тўлиқ амортизацияланган асосий воситалар;
асосий воситалар ва номоддий активлар таркибига ўтказилмаган капитал қўйилмалар.
Буткул тўхтатиш шарти билан асосий воситани қуриб битказиш, қўшимча жиҳозлаш, реконструкция қилиш, модернизациялаш, техник қайта қуроллантириш даврида асосий воситалар объекти бўйича амортизация ҳисоблашни тўхтатишга рухсат берилади.
Бундан ташқари, Фойдаланилмаётган асосий воситаларни, қурилиши тугалланмаган объектларни консервация қилиш тартиби тўғрисида низомга2 (бундан кейин – Низом) мувофиқ консервациялашга ўтказилган асосий фондларга амортизация ҳисоблаш тўхтатилади.
Асосий воситаларни консервациялашга ўтказиш зарур ва мақсадга мувофиқ бўлганда корхона мазкур таомилни ўтказа олади. Низомнинг 4-бандига кўра мол-мулк эгаси консервациялашга ўтказиш тўғрисида қарорни қабул қилиши мумкин, юридик шахсга доир бундай қарорларни Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари қабул қиладиган корхоналар жумласига кириши ҳоллари бундан мустасно. Бироқ шуни таъкидлаш лозимки, мол-мулк эгаси фақат асосий фондларни консервацияга ўтказиш таклифини киритади, қарорни эса Низомнинг 6-бандида кўрсатилган ваколатли органлар қабул қилади.
Қолган ҳолларда корхона фаолияти натижаларидан қатъи назар, асосий воситалар амортизациясини ҳисоблаш у дахлдор бўлган ҳисобот давридаги бухгалтерия ҳисобида акс эттирилади (5-сон БҲМСнинг 33-банди).
1Молия вазирининг АВ томонидан 20.01.2004 йилда 1299-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.
2ВМнинг 16.09.2003 йилдаги 401-сон қарори билан тасдиқланган.
Жавобларни «Norma Ekspert» мутахассислари тайёрладилар.