Norma.uz
СБХ / 2013 йил / № 19 / Амалий бухгалтерия

ИМПОРТ ҚАНЧА ТУРАДИ?

Таҳририятимизга кўпинча газетхонлардан хориждан олиб кирилган товар-моддий қимматликларнинг бухгалтерия ҳисоби билан боғлиқ саволлар келиб тушади. Импорт нархларини шакллантириш хусусиятлари билан Молия вазирлигининг нархни шакллантириш жамлама бошқармаси бошлиқ ўринбосари Ҳамза ТЎХСАНОВ таништиради.

–  Импорт қилинадиган товарларнинг (ишлар, хизматларнинг) нархи шартнома асосида, бундан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар мустасно, жаҳон товарлар бозорида шартнома тузилган санадаги ҳолат бўйича шаклланадиган нархлардан келиб чиқиб белгиланади. Шуни билиш лозимки, «Муҳофаза чоралари, антидемпинг ва компенсация божлари тўғрисида»ги Қонунга1 мувофиқ демпинг нархлар бўйича олиб кириладиган товарларга нисбатан, Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, антидемпинг божлар қўлланиши мумкин.

 

Маълумот учун! Вазирлар Маҳкамасининг 19.05.2005 йилдаги 129-сон қарори билан муҳофаза чоралари, антидемпинг ва компенсация божларини қўлланиш мақсадида текшириш ўтказиш бўйича ваколатли орган этиб ТИАИСВ белгиланган.

 

ИМПОРТ ҚИЛИНГАН АКТИВЛАРНИНГ ХАРИД ҚИЙМАТИ

Чет эл валютасидаги операцияларни бухгалтерия ҳисоби, статистика ва бошқа ҳисоботларда акс эттириш тартиби тўғрисида низомга2 кўра, четдан келтирилган товар-моддий қимматликлар ва бошқа активларнинг (консигнация шартномаси бўйича четдан келтирилган товарлар бундан мустасно) харид қиймати қуйидаги формула бўйича аниқланади:

С = Шқ + Т + Бх.,

 бу ерда:

С – четдан келтирилган товар-моддий қимматликлар ва бошқа активларнинг харид қиймати;

Шқ – божхона юк декларациясини тўлдириш санасидаги Марказий банк курси бўйича ҳисобланган четдан келтирилган товар-моддий қимматликлар ва бошқа активларнинг шартнома қиймати;

Т – божхона тўловлари. ҚҚСни тўловчи корхоналар четдан келтирилган товарларга ҳисобланган ҚҚС суммасини харид қийматига қўшмайди, балки умумий белгиланган тартибда бюджетга тўланиши лозим бўлган ҚҚСни аниқлашда чегириб боради. ҚҚСни тўловчи бўлмаган корхоналар четдан келтирилган товарларга ҳисобланган ҚҚС суммасини харид қийматига қўшади. Ўзининг эҳтиёжлари учун ишлатиладиган асосий воситалар ва номоддий активлар ҳисобда бошланғич қиймати бўйича импорт бўйича ҚҚС суммасини қўшган ҳолда акс эттирилади;

Бх – четдан келтирилган товар-моддий қимматликлар ва бошқа активларни сотиб олиш билан боғлиқ бўлган бошқа харажатлар. Ушбу харажатлар Маҳсулот (иш, хизмат)ларни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатлари таркиби ва молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомнинг3 1.1.12-банди, 4-сон БҲМС «Товар-моддий захиралар»4, 5-сон БҲМС «Асосий воситалар»5, 7-сон БҲМС «Номоддий активлар»га6 мувофиқ шаклланади.

 

ИМПОРТ ҚИЛИНГАН ТМЗ НАРХИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ

4-сон БҲМСга кўра товар-моддий захиралар ташкилотнинг бухгалтерия балансига таннархи бўйича киритилади, у харид қиймати (етказиб берувчига тўланадиган суммалар) ва уларни харид қилиш билан боғлиқ бўлган барча харажатларни ўз ичига олади.

Уларга қуйидагилар киритилади:

а) божхона божлари ва йиғим­лари;

б) товар-моддий захираларни харид қилиш билан боғлиқ бўлган солиқ ва йиғимлар суммалари (агар улар қопланмаса);

в) товар-моддий захиралар улар орқали харид қилинган таъминотчи ва воситачи ташкилотларга тўланадиган воситачилик ҳақи;

г) товар-моддий захираларни сертификатлаш ва уларни товар-моддий захираларни харид қилиш билан боғлиқ бўлган техник шартларга мувофиқ синаш бўйича харажатлар;

д) товар-моддий захираларни тайёрлаш ва уларни жорий жойлашиш ёки фойдаланиш жойига етказиб бериш бўйича транспорт-тайёрлов харажатлари. Улар тайёрлаш, юклаш-тушириш ишлари, товар-моддий захираларни барча турдаги транспорт билан уларни жорий жойлашиш ёки фойдаланиш жойига ташиш учун тарифлар (фрахт)ни тўлаш бўйича харажатлар, шу жумладан товар-моддий захираларни ташишда хатарларни суғурталаш бўйича харажатлардан ташкил топади;

е) товар-моддий захираларни харид қилиш билан бевосита боғлиқ бўлган бошқа харажатлар.

Савдо дисконтлари, чегирмалар ва бошқа шу каби чегирувлар товар-моддий захираларни харид қилиш харажатларини белгилаш чоғида амалга оширилади. Харид қилинган товар-моддий захираларга ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатлар (аккредитив очиш харажатлари, ўтказмалар учун банк комиссияси, товар-моддий захираларни чет эл валютасига харид қилиш чоғида валютани конвертациялаш бўйича комиссия ва бошқа банк хизматлари), товар-моддий захираларни харид қилиш бўйича контрактларни тайёрлаш, рўйхатдан ўтказиш ва ёпиш билан боғлиқ харажатлар ҳамда активларни харид қилиш билан бевосита боғлиқ бўлмаган бошқа харажатлар товар-моддий захираларнинг таннархига киритилмайди, балки улар содир бўлган ҳисобот даврида харажатлар сифатида тан олинади.

Муддатидан олдин тўлаш натижасида ёки катта ҳажмда харид қилиш натижасида ёхуд тарафларнинг келишувида назарда тутилган бошқа шунга ўхшаш сабабларга кўра олинган пул чегирмалари харид қилинган товар-моддий захиралар қийматини камайтирмайди, балки улар содир бўлган ҳисобот даврида молия-хўжалик фаолияти натижаларига киритилади. Агар шартнома шартларида улар учун тўловни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш назарда тутилган бўлса, ушбу товар-моддий захиралар бухгалтерия ҳисобига муддатни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлашсиз реализация қилинадиган қиймат бўйича қўйилади.

 

ИМПОРТ ҚИЛИНГАН АСОСИЙ ВОСИТАЛАР ВА НОМОДДИЙ АКТИВЛАРНИНГ ҚИЙМАТИ

Асосий воситалар (АВ) ва номод­дий активлар (НМА) 5-сон БҲМС ва 7-сон БҲМСга мувофиқ бошланғич қиймат бўйича ҳисобга қабул қили­нади. У қуйидаги харажатлардан ташкил топади:

а) активларни етказиб берувчиларга ҳамда шартнома бўйича қурилиш-монтаж ишларини бажарганлик учун пудратчиларга тўланадиган, шунингдек ҳуқуқларни ҳуқуқ эгасига (сотувчига) бериш (олиш) шартномасига мувофиқ тўланадиган суммалар;

б) АВ ва НМА объектларига доир ҳуқуқни сотиб олиш (бериш, олиш) муносабати билан амалга оширилган рўйхатдан ўтказиш йиғимлари, давлат божлари ва бошқа шунга ўхшаш тўловлар;

в) божхона божлари ва йиғим­лари;

г) АВ ва НМА объектларини сотиб олиш (барпо қилиш) муносабати билан солиқлар ва йиғимлар суммалари (агар улар қопланмаса);

д) АВ ва НМА объектларини сотиб олиш (барпо қилиш) билан боғлиқ ахборий ва маслаҳат хизматлари учун тўланган суммалар;

е) АВ ва НМА объектларини етказиб бериш (барпо қилиш) хатарини суғурталаш бўйича харажатлар;

ж) АВ ва НМА объектини сотган воситачиларга тўланадиган ҳақлар;

з) АВ ва НМА ўрнатиш, монтаж қилиш, созлаш ва ишга туширишга оид харажатлар;

и) активдан мўлжал бўйича фойдаланиш учун уни ишчи ҳолатга келтириш билан бевосита боғлиқ бошқа харажатлар.

Сотиб олинган номоддий активларга ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатлар (аккредитив очиш бўйича харажатлар, ўтказмалар учун банкнинг воситачилик ҳақи, номоддий активларни чет эл валютасига сотиб олиш чоғида валюта конвертацияси бўйича воситачилик ҳақи ва банкнинг бошқа хизматлари), сотиб олиш бўйича контрактларни тайёрлаш, рўйхатдан ўтказиш ва ёпиш билан боғлиқ харажатлар ҳамда активларни сотиб олиш билан бевосита боғлиқ бўлмаган бошқа  харажатлар номоддий активларнинг бошланғич қийматига киритилмайди, балки улар содир бўлган ҳисобот даврида харажатлар сифатида тан олиниши керак.

Агар шартнома шартларида тўловни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш назарда тутилган бўлса, сотиб олинган номоддий активларга ҳақ тўлаш чоғида ҳақиқий харажатлар бухгалтерия ҳисобига дастлаб тан олинган кредиторлик қарзи суммаси бўйича қабул қилинади.

Кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар кўринишидаги харажатлар қарзга олинган капитал ҳисобидан тўлиқ ёки қисман сотиб олинган АВ ва НМАнинг бошланғич қийматига киритилмайди.

 

111.12.2003 йилдаги 554-II-сон.

2МВ, ИВ, ДСҚ, МБ бошқаруви ва Давстатқўмнинг АВ томонидан 17.09.2004 йилда 1411-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

3ВМнинг 5.02.1999 йилдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган.

4Молия вазирининг АВ томонидан 17.07.2006 йилда 1595-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.

5Молия вазирининг АВ томонидан 20.01.2004 йилда 1299-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.

6Молия вазирининг АВ томонидан 27.06.2005 йилда 1485-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.

 

Жавобни махсус мухбиримиз

Гулнора АБДУНАЗАРОВА

ёзиб олди.

Прочитано: 2841 раз(а)

Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика