Ички ўриндошликда таътил қандай ҳисобланади ва тўланади?
С.Қудратов.
– Ўриндошлик бўйича ишлаш, ўриндошларга ҳақ тўлаш ва таътил беришни ташкил этиш тартиби Меҳнат кодекси ва Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида низом1 билан тартибга солинади.
Ўриндошларга, шу жумладан ички ўриндошларга, иш жойи (лавозими) ва ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда йиллик меҳнат таътили ва қўшимча (агар у корхонанинг локал ҳужжатларида назарда тутилган бўлса) таътил берилиши керак. Йиллик асосий, шунингдек қўшимча таътиллар ўриндошларга асосий иш жойи бўйича йиллик меҳнат таътили билан бир вақтда берилади. Агар асосий иш жойидаги ҳақ тўланадиган таътил давомийлиги ўриндошлик бўйича ишдаги ҳақ тўланадиган таътилдан кўпроқ бўлса, ўриндошнинг илтимосига асосан фарқни ташкил этадиган кунларга иш берувчи ҳақ тўланмайдиган таътил бериши шарт.
Таътил пулларининг суммаси ходимнинг ўртача иш ҳақи, таътилнинг қанча давом этиши ва амалда ишланган вақт давридан (агар таътил ўриндошлик бўйича ишнинг биринчи йилида берилса ва 6 ойдан кам вақт ишланган бўлса) келиб чиқиб белгиланади. Ички ўриндошнинг ўртача иш ҳақини ҳисоблаб чиқишда асосий иш жойи бўйича иш учун ва ўриндошлик бўйича иш учун иш ҳақи алоҳида-алоҳида ҳисоблаб чиқилади.
Ўриндошлик бўйича таътил пулини ҳисоблаш учун ўртача ойлик иш ҳақи, асосий иш жойида бўлганидек, Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш тартибига2 мувофиқ улардан суғурта бадаллари ушланган бўлиши шарти билан, биринчи йил ишловчиларга ҳисоблаб чиқариш кунидаги ўриндошлик бўйича иш ҳақидан ортиқча тўланган суммадан келиб чиққан ҳолда уни ўн иккидан бирга (олти ой тўлиқ ишлаганларга олтидан бирга; етти ой тўлиқ ишлаганларга еттидан бирга ва ҳоказо) оширган ҳолда белгиланади.
МИСОЛ. 2012 йил 1 ноябрда бухгалтер кадрлар бўйича инспектор лавозимида ўриндошлик асосида ишлашга меҳнат шартномаси тузди.
2013 йил 1 февралдан асосий иш жойи бўйича унга навбатдаги таътил берилди. Бухгалтерга таътилнинг муддати 18 иш куни, кадрлар бўйича инспекторга эса 15 иш куни қилиб белгиланган. Ходимнинг аризасига кўра ўриндошлик иши бўйича унга иш ҳақи сақланмаган ҳолда қўшимча таътил кунлари берилди.
Ҳисоб-китоб кунида асосий иш жойидаги маош 510 минг сўмни, бундан аввалги 12 ой учун мукофотлар суммаси 2 500 минг сўмни ташкил қилган. Ўриндошлик бўйича иш ҳақи – 200 минг сўм. Бундан ташқари, январда кадрлар бўлимида ҳужжатларни тизимлаштирганлик учун мукофот – 300 минг сўм тўланган.
Ходим таътилда 18 иш куни бўлади (2013 йилнинг 1 февралидан 21 февралигача), ушбу кунларга асосий иш жойи бўйича тўлиқ ҳақ тўланади. Ўриндошлик бўйича таътилнинг муддати кадрлар бўйича инспектор лавозимида ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳисобланади. Ушбу муддат ҳар бир таътилнинг тўлиқ муддатини ўн иккига бўлиш ва тўлиқ ишланган ойлар сонига кўпайтириш йўли билан аниқланади. Ўриндошлик асосида 3 тўлиқ ой (2012 йилнинг ноябри ва декабри, 2013 йилнинг январи) ишланганлиги сабабли ўриндошлик бўйича фақат 4 иш кунига (15 / 12 х 3) ҳақ тўланади. Қўшимча таътилнинг 14 куни ҳақ тўланмасдан берилади.
Ҳар бир лавозим бўйича таътил пуллари алоҳида-алоҳида ҳисобланади.
Асосий иш жойи бўйича таътил пули суммаси 509 055 сўмни (718 333 / 25,4 х 18 иш куни) ташкил қилади, бу ерда 718 333 сўм (510 000 + 2 500 000 / 12) – ўртача ойлик иш ҳақи.
Ўриндошлик бўйича таътил пули суммаси – 47 244 сўм (300 000 / 25,4 х 4 иш куни), бу ерда 300 000 сўм (200 000 + 300 000 / 3) – ўртача ойлик иш ҳақи.
Таътил пулининг умумий суммаси – 556 299 сўм (509 055 + 47 244).
1ВМнинг 18.10.2012 йилдаги 297-сон қарори билан тасдиқланган.
2ВМнинг 11.03.1997 йилдаги 133-сон қарорига 6-илова.
Жавобни «Norma Ekspert» мутахассислари тайёрладилар.