Бизнинг кўп тармоқли ишлаб чиқариш корхонамиз фаолияти доирасига автомобилларга суюлтирилган газ қуйиш, буюртмачи ташкилотнинг биржа орқали сотиб олган суюлтирилган газини махсус сақловчи сиғимларда сақлаб туриш, уларни ташиш ва буюртмачининг транспорт воситаларига тарқатиб бериш хизматлари киради. Шу кунларда солиқ органлари бизнинг суюлтирилган газни пул ўтказиш йўли билан сотишимизни Вазирлар Маҳкамасининг 05.02.2004 йилдаги 57-сон қарорига зид фаолият деб баҳолашлари бизни иккилантириб қўйди. Фаолиятимизда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича ҳисоб-китобларни тўғри ва ўз вақтида амалга ошириб боришимиз мақсадида қуйидаги саволларимизга жавоб беришингизни сўраймиз. 1. Биз суюлтирилган газни сотишга Вазирлар Маҳкамаси томонидан берилган лицензияга эга бўлган ҳолда бу маҳсулотни пул ўтказиш йўли билан сотишимиз мумкинми ёки бундай фаолият 57-сон қарорга асосан тақиқланганми? 2. Маҳсулотни пул ўтказиш йўли билан сотишимиз улгуржи фаолият ҳисобланадими ва бунинг учун лицензия олишимиз керакми? 3. Корхонамизга тегишли газ ёнилғисини сақловчи сиғимларда ва махсус транспорт воситаларида хизмат кўрсатишимиз учун Вазирлар Маҳкамаси томонидан берилган суюлтирилган газни реализация қилиш бўйича махсус лицензиянинг ўзи етарли бўладими ёки бунинг учун ҳам алоҳида лицензия олиш керакми? Ушбу фаолиятдан неча фоиз ставкада ягона солиқ тўловини тўлаймиз? 4. Суюлтирилган газ сотиш корхоналарида ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори қандай аниқланади ёки ер солиғинипг уч баробар суммасини ҳисобга олган ҳолда ягона солиқ тўловининг энг кам миқдорини ҳисоблаб чиқариш суюлтирилган газ сотувчи корхоналарга тегишли бўладими?
Ж.Очилов, «ТРУБИНАЛ» КТИЧ корхонаси директори.
– 1. Ҳақиқатан ҳам суюлтирилган газ Махсус белгиланадиган тартиб бўйича сотиладиган моддий-техника ресурсларининг стратегик турлари рўйхатига (ВМнинг 05.02.2004 йилдаги «Маҳсулотлар, хом ашё ва материалларнинг юқори ликвидли турларини сотишнинг бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш тўғрисида»ги 57-сон қарорига 2-илова, кейинги ўринларда – 57-сон қарор) киритилган бўлиб, истеъмолчилар белгиланадиган нархлар бўйича сотиб олинган маҳсулотдан фақат ишлаб чиқариш мақсадларида фойдаланиши ва улар қайта сотилмаслиги мустаҳкамлаб қўйилган. Шунингдек ушбу маҳсулотнинг (яъни биржа савдоларида сотиб олинган қайта сотилиши тақиқланган ресурсларнинг) истеъмолчилар томонидан қайта сотилиши ҳоллари аниқланган тақдирда бундан олинган даромад «Товарлар (ишлар, хизматлар)га тартибга солинадиган нархлар (тарифлар)ни декларация қилиш (тасдиқлаш) ва белгилаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарорида (ВМнинг 28.10.2010 йилдаги 239-сон қарор) назарда тутилган тартибга мувофиқ бюджетга олиб қўйилади. Шунга эътибор қаратиш лозимки, 57-сон қарорда «истеъмолчилар томонидан сотиб олинган маҳсулот қайта сотилмаслиги» белгиланган. Биринчидан, Автомобилга газ қуйиш шохобчаси суюлтирилган газнинг истеъмолчиси эмас, балки истеъмолчиларга суюлтирилган газни етказиб берувчи ҳисобланади. Шохобча газни ўз истеъмоли учун эмас, истеъмолчиларга етказиб бериш мақсадида харид қилади ва сотади. Бу фаолият «Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхати тўғрисида»ги қарор (Олий Мажлиснинг 12.05.2001 йилдаги 222-II-сон қарори, кейинги ўринларда – 222-II-сон қарор) билан тасдиқланган рўйхатга асосан амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларига киради. Демак, Вазирлар Маҳкамаси томонидан бериладиган тегишли лицензиянинг бўлиши сизга суюлтирилган газни нақд пул ва пул ўтказиш йўли билан сотишга ҳуқуқ беради. Иккинчидан, Вазирлар Маҳкамаси томонидан бериладиган лицензияда АГҚШ орқали суюлтирилган газни сотиш билан шуғулланишга рухсат берилади. Шунга эътибор қаратиш лозимки, лицензияда суюлтирилган газни чакана ёки улгуржи сотиш деб алоҳида ажратилмайди. Демак, суюлтирилган газни нақд пул ёки пул ўтказиш йўли билан сотиш умумий жиҳатдан суюлтирилган газни сотиш ҳисобланади.2. Улгуржи ва чакана савдо фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида низомга (ВМнинг 26.11.2002 йилдаги 407-сон қарори билан тасдиқланган) асосан тижорат мақсадларида ёки ўз ишлаб чиқариш-хўжалик эҳтиёжлари учун фойдаланиш учун ҳисоб-китобларнинг нақдинасиз шаклида харид қилинадиган товарларни сотиш улгуржи савдо ҳисобланади. Бу фаолият ҳам 222-II-сон қарор билан тасдиқланган Рўйхатга асосан амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларига киради. Лекин Улгуржи савдо фаолиятини лицензиялаш тўғрисида низомнинг (ВМнинг 5.11.2005 йилдаги 242-сон қарори билан тасдиқланган) 1-бандида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа лицензиялар асосида товарларнинг айрим турлари билан улгуржи савдо қилувчи юридик шахсларнинг улгуржи савдо фаолиятини амалга ошириш лицензиясини олишлари талаб этилмаслиги белгиланган. Шундан келиб чиқиб, суюлтирилган газни сотиш учун сизга Вазирлар Маҳкамаси томонидан берилган лицензия шу маҳсулотни бошқа корхоналарга пул ўтказиш йўли билан сотишингиз учун улгуржи фаолият билан шуғулланиш лицензиясини олишни тақозо этмайди.3. Корхонангизнинг бошқа корхоналар томонидан биржа орқали харид қилинган суюлтирилган газини ташиш, сақлаш ва тарқатиш бўйича фаолияти 222-II-сон қарор билан тасдиқланган Рўйхат доирасига кирганлиги сабабли бунинг учун лицензия олишингиз зарур бўлади. Бу масала юзасидан лицензиялаш бўйича ваколатли орган – Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги вилоят бўлимига мурожаат қилинг. Мазкур фаолиятдан 2013 йилда 6 фоизли ставкада ягона солиқ тўлови тўлашингиз керак бўлади (Президентнинг 25.12.2012 йилдаги ПҚ-1887-сон қарорига 9.1-иловага асосан).4. Суюлтирилган газ сотишда ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомга (АВ томонидан 3.03.2011 йилда 2203-сон билан руйхатдан ўтказилган) асосан ҳисобланади.