Сил касаллигининг олдини олиш ва даволашга оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш мақсадида 30.04.2013 йилдаги ЎРҚ–352-сон Қонун билан Ўзбекистоннинг бир қатор ҳуқуқий ҳужжатларига киритилган айрим қўшимча ва ўзгартиришлар Вазирлар Маҳкамасининг «2011–2015 йилларда Ўзбекистон Республикасида сил касаллиги билан касалланишни камайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорини (5.03.2011 йилдаги 62-сон) ижро этиш мақсадида ишлаб чиқилган эди.
Чунончи, Қонун билан илгари Фуқаролик процессуал кодексида назарда тутилган, суднинг ҳал қилув қарори зудлик билан ижро этилиши керак бўлган ҳолларга сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган шахсни сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш ёки даволаш муддатини узайтириш қўшилган.
Сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган шахсни сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш ёки даволаш муддатини узайтириш тўғрисида аризани судга ушбу шахс диспансер ҳисобида бўлган ёки унда даволанаётган, ёхуд яшаш (турган) жойидаги сил касаллигига қарши кураш муассасаси беради. У тиббий кўрикдан ва (ёки) даволанишдан бош тортаётган беморни ётқизиш зарурлиги тўғрисида ушбу муассасанинг тиббий комиссияси хулосаси қабул қилинган кундан бошлаб бир суткадан кечиктирмай тақдим этилади. Унда даволаш муддати кўрсатилади.
Сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган шахсни сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш ёки даволаш муддатини узайтириш тўғрисидаги ишни суд ариза тақдим этилган кундан бошлаб 3 кунлик муддатда алоҳида тартибда ушбу шахс диспансер ҳисобида бўлган ёки унда даволанаётган сил касаллигига қарши кураш муассасаси тиббий комиссияси аъзоси, бемор вакили ва прокурор иштирокида кўриб чиқади. Бемор соғлиғи бунга имкон берса, суд мажлисига чақирилиши мумкин.
Суднинг аризани қаноатлантириш тўғрисидаги ҳал қилув қарори сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган шахсни сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш ёки даволаш муддатини узайтириш учун асос бўлади.
«Аҳолини сил касаллигидан муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонунга (11.05.2001 йилдаги 215–II-сон) киритилган қўшимчаларга мувофиқ сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган, сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимида ғайриихтиёрий тартибда даволанаётган шахслар бирор-бир чекловларсиз:
хатлар ёзиш ва олишга;
посилкалар, бандероллар ва пул жўнатмалари олишга;
телефондан фойдаланишга;
энг зарур нарсаларга эга бўлиш ва уларни олишга;
ўз кийим-бошидан фойдаланишга ҳақли.
Бундан ташқари, Қонун Фуқаролик процессуал кодекси қоидаларига ўхшаш даволашга ётқизиш таомили белгиланган моддалар билан тўлдирилган.
Сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган шахснинг сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимида ғайриихтиёрий тартибда даволанишда бўлишининг давомийлик муддати 6 ойгача этиб белгиланади. Мазкур муддат ушбу муассаса тиббий комиссиясининг хулосаси асосида суд томонидан яна 6 ойгача узайтирилиши мумкин.
Ушбу шахс мазкур муассасадан қуйидагилар асосида чиқарилиши керак:
ўзидан сил микобактериялари ажралиб чиқиши барқарор равишда тугаган тақдирда сил касаллигига қарши кураш муассасаси тиббий комиссиясининг хулосаси;
суднинг сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган шахсни сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш муддатини узайтиришни рад этиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори.
Сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган, сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимида ғайриихтиёрий тартибда даволанишда бўлган шахс мазкур муассасадан чиқарилганидан кейин яшаш жойида диспансер кузатувида бўлиш ва даволанишни давом эттириш учун юборилади.
Суднинг сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган шахсни сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш тўғрисидаги ҳал қилув қарорини ижро этиш ички ишлар органлари томонидан амалга оширилади.
Елена ЕРМОХИНА, эксперт-юристимиз.