Ягона солиқ тўлови тўловчиси ҳисобланган корхонамизнинг таъсисчиларидан бири бошқа ҳудудда жойлашган нотурар жойни бизнинг устав жамғармага улуш сифатида киритди. Уни кўчмас мулк давлат кадастри хизмати томонидан корхонамиз номига қайта рўйхатдан ўтказдик ва ўз балансимизга қабул қилдик. Биз мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашимиз керакми ёки йўқми?
Бахтиёр Муллажонов, МЧЖ бош бухгалтери.
Тошкент шаҳри.
– СКнинг 348-моддасига биноан солиқ солишнинг соддалаштирилган тартиби солиқ тўловчиларнинг айрим тоифалари учун қўлланилади ва ягона солиқ тўловини (ЯСТ), ягона ер солиғини ҳамда тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари бўйича қатъий белгиланган солиқни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлашнинг махсус қоидалари қўлланилишини, шунингдек мазкур солиқлар бўйича солиқ ҳисоботи тақдим этилишини назарда тутади. ЯСТ ва ягона ер солиғини тўловчилар ўзларининг фаолият турлари бўйича алоҳида-алоҳида ҳисоб юритишлари ҳамда белгиланган тартибда қатъий белгиланган солиқ тўлашлари шарт. ЯСТ тўловчилар ушбу солиқни умумбелгиланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ўрнига тўлайдилар. Хусусан, солиқ солишнинг соддалаштирилган тартиби назарда тутилган солиқ тўловчилар учун қуйидаги солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлов манбаида ушлаб қолиш ҳамда тўлаш мажбуриятлари сақланиб қолади: – тўлов манбаида ундириладиган фойда солиғи; – Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари томонидан бажариладиган (кўрсатиладиган) ишлар (хизматлар) бўйича қўшилган қиймат солиғи; – божхона тўловлари; – ягона ижтимоий тўлов; – давлат божлари; – товарларнинг айрим турлари билан чакана савдо қилиш ва айрим турдаги хизматлар кўрсатиш ҳуқуқи учун йиғим; – автотранспорт воситаларини олганлик ва (ёки) вақтинчалик олиб кирганлик учун Республика йўл жамғармасига йиғим. Юридик шахслардан ундириладиган мол-мулк солиғи ва ер солиғи умумбелгиланган солиқлар жумласига киради (СКнинг 23-моддаси), тегишинча, ЯСТни тўловчилар уларни тўламасликлари керак. Жавобни экспертимиз Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ тайёрлади.